Наманган вилоятида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 27 ёшли фуқаро ҳалок бўлди, деб хабар беради вилоят ИИБ ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, 6 октябрь куни соат 11:00 ларда Пунгон—Ғурумсарой—Поп автомобиль йўлининг 25-километрида Поп тумани «Уйғур» МФЙ ҳудудида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. 24 ёшли фуқаро Damas русумли автомашинани ишонч қоғози билан бошқариб бораётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, йўлни кесиб ўтаётган 1994 йилда туғилган велосипедчини уриб юборган.

Оқибатда велосипедчи оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида ҳалок бўлган.

Ушбу ҳолат бўйича Поп туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 6 октябрь куни Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Тошкентда 36 ёшли велосипедчи Lada уриб юбориши оқибатида вафот этгани, Наманганда Damas 68 ёшли фуқарони уриб юборгани тўғрисида хабар берилганди.