Тошкент вилояти Зангиота туманидаги мебель ишлаб чиқариш цехида ёнғин юз берди. Ҳолат акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди.

ФВВ матбуот хизматининг маълум қилишича, Зангиота тумани «Чиғатой Оқтепа» МФЙ Тошкент ҳалқа автомобиль йўли кўчасида жойлашган мебель ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида хабар вилоят ФВБга 12 октябрь куни соат 15:08 да келиб тушган.

Шунга кўра, 7 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига соат 15:16 да етиб бориб, ёнғин соат 15:25 да қуршаб олинган ва соат 16:07 да батамом ўчирилган.

Ёнғин оқибатида мебель ишлаб чиқариш цехининг, тахминан, 170 квадрат метр майдондаги томи, шифти ҳамда ички жиҳозлари ёниб зарарланган.

Хабарда айтилишича, ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.