Республика махсус комиссияси Ўзбекистонда жума намозларини фақат очиқ саҳналарда адо этилишига оид чекловни бекор қилди, деб хабар беради ССВ матбуот хизмати.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Маълум қилинишича, Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида мамлакатда карантин талабларини қисқартириш орқали аҳолига маданий ва маънавий ҳордиқ чиқариш ҳамда дам олишини мазмунли ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш масаласи атрофлича муҳокама қилинган.

Жумладан, Республика махсус комиссиясининг мажлисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 сентябрдан эътиборан жума намози ва бошқа намозларни масжидларнинг фақат очиқ саҳналарида адо этилишига оид чекловни бекор қилиш тўғрисидаги таклифи кўриб чиқилган ҳамда маъқулланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда июль ўрталаридан бошлаб коронавирус билан касалланиш ҳолатлари ортгани сабаб жума намозларини масжидларда ўқиш бекор қилинганди. 13 августдан бошлаб эса масжидларнинг барча ишчи ва ходимлари (саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлган ходимлари бундан мустасно) коронавирусга қарши вакцинанинг (туридан қатъи назар) камида 2 та дозаси билан эмлангани тўғрисидаги сертификатга эга бўлган тақдирда ушбу масжидларда жума намозини ўтказишга рухсат берилган эди.