Британиялик машҳур ёзувчи Жоан Роулинг ўзининг болалар учун мўлжалланган янги — «Рождество чўчқачаси» номли китобини тақдим этди, деб хабар беради «Korrespondent.net».

Фото: Twitter / @jk_rowling

Китоб орқали ёш ўқувчилар йўқолган Сирли юртга отланадиган Жек исмли етти ёшли бола билан танишиши мумкин. Жек у ерда ҳукмронлик қилувчи қўрқинчли махлуқдан севимли ўйинчоғи — Пок лақабли чўчқачасини қутқариши керак.

Роулингнинг сўзларига кўра, мазкур китобни ёзишга ўғли Дэвид ва унинг севимли ўйинчоғи — юмшоқ чўчқача илҳом берган.

Ўз вақтида Жоан болакай ўйинчоғини йўқотиб қўйишдан шу қадар хавотирланганки, ҳатто унинг ўрнига худди шунақа ўйинчоқ ҳам олиб қўйган. Бироқ Дэвид кутилмаганда шкафдан уни топиб олган ва буни эски чўчқачасининг укаси деб ўйлаган. Шундан кейин у иккиси билан ҳам ўйнашни давом эттирган.

«Рождество чўчқачаси» бир вақтнинг ўзида инглиз ҳамда яна 20 дан ортиқ тилда чоп этилган. Китобга иллюстрацияни таниқли британиялик рассом Жим Филд чизган.

Таъкидланишича, Гарри Поттер ҳақидаги романлардан кейин Роулинг ўз кучини катталарга мўлжалланган ва детектив прозада синаб кўрган, аммо болалар учун китоб ёзмаган эди.

Аввалроқ Дэниэл Редклифф «Гарри Поттер»нинг бирорта қисми қайта суратга олинса, қайси персонажни ўйнашни хоҳлашини маълум қилганди.