Озарбайжоннинг Ҳажигабул шаҳрида 17 сентябрь куни UzAuto Motors ва SamAvto заводи ишлаб чиқариш линиясининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. UzAuto Motors матбуот хизматининг маълум қилишича, General Motors билан ўзаро келишувга эришилгач, UzAuto Motors Chevrolet автомобилларини Озарбайжонда сотишни бошлаши ҳақида эълон қилди.

Фото: UzAuto Motors матбуот хизмати

Озарбайжон тарафдан ишлаб чиқариш бўйича ҳамкор сифатида Боку шаҳри яқинида жойлашган Ҳажигабул саноат квартали таркибига кирувчи «Азермаш СР» иштирок этди. Томонлар ўртасида 2021 йил 21 июлда имзоланган келишув шарофати билан лойиҳани амалга ошириш учун имконият яратилди. 2021 йилнинг апрель ойида Ҳажигабул саноат кварталининг очилиш маросимида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев лойиҳага старт берувчи рамзий тугмани босди.

Фото: UzAuto Motors матбуот хизмати

Фото: UzAuto Motors матбуот хизмати

Фото: UzAuto Motors матбуот хизмати

Фото: UzAuto Motors матбуот хизмати

«Азермаш СР»  заводида ишлаб чиқариш линиясининг тантанали ишга туширилишида Ўзбекистон бош вазири молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари Жамшид Қўчқоров онлайн тарзда тантанали нутқ сўзлади. Ўзбекистон делегациясига «Ўзавтосаноат» бошқаруви раиси Шавкат Умрзоқов бошчилик қилди. Озарбайжон тарафдан тадбирда мамлакатнинг иқтисодиёт вазири Микойил Жабборов иштирок этди.

Фото: UzAuto Motors матбуот хизмати

Компания хабарида айтилишича, ҳамкорликнинг дастлабки босқичида «Азермаш СР»нинг ишлаб чиқариш қувватларида Chevrolet Nexia, Chevrolet Cobalt, иккинчи босқичда Chevrolet Damas ва Chevrolet Labo автомобилларини жами 5000 донагача, SamAvto автобусларини эса йилига 1000 донагача миқдорда ишлаб чиқариш ва сотиш режалаштирилган.

UzAuto Motors’нинг Озарбайжондаги расмий дистрибютори «Азермаш СР»га кўра, мазкур моделлардаги нарх, функционаллик ва сифатнинг манфаатли ва уйғун нисбати уларнинг ўзига хос рақобатбардош афзаллиги бўла олади.

«Озарбайжонда муваффақият қозонишга умид боғлаш учун бизда етарли даражада асослар бор. Озарбайжон ва Ўзбекистонни кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари боғлайди, қардош халқларимиз қардош тилларда сўзлашади. Урф-одатларимиз, тарихимиз, маданият ва дунёқарашимиз муштарак, ҳатто бизнес ва ишбилармонлик этикасига бўлган ёндашувимиз ҳам жуда ўхшаш.

Янги автомобиль заводи маҳсулотлари Озарбайжон аҳолиси орасида оммалашишига, янгиланган Nexia, Cobalt, Damas ва Labo, шунингдек, SamAvto автобуслари ҳам уларга манзур бўлишига бизда шубҳа йўқ», — деган Шавкат Умурзоқов.

Фото: UzAuto Motors матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил март ойида Қозоғистонда Chevrolet автомобилларини ишлаб чиқариш бошланган эди. Қозоғистонда SamAvto автобусларини ишлаб чиқариш 2021 йилнинг май ойида йўлга қўйилди. Бундан ташқари, Chevrolet автомобилларини Тожикистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.