Ўзбекистон олтин-валюта захираси 1 сентябрь ҳолатига кўра 35,4 миллиард долларни ташкил этди, деб хабар бермоқда Spot Марказий банк маълумотларига таяниб. Август ойи билан таққослаганда у 320 миллион долларга ошган.

Фото: Bloomberg

Қайд этилишича, бунга асосий сабаб — олтин. У 331 миллион долларга кўпайган. Захирадаги 21,9 миллиард доллар олтин 12,1 миллион троя унциясига тенг (тахминан 376 тонна, аввалги ойга нисбатан 9 тоннага кўп). Июль ойида бир унция олтин нархи тахминан 1740 долларга тенг эди, ҳозир эса — 1762 доллар.

Захирадаги хорижий валюта ҳажми эса камайишда давом этмоқда. Август ойида у 400 миллион долларга камайиб, 13,5 миллиард долларгача тушди. Сентябрь ойига келиб хорижий валюта ҳажми бундан ҳам камайди — 12,4 миллиард доллар.

Олтин-валюта захиралари мамлакат учун «ҳимоя ёстиқчаси» ҳисобланади. Ўзбекистоннинг амалдаги захиралари 20 ойлик импортни молиялаштириш учун етарли. Бу ривожланаётган мамлакатлар учун халқаро ташкилотлар томонидан тавсия этилган кўрсаткичдан, яъни уч ойдан анча кўп.