Ўзбекистонда 24 сентябрдан бошлаб Ички ишлар органлари ходимлари томонидан электрошокердан фойдаланиш бошланди. Бу ҳақда ИИВ матбуот котиби «Дарё»га маълум қилди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

ИИО ходимларининг махсус воситалар ва ўқотар қуроллардан фойдаланиш тартиби «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонунга асосланган бўлиб, ички ишлар вазирининг бу борадаги тегишли буйруғи қабул қилинган.

Хусусан, унга кўра ИИО ходимлари томонидан электрошокердан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги кўрсатма тасдиқланган. Таъкидланишича, қурилмадан фойдаланиш фақат ССВ билан келишилган ҳолда ИИВ томонидан тасдиқланган махсус тайёргарликдан ўтганини тасдиқловчи сертификатни олган ходимларга рухсат этилади.

Ҳозирги вақтда деярли барча маҳаллий ички ишлар бўлинмалари электрошокер билан таъминланган. Қурилма билан патруль ва қоровуллик хизматларини бажаришда, шунингдек, жамоат тартибини таъминлашда иштирок этган ИИО ходимларини қуроллантирилади.

Маълумотга кўра, ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш оқибатида ИИО ходимлари ёки фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига реал хавф туғдирган тақдирда ушбу қурилма ходимлар томонидан фойдаланилади.

Маълумот учун, фойдаланишга топширилган электрошокер қурилмалари Россиянинг «Март» заводи томонидан ишлаб чиқарилган.

Аввалроқ Фарғона вилояти ИИО ходимларига хизмати вақтида электрошокер мосламасидан фойдаланиш бўйича сертификатлар топширилгани тўғрисида хабар берилганди.