Актриса Раъно Зокирова «Ўзим» лойиҳасида бир неча йил аввал нима сабабдан «Ботир Зокировнинг қизиман», деб ёлғон гапиришга мажбур бўлгани ҳақида гапирди.

«1984 йили илк фильмим — ‘Водиллик келин’ деб номланган фильмда биргаликда ижод қилганмиз ва Фаррух Каримович ўша ‘Сен кетарсан’ қўшиғини чиройли қилиб ёзиб берганлар. Қолаверса, жиянлари Наргиза Зокирова ижросида бу қўшиқ рус тилида илк бор янграган. Кейин фильм олиниб бўлингандан кейин бу қўшиқни ўзбек тилида севимли хонандамиз Кумуш Раззоқова ижро этган. Ўшандан кейин ҳам ҳамма Раъно Зокирова, демак, буларнинг авлодига тааллуқли, Ботир аканинг қизлари экан, деб ўйлашган.

Ўша вақтда 1985 йилда «Орзулар оғушида» деб номланган тарихий фильм олинган эди, ўша ерда ҳаммамизга севимли бўлган раҳматли Жамшид Зокиров отам ролини ижро этганлар. Биргаликда ишладик, титрда ҳам Жамшид Зокиров ва Раъно Зокирова кетган эди.

Ҳаётда ҳар доим у оилага тааллуқли жойим йўқлигини айтиб келганман. Лекин бир марта ёлғон ишлатишга мажбур бўлганман. Тахминан, 1988 йилда ‘Останкинo’га, Москвага киносиновларга таклиф қилишган. Ўшанда ҳам партнёрларим — раҳматли Бахтиёр Зокиров, раҳматли Зокир Мўминов, Зуҳриддин Режаметов ва яна бир нечта актёрларимиз ўша ерга бориб киносиновлардан ўтиб келишимиз керак эди.

Айрим сабабларга кўра, билетим кечроқ олинган экан. Ҳамма учиб кетяпти, мен қолиб кетяпман. Ўшанда директоримиз мени орқа тарафдан аэропортга олиб кирган, шунда учувчилар билан тўқнашиб қолганмиз. Шунда қирғизистонлик учувчи ‘Водиллик келинъни кўрган экан, менга қараб ‘Сен ўша, Ботир Зокировнинг қизимисан?’, деган.

Ўша ерда кўз ёшларим дув-дув ёғилган ва фахр билан ‘Ҳа, мен Ботир Зокировнинг қизиман’, деганман. Учувчи паспортимни очганида у ерда Зокирова Раъно Ботировна ёзилган. Шунда ёлғон ишлатишга мажбур бўлганман. Қирғизистонга учиб борганман. Ўша ерда менга чипта олиб, Тошкентга жўнатиб юборишган. Ҳақиқатан ҳам дадамнинг ҳам исмлари Ботир Зокиров», — дейди Раъно Зокирова.