Давлат тест марказининг маълумотларига кўра, 2021/2022-ўқув йилида 948 минг 211 нафар абитуриент олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган. Белгиланган квота бўйича эса уларнинг фақат 157 минг 755 нафаригина ўқишга қабул қилинган. 790 мингдан ортиқ ёшлар муваффақиятсизликка учраган. Уларнинг орасида илк маротаба топширганлардан тортиб, кўп йиллардан бери талабалик орзусига етиша олмаётганлар ҳам бор.

«Дарё» ўқишдан йиқилган бир қатор абитуриентлар билан суҳбатлашди. Улар ОТМга топшириш сабаблари, муваффақиятсизликдан кейинги режалари ва келажакларини қандай тасаввур қилишларини ҳақида сўзлаб берди. 

Иллюстрация: «Дарё» / Дилзода Ҳамиджонова

Санжарбек Бозоров, 24 ёшда. Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманидан. ОТМ имтиҳонларидан уч марта ўтолмаган.

Энди Россияга ишлашга кетмоқчиман

Болалигимдан шифокор бўлишни орзу қиламан. Коллежда ўқиб юрган пайтларимдан бошлаб биология, кимё фанларидан тайёргарлик кўраман.

Ҳар йили уч ой Қозоғистонда ишлаб келиб, кейин репетиторга борардим. Афсуски, икки йил Тошкент давлат тиббиёт институтига топшириб киролмадим. Тиббиёт соҳасига кириш қийин деб ўйлаб, бу йил Термиз давлат университетига топширгандим, яна омадим келмади.

Яқинларим, ота-онамнинг умидини рўёбга чиқаролмадим. Энди уйдагиларим Россияга кет, деяпти. Ўзим ҳам ўқишга топширишдан безор бўлдим. Тўғри, супер-контракт қилиб ўқишим мумкин, лекин бунга шароитимиз йўқ. Чунки синглимни узатдик, акамни уйлантирдик.

Қолаверса, ўзим ҳам IELTS’дан тайёрлангандим. Ҳозирда IELTS’ни ўргатиш бўйича Telegram канал очганман. Савоб учун одамларга дарс беряпман.

Эндиги режам янги йилдан қўшниларим билан Россияга ишлашга кетмоқчиман. Эшитишимча, у ерда ўқишга кириш осон экан. Россияга бориб ҳам ишлаб, ҳам ўқишни режа қиляпман.

Иллюстрация: «Дарё» / Дилзода Ҳамиджонова

Ойниса Жўраева, 34 ёшда. Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидан. ОТМ имтиҳонларидан ўн марта ўтолмаган.

Олий маълумотли бўлмасангиз, сизга ҳеч қаерда иш йўқ

2005 йил мактабни аъло баҳоларга тугатганимдан сўнг, ўша йили Бухоро давлат университетининг миллий истиқлол ғояси ва ҳуқуқ йўналишига топширганман. Имтиҳонда 108 балл тўплаганман. Контрактга киришимга 0,3 балл етмаган. Опам эса ҳеч қандай тайёргарлик кўрмасдан шу университетнинг мактабгача таълим йўналишига топшириб, 72 балл олиб контрактга кирган.

Оилавий шароитимиз яхши бўлмагани учун уйдагиларим опамни ўқитмай, менинг ўқишимни «допконтракт» (қўшимча қабул) қилмоқчи бўлган. Аммо ўша йили қўшимча ўрин очилмаган.

Шундан кейин репетиторга қатнаб, яна тайёргарлик кўрдим. Келаси йили фалсафа йўналишига топшириб, 119 балл тўпладим, аммо киролмадим. 2010 йили ҳамма телефон, «Х вариант» олиб киряпти деб, мен ҳам шпаргалка топиб, олиб кирдим, лекин имтиҳондан четлатилдим. Шундай қилиб, олти йил ўқишга ҳужжат топширдим.

«Энди кира олмайсан, олий маълумотли бўла олмадинг, ҳеч бўлмаса, коллежда ўқи», деб ота-онам коллежга тикувчилик йўналишига ўқишга киргизишган.

2011 йил турмушга чиқдим. Эрим ҳарбий эди. Иши туфайли бир муддат Жиззахда яшадик. Ўша ерда кутубхона йўналишида бир йиллик ўқув курсини тамомладим. Фарзандли бўлдим, аммо олий маълумотли бўлиш фикри хаёлимдан кетмади.

2018 йил Қаршидаги 24-мактабга кутубхоначи бўлиб ишга жойлашдим. 2018-, 2019- ва 2020 йилларда яна ўқишга топширдим, лекин талабалик бахти насиб қилмади. Эрим пенсияга чиққанидан сўнг, Бухорога қайтдик. Бу йил Бухоро давлат университетининг мактабгача таълим йўналишига топширдим ва яна муваффақиятсизликка учрадим. Баъзида шунчалик омадсизманми, деб ўйлаб қоламан.

