Қарши шаҳрининг «Кат» маҳалласида жойлашган мебель цехида ёнғин чиқди. Оқибатда уч киши вафот этди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълум қилди.

Фото: Соҳиб Ваитов

Қайд этилишича, ёнғин 1 октябрь куни соат 09:00 да содир бўлган.

«Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига 1 октябрь куни соат 09:10 да Қарши шаҳар ‘Кат’ маҳалласининг Насаф кўчасида жойлашган мебель ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида хабар келиб тушди. Мазкур хабарга кўра, бешта ёнғин-қутқарув экипажи соат 09:13 да воқеа жойига етиб бориб, соат 09:16 да ёнғин қуршаб олинган ва соат 09:26 да ўчирилган», — дейилади бошқарма ахборот хизмати хабарида.

Фото: Соҳиб Ваитов

Маълумот берилишича, ёнғин натижасида ишлаб чиқариш цехининг, тахминан, 200 кв/метр майдони ичидаги маҳсулотлари билан бирга ёниб зарарланган, ёнғин-қутқарувчилар томонидан 800 кв/метр майдон асраб қолинган.

«Ёнғин ичидан уч нафар фуқаро қутқарилиб, биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Қарши филиалига юборилган. Бироқ ҳодиса оқибатида ушбу фуқаролар вафот этган», — дейди бошқарма ахборот хизмати раҳбари Соҳиб Ваитов.

Қўшимча қилинишича, ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.