21 сентябрда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова туғилган кунини нишонламоқда. Шу муносабат билан актрисанинг ҳаёти ва ижодидаги кўпларга маълум бўлмаган маълумотларни тақдим этамиз.

Фото: «Дарё»

Самарқанддаги дўкон сотувчисидан актрисаликкача

Саида Раметова Самарқанд вилоятида дунёга келган. Мактабни тугатиб дўконда сотувчи бўлиб ишлай бошлаган. Тошкентга «Копиративний» техникумга кирган вақтида театрда Эркин Комилов ва Гулчеҳра Жамилова иштирокидаги спектаклни кўргач, актрисаликка иштиёқи ошади.

Фото: «Дарё»

Талабалар кетишса ҳам Саида Раметова кетмасдан театрдан актёрлар чиқишини кутади. Ўша вақтда Эркин Комилов Саида Раметовани санъат институтига олиб борган. Туғма қобилият эгаси бўлган Саида Раметованинг кино ва театр оламига илк қадамлари катта иштиёқдан бошланган.

Фото: «Дарё»

Саида Раметова 1984 йилдан бугунга қадар юзлаб фильм, сериал ва клипларда бош ва турли даражадаги ролларни ижро этган.

Фото: «Дарё»

«Отамдан қолган далалар», «Бомба», «Алпомиш», «Шайтанат», «Йўл бўлсин», «Бахт учун миллион», «Чапани ошиқ», «Ёлғиз ёдгорим», «Кибрнинг жабри», «Ҳақиқий эркаклар ови», «Мажруҳ», «Фарзандим», «Арслон изидан», «Супер келинчак», «Учар қиз», «Онам билмасин», «Рашк 1, 2», «Қочқин», «Дадам билмасин», «Бойвачча куёв», «Она», «Юрак йиғлар», «Кечир, фарзандим», «Зирапча», «Пойма-пой», «Дунё» каби фильмлардаги роллари миллионлаб мухлисларининг кўнглидан жой олган.

Фото: «Дарё»

Норасмий тақиққа учраган

Киночиларнинг катта бир йиғилишида бир раҳбарнинг «Барча фильмларда Саида Раметова, ундан бошқа актриса йўқми?!» деган сўзи Саида Раметованинг бўйнига норасмий тақиқни илди, деб ҳозир ҳам эслашади. Шу гапдан сўнг актриса бир муддат фильмларда кўриниш бермаган. Чунки уни чақиришса, ундаги норасмий тақиқ ўзларига ҳам қўлланиши мумкинлигидан қўрқишган.

Фото: «Дарё»

Жумадулла Раметов лифтда севги изҳори қилган, Азиз Раметов эса лифтда туғилган

Хадрада жойлашган актёрлар ётоқхонасининг лифтида Жумадулла Раметов Саида Раметовага севги изҳори қилган. Лифтдаги севги изҳоридан сўнг, тасодифни қарангки, йиллар ўтиб Раметовлар сулоласининг кенжа вакили Азиз Раметов лифтда дунёга келган. Саида Раметова лифтда кўзи ёриган кунни қуйидагича эслайди:

Чорсуга янги уйга кўчган эдик. Жумадулла Раметов ишда, қайнонам раҳматли Туркистонда эдилар. Уй ишларини қилаётганимда аҳволимда ўзгариш сезиб, дарров Жумадулла акага телефон қилдим. Шифохонага олиб борсалар «Ҳали туғруққача 10-15 кун бор» дейишди, уйга қайтдик. Уйда яна мазам бўлмай, «Жумадулла ака, тез келинг», дедим. Доямиз корейс аёл «Тез учинчи қаватга олиб чиқинг», деди. Учинчи қаватга чиқаётганимда лифтда кўзим ёриган. Азизга ҳар доим «Сен лифтда туғилгансан», дейман.

Саида Раметова театрда ҳам жуда самарали ижод қилган. «Андишали келинчак», «Тун, албатта, ўтади», «Увайсий», «Бибихоним», «Фариданинг дил дафтари», «Уйқусиз кеча», «Бир қадам йўл», «Жалолиддин Мангуберди», «Отасининг қизи» сингари бир қанча спектаклларда бош ролларни ижро этган.

Фото: «Дарё»

Кастингда Туркон хотунга тасдиқланган, сериалда унинг хизматкори бўлиб қолган

«Мендирман Жалолиддин» тарихий сериалидаги Туркон хотуннинг канизи Ойгул роли Саида Раметованинг сўнгги ролларидан бири бўлиб қолмоқда. Биздаги маълумотларга қараганда, актриса сериалнинг кастинг жараёнларида Туркон хотун ролига тасдиқланган, бироқ суратга олиш жараёнларида воқеалар ривожи умуман бошқача тус олган.

Туркиядаги суратга олиш жараёнларида актриса ўзида иккинчи даражали кўкрак саратони бошлангани ҳақида хабар топади. Бу ҳақда актриса қуйидагича эслайди:

Булар нега ўзгарди дея хавотир ола бошладим. Таржимонимиз «Саидахон, ўзингиз билармидингиз?», дедилар. Нимани деганимда, «Касалингиз — жиддий касал», деб бошқа нарса айтмаяптилар. «Айтаверинг, мен кучли аёлман, ҳаммасига розиман, айтинг», дедим. Шунда, «Сизда иккинчи даражали кўкрак саратони бошланибди», дедилар. Ҳеч кутмаган эдим, шу олтмиш уч йил давомида ҳеч қачон жиддий касал бўлмаганман. «Балки, адашишгандир, яна бир текширишсин», дедим. Туркия медицинаси жуда кучли, бутун дунёдан келиб, тўрт ойлаб навбат кутишади. Бизнинг ҳурматимиз учун навбатсиз олиб киришди. Бошқа шифохоналарнинг турли хил аппаратларида текширтирганимизда ҳам бир хил касаллик чиқди.

Ушбу хабар актрисанинг миллионлаб мухлисларини ҳам хавотирга солди. Ҳаттоки актрисанинг кенжа фарзанди, актёр Азиз Раметов онаси касал бўлганидан сўнг, ўзини қайсидир даражада айбдор санаб, йиғлаб интервью берган эди.

«Бугун 63 ёшини нишонлаётган актриса катта ролларни, катта асарларни кутмоқда. Ўзбек кино олами ва театр майдонида Саида Раметованинг беқиёс ўрни бор», — дейди киножурналист Шоҳира Ҳамро.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова икки фарзанднинг Улуғбек ва Азиз Раметовларнинг онаси, уч набиранинг бувисидир.