UzAuto Motors барча оммабоп автомобиль моделларини ишлаб чиқаришни тиклади, деб хабар бермоқда компания матбуот хизмати.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors август ойида атиги 2 дона Gentra ва бирорта ҳам Spark ишлаб чиқармаганди. Компания буни яримўтказгичларнинг глобал танқислиги ва ишлаб чиқариш босқичма-босқич трансформация қилингани билан изоҳлаб, шу доирада ягона платформадаги автомобилларни ишлаб чиқаришга ўтиш режалаштирилганини маълум қилганди. Биринчи босқичда бу Chevrolet Tracker ва Chevrolet Onix автомобиллари бўлади.

«UzAuto Motors кенг кўламли модернизация ишларидан сўнг ўз ишлаб чиқариш ҳажмини оширмоқда. Компаниянинг Асака шаҳридаги заводида ишлаб чиқариш ҳажми кунига ўртача 800 дан ортиқ автомобилга етди.

Мажбурий танаффусдан сўнг ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши, сизга автомобилни етказиб бериш муддатини қисқартириш имконини беради», — дейилади UzAuto Motors хабарида.

Аввалроқ МИБ UzAuto Motors’дан давлат фойдасига 257 миллион сўм бож ундиргани ҳақида хабар берилган эди.