1925 йилнинг 13 октябрида Буюк Британиянинг ХХ асрда энг узоқ вақт ҳукуматни бошқарган бош вазири — Маргарет Тетчер дунёга келади. Давлат раҳбарлигига келган Тетчер хоним Буюк Британияни оғир иқтисодий вазиятдан олиб чиқади, ҳамда мамлакатнинг янги йўлини қуради. «Дарё» колумнисти Муҳаммадқодир Собиров Буюк Британия тарихида «Тетчер даври»ни яратган Маргарет Тетчер ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилади.

Болалик ва таълим

Маргарет Ҳилда Робертс (Тетчер унинг эрлик фамиляси) 1925 йил Англиянинг Линколншир графлигида жойлашган Грантҳем шаҳрида таваллуд топган. Унинг оила аъзолари кичик тадбиркорлик билан, отаси Алфред Робертс бўлса сиёсий фаолият билан ҳам шуғулланарди. Хусусан, Грантҳем мери лавозимида ишлаган отаси Маргаретни Оксфорд университетига ўқишга киришига кўмаклашади. 1943 йил, Иккинчи жаҳон уруши авж олган пайтда Маргарет Оксфорд университетининг Сомервилл коллежи кимё йўналишига ўқишга киради. Унинг бу ердаги устозларидан бири, Нобель мукофоти лаурети Дороти Ҳожкин эди.

Бироқ Маргарет кимёдан кўра кўпроқ сиёсатга қизиқарди. Олийгоҳда у Консерваторлар партиясига қўшилади ва Оксфорд университети консерватив уюшмаси президенти бўлади. Олийгоҳни битирган Маргарет кимёгар-тадқиқотчи бўлиб ишлашни бошлайди.

Ёш Маргарет Тетчер

Фото: Google Images

Сиёсатга эрта қадам

Университетни битирганидан икки йил ўтиб Маргарет илк сиёсий фаолиятини бошлайди. У 1950 йил Лейбористлар партияси тарафдорлари кўп бўлган Дартфорд округидан депутатликка номзодини қўяди. Лекин бу ва 1951 йил бўлиб ўтган сайловларда Маргарет ғалаба қозона олмайди, бироқ у олдинги Консерваторлар партиясидан кўрсатилган номзодлардан кўпроқ овоз йиғади.

Муваффақиятсизликдан икки ой ўтгач Маргарет бой тадбиркор Денис Тетчерга турмушга чиқади.

Ҳуқуқшуносликни ўрганиш учун бир қанча вақт сиёсатдан чекинган Тетчер Карл ва Марк исмли эгизак фарзандли ҳам бўлади. Бу вақт ичида у сайловда ғолиб бўлиш эҳтимоли юқори бўлган округни қидиради.

1959 йил Тетчер консерваторлар ҳукмрон бўлган Финчли округидан сайловга ўз номзодини қўяди ва осонлик билан ғалаба қозонади. У киритган биринчи қонун лойиҳаси оммавий ахборот воситаларининг маҳаллий ҳукумат йиғилишларини ёритиш ҳуқуқи ҳақида эди. У қонун матбуот эркинлигига эмас, балки ҳукуматнинг исрофгарчилик харажатларини чеклашига эътибор қаратиши ҳақида айтиб ўтади.

1961 йил Тетчер Пенсия ва миллий суғурта ишлари вазирлигида парламент маслаҳатчиси лавозимини эгаллади. 1964 йилги ҳукумат сайловларида Лейбористлар партияси ғалаба қозонгач Маргарет «Соя кабинети» деб номланган сиёсий лидерлар гуруҳига аъзо бўлади.

Консерваторлар ҳокимиятни қайтариб олгач Тетчер Таълим ва фан вазирлиги давлат котиби (вазири) этиб тайинланади. Давлат котиблигининг иккинчи йилида у Лейбористлар партияси томонидан мактаб ўқувчилари учун жорий қилинган бепул сут дастурини бекор қилади. Шундан сўнг уни танқид қилиб, «Тhatcher, the milk snatcher» (Тетчер сут ютувчи) дея масхара қилишади. Кўплаб норозиликларга қарамай Тетчер лавозимини сақлаб қолади ва 1974 йил консерваторлар сайловда яна мағлуб бўлиб мухолифатга ўтгач, собиқ бош вазир Эдвард Ҳитдан партия раҳбарлигини тортиб олади. Бу ғалабадан сўнг Тетчер мухолифат лидерига айланган биринчи аёлга айланди.

