«Толибон» ҳаракати Афғонистонда экстремистик жангарилар гуруҳлари, жумладан, ИШИД террорчилик ташкилотининг бўлинмаларига қарши курашда АҚШ билан ҳамкорлик қилмоқчи эмас. Бу ҳақда «Толибон» вакили Сухайл Шаҳин маълум қилди, деб ёзмоқда АП.

Фото: AP Photo

«Толибон» вакиллари Қатарда АҚШ делегацияси билан Афғонистондаги вазият юзасидан музокаралар олиб бормоқда.

АП агентлигининг қайд этишича, Афғонистонда эктремистик гуруҳларга қарши курашиш — музокаралар давомида муҳокама қилинадиган энг асосий масалаларидан бири.

Бироқ «Толибон» ҳозирча АҚШдан бу борада ёрдам сўрамоқчи эмас. «Биз ИШИДга қарши курашни ўзимиз уддалаймиз», — дея таъкидлаган Сухайл Шаҳин.

Сухайл Шаҳин.

Фото: AP Photo

Октябрь бошидан бери Афғонистондаги иккита масжидда терактлар содир этилиб, портлашлар юз берган. 3 октябрда Кобулдаги Идгоҳ масжиди яқинида юз берган портлаш оқибатида камида 12 нафар одам ҳалок бўлган.

Шунингдек, 8 октябрда Қундуз вилоятидаги шиалар масжидида содир этилган теракт туфайли 100 га яқин киши ҳаётдан кўз юмган. Иккала портлаш учун ҳам масъулиятни ИШИД ўз зиммасига олган. Ўзбекистон ТИВ Афғонистондаги масжидда юз берган портлашни кескин қоралашини билдирган. Шунингдек, сентябрь охирида ҳам Афғонистонда «Толибон» ва ИШИД ўртасида қуролли тўқнашувлар кузатилган.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.