Менинг ҳам ўқигим, олий маълумотли бўлгим келади. Ҳар куни иш излайман, аммо маълумотим ўрталигини эшитиб ҳеч ким ишга олмайди. Олий маълумотли бўлмасангиз, сизга ҳеч қаерда иш йўқ.

10 йилдан бери ижарада яшаймиз. Турмуш ўртоғимга ёрдам берсам, бирга ишлаб уй олсак, дейман. Олий таълим биздайларга ёрдам берса қанийди!

Иллюстрация: «Дарё» / Дилзода Ҳамиджонова

Фатҳулло Абдузоиров, 18 ёшда. Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманидан. ОТМ имтиҳонларидан икки бор ўтолмаган

Дунёнинг энг нуфузли университетларига кириш ҳам бу даражада қийин эмас

Бу йил иккинчи маротаба Шарқшунослик институтининг туризм факультетига топшириб, имтиҳондан йиқилдим. Тестдан кўнглим 100 фоиз тўлиб, хурсанд чиққан эдим. Аммо бахтга қарши бу йил ҳам ўтган сафаргидек телефонимга «Талабаликка тавсия этилмади» деган ёқимсиз хабар келди. Очиғини айтсам, бу «хушхабар» мени хафа қилгани йўқ. Аммо ота-онам, ака-опаларим олдида уялдим. Чунки улар менга жуда ишонган эди.

Дунёнинг энг нуфузли институт ва университетларига ҳам ўқишга кириш бу даражада қийин эмас, чунки улар ўз ёшларини етук инсон бўлишини истайди. Албатта, Ўзбекистонда ҳам «хоҳлашади», чунки бизда супер контракт бор-ку!

Энди нима қилишимга келсак, нима бўлган тақдирда ҳам ҳеч қачон Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига ўқишга топшириб, келажагимни йўқотмайман. Қолаверса, ўқишни битирганингиздан кейин ҳам яхши ойликли иш топиш муаммо.

Бизнинг университетларни битириб, буюк инсон бўлиш жуда ҳам қийин деб ўйлайман. Оддий имтиҳоннинг ўзидан ўтолмаяпмиз-ку, буюк инсон бўлиш қаерда?

Бироқ мен ўз мақсадларимдан қайтмайман. Инглиз тилини биламан, энди чет элга топшириб, тажриба орттирмоқчиман. Жуда мансабдор шахс бўлолмасам ҳам Ўзбекистонда кўзга кўринарли ўзгаришлар қиламан. Бунга кучим ҳам, кўзим ҳам етади.

Дилобар Баҳромова, 25 ёшда. Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳридан. ОТМ имтиҳонларидан икки марта ўтолмаган

Супер-контрактга ўқий десам, қиммат

2015 йил Шаҳрисабз шаҳар Озиқ ва маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежини битирганман. Ўша пайтлари ўқиш истагим жуда кучли эди. Аммо коллежни тамомлаганимдан сўнг ота-онам университетга топширишимга қаршилик қилишган.

2018 йили турмушга чиққанман. Эрим қурилишда ишлар эди. Ўзим ўқитаман, дерди. Аммо турмуш ўртоғим Жонибек Равшанов 2019 йил 18 декабрь куни Юнусобод метроси қурилишидаги бахтсиз воқеа туфайли вафот этди.

Марҳумларнинг оила аъзоларига компенсация тўлаш ҳақида хабар чиққанидан уч кун ўтиб, қайнонам мени уйдан ҳайдаб юборди. Шундан бери ота уйимдаман. Ҳозир қизимнинг тарбияси билан бандман.

Олий таълим муассасасида ўқиш истагим ҳали ҳам кучли. 2020 йил Ўзбекистон Миллий университетига ҳужжатларимни топширдим, аммо киролмадим. 2021 йил кам таъминланганлар, боқувчисини йўқотганлар учун бериладиган тўрт фоизлик имтиёз олдим. Бали пастроқ бўлади деб ўйлаб, Миллий университетнинг миллий ғоя ва маънавият асослари факультетига ўқишга топширдим — 67,2 балл тўплаб киролмадим.

Аслида берилган имтиёзга кўра бизга балл қўшиб берилиши керак эди. Лекин нафақат менга, балки бошқа имтиёз олган танишларимга ҳам ҳеч қандай балл қўшилмади. Кимга мурожаат қилишни билмай қолавердим.

