2021 йилнинг июль бошларида Сурхондарёда 109 туп қимматбаҳо дарахтни ноқонуний кесган масъул ходим жаримага тортилганди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг ёзишича, мазкур дарахтларнинг ноқонуний кесилиши бўйича нима учун жиноят иши қўзғатилмагани юзасидан ички ишлар вазири ва бош прокурорга депутатлик сўрови киритилган. Ички ишлар вазиридан ушбу сўровга келган жавоб хатида жиноят иши нима сабабдан қўзғатилмаганига ойдинлик киритилган.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Расул Кушербаевнинг ёзишича, табиатга етказилган зарар 329 миллион сўмдан ортиқ бўлиб, бу иш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши керак.

Ички ишлар вазирининг депутатлик сўровига берган жавобида таъкидланишича, Деновдаги 109 туп дарахт кесиб ташланганида ҳуқуқбузар етказган зарар (65 миллион сўм) кўп миқдорни ташкил этмаган. 329 миллион сўм ҳисобланган зарар ҳукумат қарорига асосан бешга кўпайтириб чиқарилган сумма бўлиб, жиноят иши қўзғатишда бирламчи сумма (65 миллион сўм) инобатга олиниши боис, жиноят ишини қўзғатиш рад қилингани билдирилган. Зарар миқдори 73 миллион сўмдан ошса жиноят ишига тортилиши қайд этилган.

Сўров хатида келтирилишича, 65 миллион сўмлик зарарни Экология қўмитасининг Сурхондарё вилояти бошқармаси ҳисоблаб берган.

«Шундан сўнг 109 та дарахтга 65 миллион сўм тўғри келиши асослими, деган савол билан республика Экология қўмитасига мурожаат қилдик. Қизиғи шундаки, қўмита жавобида билдирилишича, зарар белгиланган тартибда қайта ҳисоблаб чиқилганида миқдор 65 миллион эмас, 995 миллион экани маълум бўлган.

Бундан кўриниб турибдики, зарарни камайтириб ҳисоблатишдан мақсад жиноят иши қўзғатмаслик бўлган. Зарар миқдори қўмитанинг марказий идораси томонидан расман 995 миллион сўм экани тасдиқлангач, ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатиш масаласида яна бир бор ички ишлар вазирига мурожаат қилдик. Ишқилиб Экология қўмитасининг Сурхондарё вилояти бошқармасига босимлар бўлмаган бўлсинда. Менимча, буёғига бошқа ‘форточка’ қолмади. Энди натижа ва ахборотни кутамиз», — деб ёзади депутат.

Аввалроқ Сурхондарёда туман ҳокимининг ер ажратиш бўйича қарори оқибатида 160 тупдан ортиқ тут дарахти кесиб ташлангани тўғрисида хабар берилганди.