Ҳар йили октябрь ойининг иккинчи пайшанбасини Бутунжаҳон кўриш куни сифатида нишонлаш одатга айланган. Бу кунда халқаро ҳамжамият эътибори кўриш имконияти чекланган инсонлар муаммоларига қаратилади. Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти маълумотига кўра, мамлакатда 66 мингдан ортиқ кўриш имконияти чекланган инсон мавжуд. Хўш, ана шу бир неча ўн минг сонли қатлам таълим олиш, транспортдан фойдаланиш, касб танлаш-у ҳамма табиий равишда олиши мумкин бўлган ижтимоий имкониятлардан қай даражада фойдалана оляпти? «Дарё» мухбири Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти аъзоси, фалсафа доктори (PhD) Абдулла Абдухалилов билан шу мавзуда суҳбатлашди.

Абдулла Абдухалилов — Ўзбекистон Миллий университети доценти. АҚШда «Ногиронлик муаммолари ва ҳимояси» халқаро етакчилик дастури, Японияда «Ногиронлар ўртасида етакчиликни ривожлантириш ва тажриба алмашиш» дастурлари ўқувчиси. Социология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD). Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), БМТ тараққиёт дастури (UNDP), ЮНИСЕФ каби халқаро ташкилотларнинг лойиҳаларида давлат бошқаруви, ногиронлик ва инклюзив таълим тўғрисида маслаҳатчи ва мураббий, БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини Ўзбекистонда ратификация қилиш бўйича фаол иштирокчи. Ўзбекистон ногиронлар ассоциациясининг стратегик масалалар бўйича раиси ўринбосари.

Абдулла Абдухалилов.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

«Сен ногиронсан, алоҳида синфда ўқишинг керак!». Қонун ва қарор чиқарувчилар шу таълимни инклюзив деб ўйлашади

Инклюзия — барча учун тенг имкониятлар бера оладиган таълим. Унда кўзи ожиз, эшитишида, таянч-ҳаракатида нуқсони бор ёки соғлом — ҳамма биргаликда ўқий олади. 1996 йилдан бери инклюзив таълим ҳақида турли қарору қонунлар чиқиб, минбарларда адоғи йўқ нутқлар қилинса-да Ўзбекистонда у ҳалигача мавжуд эмас. Ногиронлиги бор бола таълимининг асосий қисми ўтадиган умумий ўрта таълимни ё махсус мактаб-интернатларда ўқиб, жамият дискриминациясидан маълум йиллар давомидагина холи бўлиши ёки уй таълимини танлаши мумкин.

Афсуски, буларнинг иккаласида ҳам қониқарли билим олиш амримаҳол. Инклюзиянинг таълимда ҳалигача қўлланилмай келаётганининг бош сабаби эса уни жорий қилиш тўғрисидаги бирор стратегиямиз йўқлигида. Тасаввур қилинг, сиз бизнес қилмоқчисиз. Аммо қандай бизнес, қачон ва қанча пул тикиб бошлашингизни аниқлаб олмагансиз. Шунчаки хоҳишнинг ўзи билан охири йўқ турли тренинг ва машғулотларга қатнаб пул ва вақтингизни сарфлаб юрибсиз. Бизда ҳам инклюзияни жорий қилиш ҳақидаги гаплар шу ҳаракатга ўхшайди. Қачон ва қай тартибда, қанча маблағ ажратилиб бошланиши ўйланмаган, аммо бошлаш ҳақида бир неча ўн йиллардан бери адоқсиз тренинг ва машғулотлар ўтиб келинади. Ҳаракатлар тренинг билан бошланади ва яна у билан ниҳояланади.

Уларга сарфланаётган маблағлар билан жилла қурса бир нечта мактабни инклюзивлаштириш мумкин эди. Стратегия ишлаб чиқиш зарурлиги ҳақида бу ишларга алоқадор кимга айтган бўлсам, ҳаммадан яхши фикр, буни қилиш керак деган жавобни оламан. Лекин на бирор ҳаракат ва на ҳаракатсизлик учун сабаб кўрсатилади.

