Ижтимоий тармоқларда 22 сентябрь куни Тошкент метрополитенининг «Ўзбекистон» метро бекатида гўёки ўзини метро рельсларига ташламоқчи бўлган аёл ички ишлар органи ходими томонидан қутқариб қолингани акс этган видеоёзув тарқалди. Аслида эса 21 сентябрь куни, тахминан, соат 13:30 атрофида юз берган бу ҳодисада ҳеч ким ўз жонига қасд қилмоқчи бўлмаган. Бу ҳақда аёлни рельсларга йиқилишдан асраб қолган ходим — ИИВ Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси сержанти Зокир Умаров «Дарё» мухбири билан суҳбатда маълум қилди.

Сержант Зокир Умаров.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Улгуролмай қоламан деб қўрқдим»

47 ёшли сержантнинг таъкидлашича, метрополитендаги 23 йиллик фаолияти давомида у навбатчилик қилган вақтларда бирор кишининг рельсга ўзини ташлаши ҳодисаси юз бермаган, куни кеча ижтимоий тармоқларда шов-шувга айлангани каби воқеа у билан илк бор содир бўлмоқда.

«‘Космонавтлар’ бекати тарафдан келган поезд вагонидан ўрта ёшлардаги бир аёл тушиб, ноодатий ҳаракат қилган ҳолда (буни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоёзувларда ҳам пайқаш мумкин), қарама-қарши томондаги электропоезд йўлига юриб бора бошлади. У поезд йўлига тушиб кетай деганда ушлаб қолдим. Очиғи, ўша лаҳзада улгуролмай қолишдан қўрқдим, аёл йиқилиб, жароҳатланмаганига хурсанд бўлдим», — дейди Зокир Умаров.

Маълумотларга кўра, метро йўлига тушиб кетай деган аёл 28 ёшда бўлиб, асли Жиззах вилоятидан, Тошкент шаҳридаги тўқимачилик корхоналаридан бирида ишлайди. Воқеанинг эртасига унинг яқин қариндошлари билан боғланилганида, улар аёлнинг аҳволи яхшилигини маълум қилган ва сержант Зокир Умаровга алоҳида миннатдорчилик билдирган. Бироқ ҳодиса юз берган куни аёлнинг ҳуши ўзида бўлмаган, ҳатто «гапиришга ҳам ҳоли йўқ эди».

«Аёлни ўриндиққа ўтқазиб, биринчи ёрдам кўрсатдик. Ўзига келгач, нега бундай қилганини сўрадим. У: ‘Вагонда одам кўп экан, ҳаво етишмай, мазам бўлмай қолди’, деди. Нима бўлганини ҳам тушунмаётганди, воқеани айтиб берганимиздан сўнг: ‘Мен нима бўлаётганини билмай қолдим, ҳушим ўзимда эмасди’, деди. Ёрдам керакмаслиги, уйга ўзи етиб олишини айтгач, кетишига рухсат бердик», — дейди сержант.

Рельсга сочилган пул

«Ўзбекистон» метро бекатида 21 сентябрь куни юз берган воқеа нохуш оқибатларсиз якун топган бўлса-да, афсуски, Тошкент метрополитенида йўловчиларнинг рельсларга тушиб кетиши ҳолатлари ҳеч қачон бўлмаган, деб бўлмайди (афсуски, ўз жонига қасд қилишга уриниш ҳолатлари ҳам йўқ эмас). Хусусан, 2018 йилнинг 27 сентябрида «Новза» бекатида 3-курсда ўқийдиган талаба, 3 декабрида «Пушкин» бекатида 67 ёшли эркак, 2019 йил 26 июнида «Ўзбекистон» бекатида 25 ёшли йигит, 27 июнь куни «Беруний» бекатида 28 ёшли йигит, 11 июль куни «Пахтакор» бекатида 58 ёшли аёл метро йўлига тушиб кетган; юқорида санаб ўтилган ҳолатларнинг деярли барида йўловчилар платформа ёқасида бўлган ва аҳволи ёмонлашиб, ҳушидан кетиб, йиқилган.

Сержант Зокир Умаров хизмат жараёнида.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Зокир Умаров «Дарё» мухбири билан суҳбатда қайд этишича, кўпинча йўловчиларнинг эҳтиётсизлиги туфайли телефон, сумка каби турли буюмларнинг метро йўлига тушиб кетиш ҳолатлари учраб туради. Шу каби вазиятларда метрополитен ходимларига маълум қилинади ва улар махсус таёқча билан буюмни рельсдан олиб беради.

«Бир сафар шундай ҳолат бўлганди: йўловчилардан бирининг кўп миқдордаги пули қўлидан тушиб кетган, пулларни эса поезд ўзи билан тортиб олиб кетиб қолган. Ўшанда фуқаронинг пуллари метрополитеннинг иш вақти тугагач, ходимлар томонидан йиғиб олиниб, эгасига етказиб берилганди», — дея эслади сержант.

Хорижда қандай?

Осиё ва Европанинг бир қатор мамлакатлари метрополитенларида бекатлардаги йўловчиларнинг темир йўлга тушиб кетишининг олдини олиш мақсадида ҳимоя экранлари (ёки ҳимоя эшиклари) ўрнатилган ва ўрнатилмоқда. Хусусан, 2020 йилда Беларусь пойтахти Минскдаги метронинг янги очилган «Ковальская Слобода», «Вокзал», «Франтишек Богушевич майдони», «Юбилейная майдони» бекатларида Туркия компанияси томонидан етказиб берилган ҳимоя экранлари ўрнатилган эди.

Минск метросининг «Ковальская Слобода» бекатидаги ҳимоя экранлари.

Фото: «Sb.by»

Шаффоф шишадан тайёрланган ҳимоя тўсиқлари шарофати билан йўловчининг на қасддан, на бехосдан рельсларга тушиб кетишининг олди олинган. Поезд станцияга кириб келганида эса ҳимоя экранининг махсус эшиклари вагонларнинг эшиклари билан бир хил ҳамоҳангликда очилиб-ёпилади. Маълумотларга кўра, Минск метросининг тўртта янги бекати учун бундай ҳимоя тизимини етказиб бериш салкам 4,1 миллион долларга тушган.

Минск метросининг «Франтишек Богушевич майдони» бекатидаги ҳимоя экранлари.

Фото: «Tut.by»

Тайбэй (Тайвань) метросидаги ҳимоя экрани.

Фото: «Habr.com»

Турин (Италия) метросидаги ҳимоя экрани.

Фото: Wikipedia

Сеул (Жанубий Корея) метросидаги ҳимоя экрани.

Фото: «Tripbest.ru»