Қозоғистоннинг Тараз шаҳри аҳолиси Ўзбекистонда биринчи атом электр станцияси қурилиши бошлангани сабаб ўз хавотирини билдирди, дейилади Atameken Business News хабарида.

Фото: «ТАСС»

АЭСга қарши маҳаллий аҳоли ўзбекистонликлар бундай кенг кўламли ва хавфли лойиҳани қўшни давлатлар билан ҳамкорликда қуриш керак, деб ҳисоблайди.

«Бундай лойиҳани маслаҳатлашиб, керак бўлса, бизнинг мамлакатнинг (Қозоғистоннинг – таҳр.) рухсатини олиб қуриш керак. Ана, Фарғонаси бор – ўша ерга қурмайдими?», – дейди таразлик фуқаро.

Нашр, шунингдек, маҳаллий аҳолининг бу ҳақдаги ижтимоий сўровга берган жавобларини ҳам эълон қилди. Қозоғистонликлар Чернобиль фалокати ва болаларининг соғлиғидан хавотирда эканини қайд этишган.

«Чернобиль фалокати эсингиздами? Қанча одам ногирон бўлиб қолганди. Менинг танишларим орасида ўша фалокат жабрланувчилари бор. Бу кимга ҳам керак? Мен қаршиман.

Мен бу лойиҳага қаршиман. Болаларим, невараларим бор. Бу бизга зарардан бошқа нарса бермайди», – дейди таразликлар.

Қозоғистонлик экологлар ҳам лойиҳага қарши чиқмоқда. Уларнинг фикрича, Ўзбекистон атом электр станциясидан олинадиган энергия нархининг арзонлигини таъкидламоқда, лекин атроф-муҳит муаммоларини инобатга олмаяпти.

Бошқа мутахассислар атом электр станциясини танқид қилишга шошмаяпти. Уларнинг фикрича, тинчлик йўлида фойдаланиладиган атом 2030 йилга бориб энергия етишмовчилигидан чиқишнинг ягона чораси ҳисобланади.

«Йилдан йилга илм-фан ривожланмоқда, дунёнинг турли олимлари Ер экотизимини яхшилашга ҳаракат қилмоқда. Бу бутун дунёнинг муаммоси, шунинг учун мен буни тўғри ёки нотўғри деб айта олмайман. Ўйлайманки, олимлар атомдан тинчлик йўлида хавфсиз фойдаланишга ўтишни яхшилаб ўйлаб чиққан», – дейди мутахассис Сауранбек Жамалбеков.

Ўзбекистон ҳукумати атом электр станцияси туфайли 4 миллиард кубометр табиий газ тежалишига умид қилмоқда.