Ўтган йили 2020–2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилган. Унда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб айрим мактабларда инклюзив таълимни қўллаш кўзда тутилган. Аммо ушбу жараён синов тариқасида таянч коррекцион синфлар ва ихтисослаштирилган гуруҳларни ташкил этиш орқали бошланиши айтилган. Бу сен имконияти чеклангансан, шунинг учун алоҳида синфда ўқишинг керак каби ҳаракат бўлиб қолмайдими?

Ҳамма соғлом болалар имконияти чекланганларнинг махсус синфига ғайритабиий назар билан қараб, улардан узоқроқ ўтиши, ўқитувчилар синфлар ҳақида ўзаро суҳбатида анави ногиронлиги борларнинг синфи деб гапириши махсус синфларнинг ўзи табиий равишда келтириб чиқарадиган дискриминация-ку. Ушбу таълим ногиронлиги бор ўқувчилар, уларнинг ота-оналарига жиддий психологик зарба беради. Билмадим, инклюзияга бундай қадам қўйиш ҳақида қайси тажрибадан мисол олиб қарор қилишган экан? Уларнинг ўйлашига кўра бўладиган бундай инклюзиядан ногиронлиги борлар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлардаги сегрегация яхши.

Маълумот учун: ногиронлиги борларнинг таълимга қамраб олиниши шартли равишда тўртга: эксклюзия, сегрегация, интеграция, инклюзияга бўлинади. Эксклюзияда ногиронлиги бўлганлар таълимдан ташқарида бўлади, яъни улар учун таълим мавжуд эмас. Сегрегацияда улар учун умумий таълимдан ташқарида махсус ўқув муассасалари ташкил қилинса, интеграцияда таълим муассасаларида ногиронлиги бўлганлар учун махсус синф ёки гуруҳлар тузилади. Инклюзияда эса синф ёки гуруҳларда имконияти чекланиш, чекланмаслигидан қатъи назар, ҳамма ўқий олади.

Иллюстрация : «Дарё» / Дилзода Ҳамиджонова

Янги таҳрирдаги «Таълим тўғрисидаги» қонуннинг 20-моддасида инклюзив таълим ҳақида норма киритилган, аммо унинг низоми йўқ. Бу эса қайси боғча, мактаб, ОТМ инклюзивлашган ё инклюзивлашмаганини билишимиз, мажбуриятлар бажарилмаганда ҳақ-ҳуқуқларимизни талаб қилиб чиқишимиз учун асоснинг ўзи йўқ дегани. Чиқаётган қарору фармонларнинг бири бошқасини тўлдирмайди.

Қониқарсиз таълим ва жамият дискриминацияси: Сабаб махсус мактаблар бўлиши мумкин

Хўш, нега тайёр мактаб-интернатлар турганда ногиронлиги борлар таълими умумтаълим мактабларида давом этиши керак деган савол туғилиши мумкин. Аввало бу ногиронлиги бўлганларни жамиятдан ажратиб қўйиши мумкин. Яъни 11 йил давомида махсус мактабда ўзига ўхшаган имконияти чекланганлар билан ўқиган бола, ўзидан фарқлиларни кўрганда табиий равишда беҳузур бўлади.

Бошқача айтганда, ҳар қадамда ўзини ноқулай ва ортиқчадек ҳис қилиб, одамови бўлиб қолади. Бундан ташқари ногиронлиги бўлганлар билан ҳаётининг маълум қисмини ўтказмаган одам улар билан қандай муомалада бўлишни билмайди ва ўз-ўзидан ногиронлиги борларни учратганда ғайритабиий одамни кўргандек қарайди. Айримларда улардан узоқроқ юриш, ёнига бормаслик каби ҳолатлар ҳам учрайди. Натижада икки тараф ҳам бутун умри давомида бир-бирини тушунмай ўтади. Кўриб турганингиздек, таълимда бирга бўлмаслик гарчи ҳеч ким хоҳламаса-да жамият аъзолари орасидаги жиддий дискриминацияни келтириб чиқармоқда.