Денис ва Маргарет Тетчер тўй оқшомида

Фото: Иcпресс

Буюк Британия тарихидаги биринчи аёл бош вазир

1970 йилларда Буюк Британия сиёсий ва иқтисодий инқироз даврида эди. Давлат деярли банкротлик ёқасига келган, ишсизлик кўпайиб, касаба уюшмалари ва ҳукумат ўртасида зиддиятлар кучайганди. Бу вазият Консерваторларнинг яна ҳокимиятга қайтишига ёрдам беради. 1979 йил сайловларда ғалаба қозонган Консерваторлар партияси етакчиси Маргарет Тетчер бош вазир лавозими эгаллайди ва Буюк Британиянинг илк аёл бош вазири сифатида тарихга киради.

Ҳукуматга келгач Тетчер Лейбористлар партиясини иқтисодий тангликни юзага келтиргани учун танқид қилади. Кейинроқ эса у «жаҳон ҳукмронлигига мойил» сифатида Совет Иттифоқига ахборот ҳужуми уюштиради. Бунга жавобан совет газеталари уни «темир хоним» деб атайди ва бу ном Тетчернинг ўзи томонидан ҳам қабул қилинади. Шу тариқа Буюк Британия тарихида ўн бир йил давом этган «Тетчер даври» бошланади.

Ҳукуматдаги дастлабки даврида Тетчер тўғридан-тўғри солиқларни камайтиради, аммо харажатлар учун солиқларни оширади. Мамлакатда инфляция ва ишсизлик юқори нуқтада эди. «Темир хоним» бунга қарши курашиш учун ҳукумат харажатларини камайтиради, давлат томонидан қурилувчи ижтимоий уй-жойлар ва жамоат транспортини хусусийлаштиради, инфляция билан курашиш учун фоиз ставкаларини оширади.

Фото: AP Photo

Ташқи сиёсатда эса Тетчер Фокленд ороллари учун Аргентина билан уруш бошлайди. 1982 йил апрель ойида Аргентина қўшини Фокленд оролларига туширилади ва орол Аргентина қўлига ўтади. Бу орол узоқ вақтдан бери Буюк Британия ва Аргентина ўртасида можарога сабаб бўлиб келаётганди. Орол жуда кўп йиллар Буюк Британия мулки бўлган бўлса-да, Аргентина соҳилида жойлашганди. Тетчер дарҳол жавоб чорасини кўради ва Фоклендга Британия қўшинини юборади. 2 май куни инглиз сувости кемаси Аргентина крайсерини чўктириб юборади. Натижада уч юздан ортиқ одам ҳалок бўлади. Ой охирида инглиз қўшини орол пойтахти Порт-Стенлини эгаллайди ва июнда Аргентина мағлубиятини тан олади. Фокленд Буюк Британия таркибида қолади, бу ғалаба Тетчернинг нуфузи янада ортади.

Иккинчи муддат

Урушдаги ғалаба ва иқтисодий ўсиш Тетчернинг иккинчи муддатга сайланишига сабаб бўлади. Касаба уюшмалари билан кураш давом этади, Тетчер ҳукумати кончиларнинг бир йиллик иш ташлашига жавобан ҳеч қандай ён бериш амалга оширмайди. Шунингдек, Тетчер ўзининг асосий ислоҳотларидан бирини амалга ошириб, British Telecom, British Gas, British Airways, Rolls-Royce ва бошқа бир қатор йирик давлат корхоналарини хусусийлаштиради.

1984 йили октябрь ойида Брайтон шаҳридаги консерваторлар конференциясига келган Маргарет Тетчер ҳаётига суиқасд уюштирилади. Ирланд айирмачилари томонидан ўрнатилган бомба портлатилиши оқибатида бир неча киши жароҳатланади, аммо Тетчер портлашдан ҳеч қандай зарар кўрмайди. Аксинча Тетчер қўрқмасдан конференцияни давом эттиришни талаб қилиб туриб олади ва эртаси куни нутқ сўзлайди.

