Фарғона шаҳри «Шароф Рашидов» маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйларнинг бирида содир бўлган ёнғин ФВБ ходимлари томонидан бартараф этилди. Бу ҳақда «Zo‘r TV» телеканалининг «Бу кун» информацион дастурида маълум қилинди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, 27 сентябрь куни соат 17:32 да вилоят ФВБ Тезкор бошқарув марказига «Шароф Рашидов» МФЙ, Алишер Навоий кўчасида жойлашган кўп қаватли уйларнинг  бирида ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган.

Ёнғин қутқарув экипажи воқеа жойига соат 17:37 да етиб борган. Ёнғинни ўчириш баробарида хонадонда яшовчи фуқаро (1941 йилда туғилган) бинодан хавфсиз ҳудудга олиб чиқилган. 3 ва 4-қаватда истиқомат қилувчи бошқа фуқаролар ҳам хавф остида қолгани сабаб, яна уч нафар фуқаро бинонинг балкон қисмидан нарвон ёрдами хавфсиз жойга кўчирилган.

Ёнғин оқибатида уйнинг 15 квадрат метр майдони ва айрим уй жиҳозларига зарар етган, 45 квадрат метр майдон сақлаб қолинган. Ҳозирда ёнғиннинг сабаби ва зарари аниқланмоқда.

Аввалроқ Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирининг том қисмида ёнғин содир бўлгани тўғрисида хабар берилганди.