Кўз кўриб қотади деган жумлани кўп ишлатамиз. Агар ногиронлиги борлар ҳам бошқа одамлар ҳам бирга ўқиса, кўчаларда биргаликда кўпроқ ҳаракатланса, нуқсони бор ёки йўқликни ҳамма табиий равишда қабул қилишга кўникади. Бундан ташқари алоҳида таълим икки тарафдаги ўқув сифатининг фарқли бўлишига сабаб бўлади. Бизда ногиронлиги борлар учун махсус мактаблар ва мактаб-интернатлар талайгина бўлса ҳам ўқитиш сифати умумтаълим мактабларида ўқийдиган соғлом болаларники каби эмас.

Бу исботлаш шарт бўлмаган хулоса ва давлатнинг ўзи ҳам билади. Шунданки, ОТМларга кириш имтиҳонларида имконияти чекланганлар учун имтиёз берилган. Ушбу имтиёз ҳам маълум ажратишга ўхшаб қолади. Ногиронлиги бор, ногиронлиги йўқ дегандек. Имтиёзсиз ўқишга кирган талабанинг миясида имтиёз билан ўқишга кирган ногиронлиги бор курсдошига бу имтиёз билан кирган, билими меникидан паст деган фикр бўлиши ва ўзига тенг кўрмаслик ҳолатлари ҳам келиб чиқиши мумкин.

Халқаро ҳуқуқда ижобий дискриминация деган тушунча бор. Қачонки давлат органлари бирор тоифага керакли шароитларни яратиб бермаса, ундан кейинги салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун маълум имтиёзлар беради. Шунда бу ижобий дискриминация бўлади. 2 фоизлик квота ҳам дискриминациядек туюлиши мумкин, аммо ҳозир ундан бошқа яхшироқ ечим ҳам мавжуд эмас. Биласизми, бугун шу икки фоизлик квотанинг ҳам тўлмай қолиш ҳолатлари кузатилади. Тўғри, бир тарафдан бу ногиронлиги борларнинг ҳам ўз билимига боғлиқ. Бошқа тарафдан муаммонинг ортида мактабларда яхши ўқитмаслик ва номи бору ўзи йўқ, ҳатто бу назорат ҳам қилинмайдиган уй таълими ётади.

Умуман, таълимда имтиёзлар бўлиши яхши эмас. Бу кейинчалик сифатга таъсир кўрсатиши мумкин. Эҳтимол, келгусида ногиронлиги борлар учун ҳам мактаб таълим сифатли бериладиган тизим ташкил қилинса, алоҳида имтиёзни бекор қилиб, ўрнига муқобилроқ вариант, масалан, контракт баллини тўплаганларга бюджетда ўқиш имконини бериш керакдир. Чунки ногиронлиги бўлганлар яшайдиган оилаларда кўп ҳолларда пул топиш қийинроқ бўлади.

ОТМларга ногиронлиги бор ишчи ва ходимлар билан ишловчи бўлим керак

Гарчи ногиронлиги бўлган ва бўлмаган талабалар биргаликда ўқиётган бўлса-да олий таълимда ҳам инклюзивлик йўқ. Инклюзияга ҳамманинг биргаликда таълим олишидан ташқари имконияти чекланганларнинг ўқиши учун зарур эҳтиёжлар: брайл алифбосидаги китоб, методик қўлланма, бундай таълимни бера оладиган педагог, пандусу мунтазам ишлаб турадиган лифт, кўзи ожизлар ҳаракатланиш учун тактил плиткалар ҳам киради. Аммо деярли бирор ОТМда буларни биргаликда, жам ҳолатда учратмайсиз. Лифт борида пандус, пандус борида эса махсус китоблар бўлмайди. Энди айтинг-чи, инклюзив деб қайси таълимни айтишимиз мумкин?

Абдулла Абдухалилов.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Кўзи ожизлар учун ОТМларга кириш имтиҳонларида махсус имтиёз аввалдан бор ва имтиҳонлар ҳам одатдагидан фарқли — оғзаки шаклда бўларди. Қолаверса, 2018 йилда бери ногиронлиги борлар учун қўлланилаётган махсус имтиёзли квоталар ОТМларда имконияти чекланган талабаларнинг кўпайишига ҳисса қўшди. Икки фоизли имтиёз умумий квотадан келиб чиқишини инобатга оладиган бўлсак, ОТМда ушбу квоталар ошиши билан ногиронлиги бор талабаларни қамраб олиш ҳам ортиб бораверади. Бу эса улар билан ишловчи алоҳида бўлимни тақозо этади.

