Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида аварияга учраган автомобиль ҳайдовчисининг ҳаётини хавфсизлик камари қутқариб қолди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизматига таяниб, «Подробно» хабар берди.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

«1 октябрь куни Spark автомобили Чимён томон ҳаракатланаётган бўлган. Тошкент—Чимён автомобиль йўлининг Бўстонлиқ тумани ҳудудига кирувчи 76-километрида ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши оқибатида машина йўлдан 150 метр пастга тушиб кетган», — дейилади хабарда.

Ҳайдовчи аёл хавфсизлик камарини таққани сабаб омон қолгани айтилмоқда. Унга ҳеч қандай шикаст етмаган, фақат бироз қўрқув билан қутулган.

Йўл-транспорт ҳодисаси жойига Тошкент вилояти ФВБнинг қутқарув отряди етиб келган. Қутқарувчилар ҳайдовчига психологик ёрдам кўрсатган, автомобиль эса бир неча дақиқа ичида махсус техникалар ёрдамида чиқариб олинган.

Аввалроқ Бўстонлиқда ФВВ дам олишга борган бир гуруҳ фуқароларни машинада жарликка тушиб кетишидан қутқариб қолганди.