Тошкент вилоятида бир-бирига қўшни икки уйда чиққан ёнғин бартараф этилди, деб хабар беради ФВВ матбуот хизмати.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 27 сентябрь куни соат 08:47 да Тошкент тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимига туманнинг «Файзобод» МФЙ ҳудудида жойлашган Мирзо Улуғбек кўчасидаги 8-уй ҳамда унга қўшни бўлган Муҳаммад Юсуф кўчасидаги 75-уйда ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида хабар келиб тушган.

Хабарга асосан 4 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига соат 08:50 да етиб бориб, соат 08:55 да ёнғин ўраб олинган ва соат 09:30 да тўлиқ бартараф этилган.

Ёнғин оқибатида иккала уйнинг ҳам 60 квадрат метрдан майдони ёниб зарарланган.

Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида Мирзо Улуғбек кўчасидаги 8-уйнинг 200 квадрат метр майдони, Муҳаммад Юсуф кўчасидаги 75-уйнинг 100 квадрат метр майдони ёнғиндан сақлаб қолинган.

Ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Аввалроқ Самарқанддаги икки қаватли савдо марказида, Нукусда бир-бирига туташ тўртта хонадонда, Тошкентдаги «Миллий таомлар» ошхонасига мўлжалланган бинода ёнғин чиққани тўғрисида хабарлар берилганди.