Ўзбекистоннинг амалдаги президенти, ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев 11 октябрь куни қашқадарёлик сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувда кичик тадбиркорликни ривожлантириш, ишсизликни камайтириш ва камбағалликни қисқартириш учун ҳоким ёрдамчилари лавозимларини жорий этиш таклифини илгари сурди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ҳоким ёрдамчилари кредит ва субсидия бериш, маҳалладаги томорқа ва бўш ерлардан самарали фойдаланиш, кооперациялар ташкил қилиш бўйича аҳолига кўмаклашади.

Шунингдек, уларнинг ўз бюджети бўлиб, эҳтиёжманд оилаларга субсидиялар ажратиш, жамоат ишларига жалб қилиш, ёшларни касбга ўқитишни ташкил этиш ҳуқуқлари берилади. Имтиёзли кредит ва субсидия оладиган аҳоли ва ишсиз фуқаролар билан камбағалликдан чиқиш ва кўпроқ даромад олишга ундайдиган «ижтимоий шартнома» тузишга ҳоким ёрдамчилари масъул бўлади.

«Ёшларни ҳоким ёрдамчиси лавозимига қўйишдан олдин 2 ой давомида янги тизим асосида ишлашга ўқитамиз, 2-3 йил маҳаллада ишлаб, ўзини кўрсатганларини келгусида раҳбарлик лавозимларига қўямиз. Ушбу тизимлар орқали келгуси беш йилда Касби туманида жами 21 минг нафар аҳоли доимий даромад манбасига эга бўлади», — дейди Шавкат Мирзиёев

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёевнинг таклифида кўра, Қашқадарё вилоятида оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида йилига 1 триллион сўм, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 100 миллион доллар, вилоятдаги тадбиркорларга кредит фоиз тўловларини компенсация қилишга, қўшимча 100 миллиард сўм ажратилади.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Қарши давлат университети қошида Абу Муин Насафий номида илмий марказ ташкил этилишини айтгани тўғрисида хабар берилганди.