Очиғини айтишим керак, фарзандим ва оилавий шароитдан келиб чиқиб яхши тайёргарлик кўролмагандим. Охирги ойда тарих китобларини ўқидим, аммо бошимдан ўтказган стресслар туфайли ўқиганларим эсимда қолиши қийин бўлди. Ўқиган саволларим тушмади, тестларни ечишга қийналдим.

Супер-контрактга ўқий десам, қиммат. Тўғри, давлат томонидан эримнинг вафоти учун берилган 90 миллион компенсация пули бор. Уни супер-контрактга тўлаб ўқийдиган бўлсам, кейин уй-жойни нима қиламан? Ҳозир ота ҳовлимда икки келинойим билан бирга яшаймиз. Тезроқ уй-жой қилмасам бўлмайди. Ўқимай десам, талабаларни кўриб, жуда ҳавасим келяпти.

Отабек Суннатов, 19 ёшда. Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳридан. ОТМ имтиҳонларидан икки марта ўтолмаган.

Давлат бизнинг орзуларимиз ушалишини кафолатламаган

2020 йил Самарқанд давлат тиббиёт институтига, бу йил эса Қарши муҳандислик институтига ҳужжатларимни топширгандим. Аммо барча уринишларим муваффақиятсиз кечди.

Ўзимда ҳам айб катта. Агар яхшироқ тайёргарлик кўрганимда, балки ўқишга кирармидим, лекин бу афсусланишим ҳозир нимани ўзгартира оларди?

Олийгоҳда ўқиш бизнинг ҳаётимизда муҳим рол ўйнаб қолган, гўё дипломингиз бўлмаса, ишсиз қолиб кетадигандек. Бошқа тарафдан олиб қараганда, давлат ташкилоти ёки унга қарашли корхоналарда ишлайдиган кишиларнинг 90 фоизи ҳаётидан рози эмас. Улардан иши ҳақида сўрасангиз ойликнинг пастлиги, шароит йўқлиги ва яна бир қатор муаммолар ҳақида гапиради.

Ўзбекистонда биз орзу қилган ҳаёт ҳали келмаса керак, деб ўйлайман. Албатта, давлат бизнинг орзуларимиз ушалишини кафолатламаган. Аммо давлат берадиган 1-2 миллион сўм ойлиги билан умримни ўтказиш ниятим йўқ. Балки, шунинг учун менда ўқишга тайёргарлик кўриш иштиёқи пастдир.

Тушундимки, бу ҳаётда ўзинг учун ўзинг ҳаракат қилмасанг, сен учун ҳеч ким ҳаракат қилмас экан. Эндиликда тадбиркорлик билан шуғулланиш ниятим бор. Бу мен учун энг яхши иш ва хобби деса ҳам бўлади. Ҳозир савдо-сотиқ соҳасида бир муддат ишлаб, бизнесим учун бошланғич сармоя тўпламоқчиман.

Иллюстрация: «Дарё» / Дилзода Ҳамиджонова

Исмини ошкор этишни истамаган абитуриент аёл. 44 ёшда. Хоразм вилоятидан.

Бечора «ўрта махсуслар» ноиложликдан иш жойларини сақлаб қолиш учун чет эл университетларига топширяпти

Вилоятимиздаги мактабда технология фанидан дарс бераман. Бу йил биз каби ўрта маълумотли ўқитувчиларга ҳафтасига икки соатдан дарс қўйилди. Қолган дарсларимиз эса олий маълумотли ўқитувчиларга қўшиб берилди. Биз шунча йиллик стажимиз билан қолиб кетавердик. Яна камига розилик хатини ҳам ёзасан, дейишяпти.

Мен ўз ҳаётимни айтиб нолимоқчи эмасман. Чунки ўзим ҳам вақтида олий маълумотли бўла олмадим. 1998 йил Хива педагогика билим юрти (техникум)ни битирганимдан кейин олийгоҳга кириш учун ҳаракат қилмадим. Сабаби оилавий шароитим шуни тақозо қиларди.

Ўғлимда остеопороз касаллиги бор. Даволатиш учун 13 йил Тошкентга қатнадим, топганимиз шунга кетди. Фарзандим ўзига кела бошлаганидан кейин ОТМга топшириш учун тайёргарлик кўрдим. Аммо шунча йилги сиқилишлар инсон хотирасига таъсир қиларкан, қанча ўқисам ҳам барибир миям ёш абитуриентларникидай қабул қилмас экан.

Бу йил Урганч давлат университетининг сиртқи бўлимига ўқишга топширгандим. Имтиҳонга кирганимда ҳам хонада энг ёши каттаси ўзим эдим. Назоратчилар ичкарига киритаётиб, мени кўриб, «ота-оналар ташқарида кутади», деди. Уларнинг гапларини ҳазилга йўйиб, «мен 44 ёшли абитуриентман» дедим. Имтиҳондан 74,5 бал тўпладим. Ўқишга киришимга 10,5 балл етмай қолди.