Афсуски, айни дамда республикада қанча ногиронлиги бор талаба борлиги ҳақида аниқ ҳисобот юритилмайди. Кадрлар бўлими, маънавий-маърифий, халқаро алоқалар, методик бўлимлари бор, аммо ногиронлар билан ишловчиси йўқ. Айнан шундай бўлимгина бу рақамларни ҳисоблаши, муаммоларни очиқ айтиб ҳуқуқларини талаб қилган ҳолда ОТМларни ногиронлиги борларнинг ННТлари, уюшмалари билан боғлаб туриши мумкин. Шунда муаммолар ҳам аста-секин ечилишни бошлайди.

Модомики, бу вазифаларни бажариш кимнинг бўйнидалиги аниқ бўлмас экан, қиламиз, бажарамиз каби декларатив баёнотлар олишдан нарига ўтолмаймиз. Имконияти чекланган талабалар билан ишловчи бўлимлар, ногиронлиги бўлган талабалар касаба уюшмалари халқаро тажрибада кўп учрайди. Уларга ногиронлиги бўлган талабаларнинг ўзи раҳбарлик қилади ва ОТМ раҳбариятига бевосита боғланган ҳолда иш олиб боради. Қолаверса, ОТМларда нафақат кўзи ожизлар ўқийди, балки ишлайди ҳам.

Шахсан ўзим ҳам 15 йилдан бери ўқитувчилик қилиб келаман. Кўзи ожиз педагогларни асосий қийнайдиган муаммо — улар учун ёрдамчи котибаларнинг берилмаслиги. Ўзим ҳам кўп йиллар давомида бундай ёрдамчининг йўқлигидан қийналиб келаман. Яхшиям ҳамкасбларим, талабаларим-у устозларим бор. Улар ҳатто керакли нарсани ўқиб, зарур пайтда ҳарф теришгача кўмак беришади. Аммо ҳар доим ҳам улардан ёрдам олишга хижолат тортади одам. Кўзи ожиз ўқитувчилар учун ёрдамчи котибалар берилиши дунёда кенг қўлланиладиган тажриба. Халқ таълими тизимида ҳам кўзи ожиз ўқитувчилар учун «таржимон-котиба»ларни ажратиш ҳақида вазирнинг буйруғи бор. Бу ҳам ҳали тўлиқ қўлланилмайди. Балки, вақт ўтиб изига тушиб кетар. Аммо олий таълимда бундай норманинг ўзи ҳам мавжуд эмас. Ёрдамчи котибаларнинг бўлиши кўпчилик кўзи ожизлар учун илм қилиш имкониятини оширарди. Агар ногиронлиги борлар билан ишловчи бўлим бўлганда кўзи ожиз педагогларнинг бу муаммога шу бўлим орқали юқори органларнинг эътиборини қаратиши осонлашарди.

Муаммо иш эмас, ишлаб қолиш. Иш берувчилар кўзи ожизлар билан қандай муносабатда бўлишни билмайди

Нафақат кўзи ожиз, балки имконияти чекланган бошқа инсонлар учун ҳам бу касб яхши деб мутлақлаштириш хато. Ушбу ҳаракат жамият аъзолари орасида турли стереотипларни пайдо қилибгина қолмай, уларнинг ўзига нисбатан ишончсизликни ҳам пайдо қилади. Агар сиз учун ўқитувчилик яхши касб дейдиган бўлсак, мен ошпаз бўлолмас эканман деган хулоса келиб қолиши мумкин. Ҳар бир инсоннинг ўз потенциали ва иш берувчининг ўз талаби бўлади. Ишга олиш жараёни шулар асосида бўлиши керак. IТ, таълим, тиббиёт, ҳунармандчилик — кўплаб соҳаларда кўзи ожизлар орасидан чиққан профессионал мутахассисларни кўришингиз мумкин.

