Хоразм вилояти ФВБ ижтимоий тармоқларда тарқалган Хива шаҳридаги бозор ёниб кетгани тасвирланган видео юзасидан маълумот берди.

Маълум қилинишича, 13 октябрь куни соат 00:52 да Хива шаҳар ФВБ навбатчилик қисмига «Сангар» МФЙ Элобод кўчасида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида хабар келиб тушган. Зудлик билан воқеа жойига ёнғин-қутқарув бўлинмалари йўналтирилган.

Ўт ўчирувчилар ҳодиса жойига соат 01:03 да етиб борган, ёнғин 01:34 да ўраб олиниб, соат 02:13 да ўчирилган. Ёнғин оқибатида 100 квадрат метр майдонда жойлашган 9 та вақтинчалик ёйма типдаги озиқ-овқат савдо расталарига зарар етган.

Ҳозирда ёнғин сабаби ва зарари аниқланмоқда. Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ.

Аввалроқ Тошкент вилоятидаги мебель цехида ёнғин чиққани, Қарши шаҳридаги мебель цехида содир бўлган ёнғин оқибатида уч нафар фуқаро вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.