Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидаги мактаб директори ўқув даргоҳидаги мавжуд 10 соат дарсни 300 долларга сотишга уринди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

Қайд этилишича, мактабида информатика ўқитувчиси етишмаган 49-мактаб директори Фахриддин Холиқов дарс ўтиш иштиёқида дарс сўраб борган ўқитувчидан 300 доллар берсагина, дарсларни беришини, шунингдек, бир кунга қўйиб беришини маълум қилган.

«Учта ‘кал’ берасиз, дарсларни бир кунга қўйиб бераман», — дейди мактаб директори дарс сўраб борган ўқитувчига юзланар экан.

Аудиоёзувдан англашилишича, бунча пул сўралганини эшитган ўқитувчи, аввалига ажабланади. Сўнгра «ўйлаб гапиряпсизми?», дея савол беради директорга. Бунга жавобан эса мактаб директори савдолашишга ўтади. «Иккита бўлса-чи?», — дейди. Ўқитувчи эса буни рад этади ва бунча пули бўлса, дарс ҳам керакмаслигини билдиради.

«Дарё» мухбири Ғузор тумани марказидан 30 километр узоқликдаги, бориш-келиш қийин, техника қатнови кам бўлган Қорайли қишлоғидаги 49-мактабда бўлиб, дарс сотишга уринган директор билан суҳбатлашди.

«Адашганман, аммо ўша пулни олмаганман, — дейди мактаб директори аудиоёзувдаги ҳолатга изоҳ берар экан. — Бу ўқитувчи биздаги информатика дарсини олиш учун келган. Кейин ўзи бу ер узоқлик қилади, бу ерда қор қалин ёғар экан деганди», — дейди мактаб директори Фахриддин Холиқов.

Фахриддин Холиқов.

Фото: «Дарё»

Мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, мактабдаги дарс тақсимотига масъул Фахриддин Пирматов мактабда дарс сотишга урунишни ўз келажагига болта уриш дея баҳолашини маълум қилди.

«Ёшлар бизнинг келажагимиз дея тарбиялаймиз, ким дарс сотса ҳам унинг фарзанди ҳам шу ерда таълим олади. Шифокор билимсиз бўлса, бир инсоннинг умрига зомин бўлиши мумкин, аммо устозлар, таълимдаги инсонлар шундай бўлса, бутун бир жамиятга зарар етказади», — дейди директор ўринбосари.

Фахриддин Пирматов мухбирнинг «Дарс сотишга уринган шахс мактаб директори бўлса нима қиласиз?», дея берган саволига «Дарс сотган одам директорми у ёки ўқитувчими, барибир кушанда», — дея жавоб берди.

Ғузор туман халқ таълими бўлими мудири Рисолат Эшқобилова аудиоёзувни эшитиб кўриб, овоз мактаб директори Фахриддин Холиқовнинг овозилигини, овозни таниганини айтиб, тасдиқлади.

«Мен бу мактаб директоридан кутмагандим, жудаям катта хатога йўл қўйибди. Энг ёмони, директор дарс соатини сотишга уриниб, ҳатто савдолашишгача борибди», — дейди Рисолат Эшқобилова.

Мазкур жараённи ўрганган ва воқеадан хабар топган блогер Капитан Каримов жамиятда виждони уйғоқ, ҳақ-ҳуқуқини талаб қила оладиган, вазир Шерзод Шерматов чақириғи ва у кўрсатган йўлдан юришга уринаётган ўқитувчилар кўпаяётганини айтмоқда.

«Мен шу директорнинг пасткаш ва оқлаб бўлмас ҳаракатини жамоатчиликка ошкор қилишга аҳд қилган ўқитувчининг ҳаракатини оқлайман ва қўллаб-қувватлайман. Унинг довюраклигини олқишлайман. Демак, ўқитувчиларимиз ўз ҳақ-ҳуқуқини англаб етиб, вазир Шерзод Шерматов талаб қилган йўлдан юрмоқда. Халқ таълими вазирининг жон куйдириб ишлаётганини ҳис қилиб, таълимнинг ривожланишини истамоқда. Қўрқмасдан айтишимиз мумкинки, ана шундай ўқитувчилар қўлида таълим-тарбия олган ўқувчининг келажаги бор. Виждони уйғоқ ўқитувчиларимиз кўпаяверсин», — дейди блогер воқеани ўрганар экан.

Мазкур аудиоёзувни тинглаган вилоят Халқ таълими бошқармаси масъуллари ҳозирча бунга бирор-бир изоҳ ёки муносабат билдирмади. Ғузор тумани ҳокими Бекзод Суюнов эса директорнинг ўйлаймай қилган иши туманда олиб борилаётган ижобий ишларга соя солганини, шу сабаб ушбу воқеага жим қараб турмаслигини маълум қилиб, «Ҳолат Халқ депутатлари туман кенгаши сессиясида муҳокама қилинади ва адолатли тўхтамга келинади», — деди «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган ҳоким Бекзод Суюнов.