Биласизми, дунёда энг зўр массажчилар орасида кўзи ожизлар кўпчиликни ташкил қилади. Шунинг учун жаҳон тажрибасида кўзи ожизларни массажчилик бўйича ўқитиш кенг қўлланилади. Масалан, Японияда кўзи ожиз массажчи билан соғлом массажчини танлаш керак бўлса, кўзи ожизини танлашади. Бу соғлом одам учун дискриминациядек туюлар, аммо кўриш имконияти чекланганларнинг кўзи кўрмагани учун қўллари яхши ишлайди. Қолаверса, иш топиш жараёни соғлом одамда тезроқ ва осонроқ битиши мумкин. Ана шундай касб курсларига ўқитишни бизда ҳам кўпроқ ташкиллаштириш керак. Токи уларнинг танлов имконияти кенг бўлсин. Албатта, бу катта куч ва кенг имкониятни талаб қилади. Эҳтимол, каттароқ одамларнинг аралашуви керак бўлар.

Ўзбекистонда ногиронлиги бўлганларга иш топишда кўмаклашувчи сайт — «ishplus.uz» фаолияти йўлга қўйилган. У ҳақда кўп маълумотим йўғ-у, аммо хайрли ва яхши ташаббус бўлган. Умуман олганда, ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминловчи ҳар қандай лойиҳа, гарчанд у яхши натижа бермаса ҳам, ҳозирги шароитимиз учун зарур. Чунки бундай лойиҳалардаги хатолар истиқболдагилари учун тажриба бўлади. Аммо ногиронлиги борлар, жумладан, кўзи ожизларнинг асосий муаммоси иш топиш эмас, балки топган ишида узоқ муддат ишлаб қолиш.

Аксарият кўзи ожизлар ишга киради, аммо 3-4 ойдан кейин бўшаб кетади. Бунга иш берувчилар ва ходимларнинг ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлаш кўникмасининг йўқлиги сабаб бўлмоқда. Замонавий иқтисодиётда инсон капитали деган концепция бор. Ҳар бир инсон бу ресурс. Фақат уни ривожлантириш йўлларини ўйлаш керак. Ногиронлиги бўлган шахслар ҳам аслида жиддий ресурс ҳисобланади. Тасаввур қилинг, шу ресурсни ривожлантирадиган бўлсак, қандай натижаларга эришиш мумкин.

Беш минглаб фан орасидан энг муҳимлари учун брайл дарслик тайёрлаш керак. Муҳимлик даражаси эса мавжуд эмас

Кўзи ожизлар муаммолари ҳақида қаерда ва қачон гапирилмасин, брайл алифбосидаги китоб-у дарсликларининг йўқлиги ва етишмаслиги бош мавзу бўлади. Бу шунчалик катта масалаки, кўриш имконияти чекланганлардаги бошқа муаммолар унинг ортида иккиламчига айланади-қолади. Мактабларда бу масалани маълум қадар қониқарли дейиш мумкин. Аммо ОТМлардан қидирсангиз ё умуман йўқ ёки бир неча донагина бўлиб чиқади. Ҳозирча кўзи ожиз талаба ва ўқитувчилар бир нечта фанлардан тасмага ёзиб олинган аудио китоблар билан ўрганиш ва ўргатишни амаллаб турибди.

Қолаверса, телефонлардаги ТалкБаcк каби дастурларда электрон китобларни ўқиса бўлади. Аммо у ҳам муаммосиз эмас. Бундай дастурларнинг аксари ёзувларни рус тилида ўқишга мўлжалланган. Ўзбек тилида ҳам ўқийди. Аммо у сифатли ва равон эмас. Ўзим ишлайдиган Миллий университетда ҳам талайгина кўзи ожиз талабалар бор. Улар учун дарсликларни брайл алифбосида чиқариш кераклиги ҳақида раҳбариятга айтганимда муҳимларини чиқарамиз дейишди.

Энди савол туғилади: уларнинг қайси бири муҳим? Университетда 5000 дан зиёд фан орасидан нечтаси, қайси мезонлар асосида танлаб олинади? Айрим китоблардан намуналар тайёрланди, аммо унинг ҳам устида ишланадиган жойлари кўп. Сўз бойлиги кам, ўқиш анча қийин. Тўғри, брайл алифбосидаги китоблар одатийларидан фарқли равишда анча меҳнат ва маблағни талаб қилади.

