Жаҳон банки Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ўсиши прогнозини 4,8 фоиздан 6,2 фоизга оширди. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё ҳудудидаги иқтисодий вазият тўғрисидаги ҳисоботига таяниб, UzNews хабар берди.

Фото: UzReport

Таъкидланишича, ушбу сценарий COVID-19 нинг ички ва ташқи иқтисодий шароитларга доимий таъсири туфайли ноаниқ бўлиб қолмоқда. Инвестиция, савдо ва пул ўтказмаларининг тикланиши эса ўсишга ёрдам беради.

Прогнозга кўра, 2022 йилда мамлакат ЯИМ ўсиш темпи юқорилигича қолиб, 5,6 фоизни ташкил қилади, бу аҳолининг эмланиши тезлашиши ва жаҳон иқтисодиётининг бузилиши камайиши ҳисобига юз беради.

Инвестиция лойиҳалари учун машиналар, ускуналар ва хом ашё импорти тикланиши ва олтин экспорти ўтган йилги рекорд даражадан камайиши ва бошқа товарлар экспортининг ўсиши эвазига тўлов балансининг жорий операциялари ҳисоби тақчиллиги 2021 йилда ЯИМга нисбатан 5,9 фоизни ташкил қилади.

Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 2021 йилда паст даражада қолиши ва 2022 йилда қисман тикланиши кутилмоқда.

«Ижтимоий ёрдамни кенгайтириш, қишлоқ инфратузилмасини яхшилаш ва эмлаш харажатларини кенгайтиришга қаратилган давлат инвестициялари 2021 йилда давлат харажатларини кўпайтиришда давом этади», — дейилади ҳисоботда.

Ушбу харажатлар солиқ тушумлари ва хусусийлаштириш даромадларининг ўсиши ҳисобига қопланади ва прогноз бўйича бюджет тақчиллиги 2021 йилда ЯИМнинг 5,5 фоизини ташкил қилади. Йил охиригача ЯИМнинг 40,6 фоизга ўсадиган давлат қарзини ошириш орқали қопланади.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон банкининг март ойидаги ҳисоботида ҳам 2021 йилда Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши 4,8 фоизгача тикланиши прогноз қилинганди.

S&P Global Ratings халқаро рейтинг агентлигининг навбатдаги ҳисоботида 2020 йилда Ўзбекистон иқтисодий ўсишга (1,6 фоиз) эришган дунёдаги камдан кам мамлакатлардан бири бўлгани таъкидланиб, аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажмини ошириш, пул-кредит сиёсатининг самарадорлигини ошириш, ҳисобдорлик ва институтлар ўртасидаги ўзаро тийиб туриш тизимининг ривожлантириш зарурати қайд этилганди.