UzAuto Motors август ойида атиги 2 дона Gentra ва бирорта ҳам Spark ишлаб чиқармагани ҳақида хабар берилган эди. Компания ушбу оммабоп автомобиль моделлари ишлаб чиқарилиши нега тўхтаб қолганига изоҳ берди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Унда айтилишича, UzAuto Motors бошқарув ва ишлаб чиқаришнинг босқичма-босқич трансформациясини амалга оширди. Унинг доирасида ягона платформадаги автомобилларни ишлаб чиқаришга ўтиш режалаштирилган. Биринчи босқичда  Chevrolet Tracker ва Chevrolet Onix автомобиль моделлари бўлади.

Келгусида Tracker ва Onix моделларини ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга имкон берадиган режалаштирилган ўрнатиш ва ишга тушириш ишлари  жорий йил июль ойининг ўрталаридан август ойининг  охиригача амалга оширилди.

«Ушбу кенг кўламли модернизация ишлари автомобиль ишлаб чиқарилиши учун муҳим бўлган яримўтказгичларнинг глобал танқислиги фонида содир бўлди. Юқоридаги  омиллар сабаб Chevrolet Lacetti ва Chevrolet Spark моделларини ишлаб чиқариш вақтинча тўхтатилган эди.

UzAuto Motors компанияси тез орада ушбу автомобиль моделларни қайта ишлаб чиқаришни йўлга қўяди», — деб қайд этилган компания хабарида.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, январь август ойларида республика бўйича 122,4 минг дона янги енгил автомобиллар, шундан, 6,2 минг дона чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар сотилди.