18:46, 24.09.2021 // 46642

Ўн беш ёшида турмуш қурган «Бобби» юлдузи — Димпл Кападия ҳақида сиз билмаган қизиқарли фактлар

«Бобби» фильмининг финал саҳнасида ёш Димпл Кападиянинг қўлларидаги никоҳ хинасини яширишнинг иложи бўлмаган. Раж Капурнинг блокбастери экран юзига чиқишидан аввалроқ бош қаҳрамонни гавдалантирган ўсмир қизалоқ, ўзидан 16 ёш катта бўлган Ражеш Кҳаннага турмушга чиқиб улгурган.

Фото: Getty Images

Эрта карьера ва эрта турмуш

Димпл Кападия 1957 йил 8 июнда Бомбейда дунёга келган. Туғилганида Амина деб исм қўйилганига қарамай, юзида кулгичи борлиги сабаб қизалоқни Димпл деб чақиришган. У оилада 4 нафар фарзандинг тўнғичи бўлган. У Раж Капурнинг «Бобби» (1973) фильмида суратга тушиш учун тасдиқланган. Унинг Ражеш Кҳанна билан парвоз вақтида танишгани ҳақидаги маълумотлар йўқ эмас. Ясир Усманнинг «Ражеш Кҳанна: Ҳиндистоннинг энг катта суперюлдузи» китобида ёзилишича, актёр Димплни кўзларига боққан ва унда биргина завқни кўрмаган. Бир неча йил учрашиб юрган қайлиғи Анжу Махендра билан муносабатларига чек қўйган Ражеш 15 яшар қиз билан ҳаётини боғлашни афзал билган. Турмуш қурганларидан 6 ой ўтиб, «Бобби» экран юзини кўрган ва Димпл энг яхши актриса сифатида Filmfare Award’ни қўлга киритган.

Фото: Getty Images

Ўзлигини йўқотишдан қўрққан актриса

Димпл оилали бўлганидан кейин аввалгидек эрки ўзига боғлиқ бўлмай қолган. Замонавий калта либослар ўрнига шифон матосидан тикилган сари кия бошлаган. Кайфияти ва ўзини тутиши ҳам қизлик вақтидагидан фарқ қила бошлаган. Кўп ўтмай ёшида сезиларли фарқ бўлган жуфтлик муносабатларида дарз кетиш кузатилган. Ражешнинг машҳурликни қўлдан бой бериб, спиртли ичимликларга ружу қўйгани, шунингдек, қўпол муносабатда бўлиши ҳали ёш ва беғубор бўлган Димплнинг юрагини яралаган. Актриса 1982 йилда 8 ва 4 яшар қизлари Твинкл ва Ринка билан Ааширвадни бутунлай тарк этган.

«Биз Ражеш билан узоқ вақт давомида турмушимизнинг барбод бўлганига кўника олмадик. Аммо мен у билан қанча узоқ қолсам, ўзлигимни шунча кўп йўқотишимни тушуниб етдим. Мен унинг табассумини кўриш учун ҳамма нарса қилишга тайёр эдим», — деган у India Today нашрига берган интервьюсида. 10 йиллик турмушидан кейин бир олам ҳаётий тажриба билан кинооламига қайта қадам ташлаган Димпл «Ишонч» (1985), «Гўянда» (1993) ҳамда «Чорасизлик» (1993) сингари фильмларда муваффақиятли ролларни ижро қилган.

Фото: Getty Images

Димпл ўхшамаган турмуши, икки нафар синглиси ва укасининг вафотидан сабоқ олиб улгурган эди. «Ҳаётимнинг бутун ҳикояси юзимда ўз аксини топган. Унда беғуборлик ҳам, сиполик ҳам йўқ. Ундан кўп нарсани билиш мумкин», — деган у India Today’га берган интервьюсида. Режиссёр Мринал Сен уни Софи Лорен билан солиштириб, юзини «ҳувуллаган пейзаж»га ўхшатганда Фероз Хон: «Ҳеч бир бошқа қизда бу қадар агрессия намоён эмас», — деган. Ҳатто сочидаги эрта оралаган оқлар ҳам бошидан кечирган даврларидан мағрурона эслатма.

Фото: Getty Images

Иккинчи уриниш

Димпл катта экранларга «Севги денгизи» (1984) фильмидаги роли билан қайтган. 1985 йилда премьераси бўлган фильмдан кейин Димлп Filmfare мукофотига энг яхши актриса сифатида лойиқ деб топилган. Махеш Бхаттнинг «Қанийди»(1987) номли фильми актрисага ҳақиқий машҳурлик келтирган. «Мен Димплни у гавдалантирган қаҳрамон Пужидан фарқлай олмайман. У ҳаётида кўп нарсаларни бошдан ўтказган», — деган фильм режиссёри Бхатт.

Фото: Getty Images

«Гўянда» (1993) фильмидаги ижроси ортидан эса Миллий мукофотни қўлга киритган. 2020 йилда актриса Кристофер Ноланнинг «Дадил» номли триллерида ҳам суратга тушган. «Бу ўзимга ишонишга мажбур қилди», — дейди у. 2021 йилда эса Али Аббос Зафарнинг «Тандав» деб номланган сериалида иштирок этган. Келажакдаги лойиҳалари орасида Аян Мукержининг «Брахмастра» фентезиси ҳамда Динеш Вижаннинг ҳали номи маълум бўлмаган комедияси бор.

Яхши рафиқа

Вақт ўтиши билан Димпл ва Ражешнинг муносабатлари изига туша бошлаган. Хафагарчилик ва гинанинг ўрнини ўзаро ҳурмат эгаллай бошлаган. Ундан нима учун иккинчи марта турмушга чиқмаслиги ҳақида сўралганда: «Мен жуда ҳам бахтлиман ва ҳаётимдан мамнунман. Қайта турмуш қуришнинг нима кераги бор? Бир мартаси шундоқ ҳам етарли бўлган»,— деган.

Фото: Getty Images

Ражеш эса ҳали ҳам рафиқасини яхши кўришини яширмаган. 2011 йилда актёрда саратон аниқланганидан кейин оиласи унинг атрофида гирдикапалак бўла бошлаган. Димпл унга ғамхўрлик қилиш ва ёрдам бериш учун Ааширвадга қайтиб борган. 2012 йил 18 июлда Кҳанна ҳаётдан кўз юмганида актриса унинг олдида бўлган. Орадан 7 йил ўтиб, 2019 йил 30 ноябрда эса Димпл онасини ҳам йўқотган. Димплнинг энг ёмони ортда қолгани, энг яхшиси эса ҳали олдинда эканига ишончи комил.

Энг кўп ўқилган

Қидирув