2021 йил якунланишига ҳали бир неча ой борлигига қарамай, ҳозирда йилнинг энг кассабоп фильми бўлишга даъвогар картина номи маълум бўлди, деб ёзади PeopleTalk.

Фото: PeopleTalk

Маълум қилинишича, кинопрокатнинг энг юқори поғонасини «Шан-Чи ва ўн ҳалқа афсонаси» фильми банд этмоқда. Учта uikend давомида (uikend — иш ҳафтасининг якунидаги дам олиш кунлари) Marvel киностудиясининг картинаси қарийб 177 миллион доллар тўплаган. «Шан-Чи ва ўн ҳалқа афсонаси» пандемиядан кейинги касса йиғимлари борасида рекорд ўрнатиш томон илдам одимламоқда.

Прогнозларга кўра, у яқин кунларда 200 миллион доллар тўплаган Скарлетт Йоханссон иштирокидаги «Қора бева»ни ортда қолдиради.

«Шан-Чи ва ўн ҳалқа афсонаси» фильмининг сюжетида болалигидан отасидан одам ўлдиришни ўрганган жанг санъати устаси ҳақида ҳикоя қилинади. Шан-Чи нормал ҳаёт кечириш мақсадида Сан-Францискога кўчиб ўтган, аммо у ерда ҳам қора ўтмиши йигитни таъқиб этади. Қаҳрамон «Ўн ҳалқа» номли сирли ташкилотнинг тузоғига тушиб қолади.

Аввалроқ Disney Скарлетт Йоханссон иштирокидаги барча лойиҳаларни якунлашга қарор қилгани, «Тахтлар ўйини» юлдузи Эмилия Кларк Marvel кинооламининг янги суперқаҳрамонига айлангани тўғрисида хабар берилганди.