Экранда ролларни қойилмақом ижро қилиши ва қўшиқ куйлаши билан мухлислар қалбидан жой олган санъат вакилларидан кимлар бошқа тилларда ҳам сўзлаша олиши мумкинлиги ҳақида маълумот берамиз.

Натали Портман

Фото: Cosmopolitan

Иврит, инглиз, француз тилидан ташқари япон, немис ва ва испан тилида ҳам гаплаша олади. Гарвард университетини тамомлаган актриса бир нечта илмий ишларни ёзишни ҳам уддасидан чиққан. Пол Маккартнининг клипида эса у имо-ишора тилида гаплашишни кўрсатиб берган. Актриса: «Мен ўқишни ёмон кўраман, ўқишни ёқтирмайман. Ўрганишни яхши кўраман, ўрганиш бу — ажойиб», деган.

Том Хиддлстон

Фото: Cosmopolitan

Том инглиз, испан, француз ва грек тилида гаплаша олади. Халқаро интервьюларда Хиддлстон журналистлардан мулоқот қилиш учун қайси тил қулайлигини сўрайди. Айрим ролларда актёрлар бошқа тилда равон гапириши керак бўлади. Шундай вазиятларда Томга қийин бўлмайди.

Женнифер Лопес

Фото: Cosmopolitan

Женнифер Лопес икки тилда гаплашади ва қўшиқ куйлайди. У мунтазам равишда испан тилида сингл ва альбомлар тақдим қилади. Қизиғи, бундай ижод намуналари АҚШда инглиз тилидаги вариантлардан кўра кўпроқ машҳурликка эришади.

Шакира

Фото: Cosmopolitan

Шакиранинг қўлидан қўшиқ куйлаб, рақсга тушишдан бошқа нарса келмайди деб ўйлаганлар янглишади. 5 ёшидан шеър ёзган хонанда бир неча марта адабиёт бўйича мукофотларни қўлга киритган. Шунингдек, у испан, инглиз, португал, итальян ва каталон тилларида бемалол, француз ва араб тилида эса қисман гаплаша олади. ЮНИСЕФнинг кўнгилли элчиси сифатида таълим сифатини яхшилашга қаратилган кампанияларда иштирок этади.

Шарлиз Терон

Фото: Cosmopolitan

Жанубий Африкада дунёга келган актриса она ватани учун фойдали ишлар қилишдан тўхтамайди. Инглиз тилидан ташқари у африкаанс тилининг 26 та шевасида гаплаша олади. Актрисанинг банк ходими билан инглиз ва африкаанс тилида баҳслашгани кинодаги карьерасининг бошланишига сабаб бўлган. Иккита тилда гаплашаётган қизни кўрган истеъдодларни қидирувчи агент унга суратга тушишни таклиф қилган.