Мен ҳозир ишлашга мажбурман. Чунки оила бошлиғимиз жисмоний меҳнатга ярамайди. Ўғлим 22 га кирди. Уни ўқитиш учун репетиторга беришим керак. Ҳозир озгина пул ҳам менга жуда керак.

Бечора «ўрта махсуслар» ноиложликдан иш жойларини сақлаб қолиш учун чет эл университетларига топширяпти. Шунча пул давлатимиз ҳисобига қолса, яхши эмасми?

Ҳозир ёшлар учун техникумлар очиляпти. Уни намунали битирган талабаларни суҳбат асосида иккинчи босқичдан ўқишга қабул қилинаркан. Шундай имкониятлар биз каби стажи бор «ўрта махсуслар»га ҳам яратилса, жуда яхши бўларди.

Қувондиқ Алматов, 22 ёшда. Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидан. ОТМ имтиҳонларидан тўрт марта ўтолмаган

Наҳотки инсоннинг орзуларига етишиши шунчалар қийин бўлса?

Тўрт йилдан буён олий таълим муассасасига ҳужжат топшираман. Икки йил Қарши давлат университетига, 2020 йил Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетига, 2021 йил Ўзбекистон журналистика ва оммавий ахборот коммуникациялари университетига ҳужжат топширганман. Бироқ етарли баллни тўплай олмаётганим учун талабалик бахтига эришолмаяпман. Орзуларим филолог, журналист, блогер бўлиш.

Ўтган йили ўқишдан йиқилганимдан сўнг қаттиқ тушкунликка тушиб қолдим. Ўқув марказида ўқимаганимда ҳам майли дердим, аммо тайёргарлик кўриб туриб ўқишдан йиқилиш одамга қаттиқ алам қиларкан. Шундан сўнг яна тайёргарлик кўриш фикридан қайтиб, техникумга ҳужжат топширишга қарор қилдим. Уйдагиларимнинг «Ўзинг қизиқмаган соҳада қандай ўқийсан?» дейишига қарамасдан мен ўз қароримни ўзгартирмадим. Самарқанд транспорт ва муҳандислик коммуникациялари техникуми Ўзбекистон журналистика ва оммавий ахборот коммуникациялари университетига қарашли бўлгани учун мен шу техникумнинг телекоммунакация технологиялари йўналишига ҳужжат топширдим ва имтиҳондан муваффақиятли ўтиб, тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиндим.

Мен ўз қизиқишларимни сўндирмаслик учун таҳсил олаётган техникумимнинг расмий Telegram каналини яратиб, ушбу канални юритиб келмоқдаман. Бироқ ўзимда барибир техникумда ўтилаётган фанларга нисбатан қизиқиш уйғотолмадим.

Шунинг учун бу йил Ўзбекистон журналистика ва оммавий ахборот коммуникациялари университетининг босма оммавий ахборот воситалари журналистикаси факультетининг кечки таълимига ҳужжат топширдим. Минг афсуски, яна озгина балл етмай қолди. Наҳотки инсоннинг орзуларига етишиши шунчалар қийин бўлса? Ҳаётга бир марта келиб шунда ҳам ўзим яхши кўрган касбга етмаслигимни ўйласам, ич-ичимдан ўксиниб кетаман.

Шу даражада босма оммавий ахборот журналистикасига қизиқаманки, бирор ОАВда оддий қоровул бўлиб ишлашга ҳам рози эдим. На илож, тақдирга ёзилганидан қочиб қутулиб бўлмас экан.

«Дарё» интернет-нашрида ўқишдан йиқилишни фожиа эмас, деб биладиган муваффақиятли инсонларнинг суҳбатини ўқиб, ўзимда куч топа олдим. Ҳақиқатан ҳам менинг хаёлимда ўқишга киролмаслик, дипломсиз қолиш фожиадек кўриниб қолаётган эди.

Ҳозир техникумнинг 2-босқичида ўқияпман. Бу йил техникумни битириб, Тошкент ахборот технологиялари университетига топшираман. Имтиҳонимиз суҳбат асосида ўтказилади. Худо хоҳласа, аъло даражада ўтсак, ўқишни университетнинг 2-курсидан давом эттирарканмиз.

Кўпчилик техникум ўқувчиларининг мақсади ҳам шу университетга кириш. Аллоҳ насиб қилган бўлса, ўзим қизиққан соҳамга ҳам эришарман.

Суҳбатдош: Хонзодабегим Аъзамова 

Муҳаррир: Дилшод Шарипов