1983 йил Фокленд оролларига ташриф буюрган Маргарет Тетчер

Фото: AP Photo

АҚШ президенти билан яқин муносабатлар ўрнатган Тетчер, Европа иттифоқи раҳбарлари билан мураккаб дипломатик алоқаларга эга эди. Чунки Тетчер Европа Иттифоқи лойиҳасини сиёсий тузилма эмас, балки эркин савдо зонаси бўлиши керак деб ҳисобларди.

1984 йилда Тетчер СССР етакчиси Михаил Горбачёв билан учрашади. Шу йили у Хитой ҳукумати билан Гонконг келажаги тўғрисида шартнома имзолайди. АҚШнинг Ливияга ҳужумини қўллаб-қувватлаган Тетчер Америка кучларига ҳужумларни амалга ошириш учун Британия базаларидан фойдаланишга рухсат беради.

Кетиш

1987 йилги сайловларда учинчи марта ғалаба қозонган Тетчер бутун мамлакат бўйлаб стандарт ўқув дастурини жорий этишга ва мамлакатнинг ижтимоийлаштирилган тиббиёт тизимига ўзгартириш киритишга интилади. Бироқ унинг «сўров солиғи»(солиқ тўламаганларнинг сайлов ҳуқуқидан маҳрум этилиши сабаб шундай номланган) деб номланган маҳаллий солиқни жорий қилишга уриниши кўча норозиликлари ва кўпчилик тарафдорларининг ундан юз ўгиришига олиб келади. Партия ичида ҳам келишмовчиликлар келиб чиқади.

Фото: AP Photo

Собиқ Мудофаа вазири Майкл Ҳезелтайн Европа Иттифоқи ҳақидаги турлича қарашлар сабаб партия раҳбарлиги учун Тетчер билан кураш бошлайди. Тетчер партия раҳбарлиги сайловининг биринчи босқичида кичик фарқ билан ғалаба қозонади. Бироқ Вазирлар кабинетидаги ҳамкасблари ундан истеъфога чиқишни сўрайди. 1990 йил 28 ноябрда Маргарет Тетчер Буюк Британия бош вазири лавозимидан муддатидан аввал истеъфога чиқади. Бунинг эвазига у ўз ўрнини Ҳезелтайнга эмас, балки яқин ҳамкасби Жон Мейжорга қолдиради.

Сиёсатдан кейинги ҳаёт

Тетчер 1992 йилга қадар Лордлар палатасида қолади. У дунё етакчиларидан бири ҳамда сиёсатдаги кашшоф аёл сифатида бошидан кечирганлари ҳақида «Даунинг-стрит йиллари» ва «Ҳокимиятга йўл»  китобларини ёзади. Шунингдек, 2002 йилда унинг халқаро сиёсат ҳақидаги фикрлари баён қилинган «Statecraft» («Давлат бошқаруви») китоби ҳам нашр қилинади.

2000 йиллар бошида Маргарет Тетчер бир нечта жудоликни бошдан кечиради. Унинг эллик йиллик турмуш ўртоғи Денис Тетчер вафот этади. Бироз ўтиб эса эски дўсти ва иттифоқчиси Роналд Рейган билан хайрлашади.

2007 йили Буюк Британия парламентининг қуйи палатаси ҳисобланувчи Жамоалар палатасида Маргарет Тетчернинг ҳайкали ўрнатилади.

Қиролича Елизавета II ва Маргарет Тетчер. 2009 йил

Фото: Getty Images

Кейинги йилларда инсульт туфайли хотира муаммолари билан курашган Тетчер сиёсат ва медиадан узоқда юради. 2013 йил 8 апрелда ХХ асрдаги энг кўзга кўринган сиёсий арбоблардан бири бўлган Маргарет Тетчер вафот этади.

Унинг ҳаёти ҳақида Мерил Стрипнинг «Темир хоним» фильми суръатга олинган.