Қамчиқ довонида 12 октябрь куни соат 18:30 ларда бошқарувни йўқотиб, йўл тагидан сув ўтказувчи иншоотга тушиб кетган Spark’дан 2 киши қутқарилди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Қайд этилишича, воқеа жойига зудлик билан «Қамчиқ» махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармасининг қутқарувчилари, ЙПХ ва тез тиббий ёрдам ходимлари етиб келган.

Қутқарувчилар томонидан махсус асбоб-анжомлар ёрдамида автомашинада бўлган ҳайдовчи ва бир нафар йўловчи чиқариб олиниб, тез тиббий ёрдам ходимларига топширилган. Шундан сўнг махсус автокран ёрдамида сув ўтказувчи иншоотдан автомашина чиқариб олинган. Бу вақтда ЙПХ ходимлари йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаган.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

«Қутқарувчиларнинг тезкорлик билан амалга оширган ҳаракатлари натижасида икки инсон ҳаёти сақлаб қолинди. Ҳозирда шифокорлар томонидан енгил тан жароҳати олган иккала фуқарога ҳам уйга жавоб берилган», — дейилади вазирлик хабарида.

Аввалроқ Қамчиқ довонида MAN юк машинаси ЙТҲга учраб, йўлнинг ҳаракат қисмига халақит берадиган даражада тўхтаб қолиши оқибати бартараф этилгани маълум қилганди. Бу вақтда ЙПХ ходимлари ҳаракат хавфсизлигини таъминлаган.