Умумтаълим мактаблар ва ОТМлар одатий дарсликлар билан тўлиқ таъминланмай турган бир пайтда брайл китобларнинг йўқлигини табиий қабул қилиш мумкиндир. Биз кўникиб ҳам кетармиз, югурик вақт эса кутиб турмайди. Биз яратиб бермаган шароитдан таълимни қониқарсиз тугатган талабаларнинг йиллаб кетган вақти уволига қолмаймизми?

Ногиронлиги борлар ҳасса-ю, аравачага навбат кутиб дунёдан ўтиб ҳам кетади…

Ўзбекистонда имконияти чекланганлар учун технологик воситалар ишлаб чиқарувчи корхоналар ниҳоятда кам. Ногиронлар аравачаси, эшитиш мосламаси, брайл принтеру дисплей, кўзи ожизларга мўлжалланган ҳассалар учун йиллар давомида кўплаб ногиронлиги борлар навбат кутишига тўғри келади. Чунки бундай техникалар ё кам, ё умуман ишлаб чиқарилмайди. Хориждан келиши кутилади. Ҳатто айримлар кутиб-кутиб бу дунёни тарк ҳам этади.

Масалан, мен ҳассадан фойдаланаман. Аммо учта ҳассам бўлса, уларнинг бирортасини Ўзбекистондан олмаганман. Россия, Япония, АҚШдан ўзим борганимда олиб келганман. Нима учун? Чунки улар сифатли. Ундан кўра ўзимизда сифатли ҳассалар чиқарилсаю, мен ўшаларни олсам яхши эмасми?

Эҳтимол, бундай техникаларни ишлаб чиқариш учун корхоналарга маълум мотивация етишмаётгандир. Уларга солиқ имтиёзлари, преференциялар берилиши керакдир. Ногиронлиги бўлганлар учун тўсиқсиз муҳитни буларсиз таъминлашнинг иложи йўқ. Уларнинг яшаши учун зарур бўлган техникаларнинг ўзи йўқ бир пайтда қўшимча имконият берадиганларини айтмаса ҳам бўлади.

Журналистлар биздан қаҳрамонлик қидириб, ўзга сайёралик каби тасвирлайди

Телевидение, радио, газетаю интернет сайтларида ногиронлиги борлар ҳақида тайёрланадиган контентнинг деярли ҳаммаси одамларнинг раҳм-шафқатини қўзғатадиган тарзда қилинади. Ногиронлиги бўлса-да, кўзи ожиз бўла туриб, бу ёруғ оламни кўролмаса-да, шундай натижаларга эришди деб қаҳрамон ясашади. Ёки ахир унинг имконияти чекланган, шундай қилиш адолатданми тарзида ўзларидан раҳмдилни ясаб олишади.

Биласизми, бу жамият орасида ногиронлиги борлар чорасиз ва оғир аҳволда бўлади деган стереотипни шаклланишидаги бош сабаб. Ногиронлар ассоциацияси ҳар йили журналистлар учун бу борада материал тайёрлаётганда нималарни ёзиш тўғрию, нималарни ёзмаслик кераклиги ҳақида тренинглар ташкиллаштиради. Аммо материалларда деярли ўзгариш кўрмайсиз.

Абдулла Абдухалилов.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Барака топгурлар, материал тайёрлаётган экансиз бир оғиз ногиронлиги бор бирор мутахассисдан шунақа ёзсак бўладими деб маслаҳатлашиш қийин эмас-ку. Ногиронлиги бор шахс ҳақида гапирганда аввало унинг шахслигини инобатга олиш керак. Аммо бизда акси — унинг ногиронлиги бор экани асосий қисмга ўтиб кетади. Халқаро тажрибада BBC, CNN каби йирик ОАВларнинг ногиронлиги бор шахслардан таркиб топган экспертлар гуруҳи бор. Шу мавзуда материал тайёрлаётганда улар билан бамаслаҳат иш олиб боришади. Тайёр материал оммага тақдим этилишидан олдин уларга кўрсатилиб, ноўрин жойлари бўлса келишилган тарзда олиб ташланади.

Япон ёзувчиси Ҳаруки Мураками ўзининг бир асарида: «Оддий одамлар ҳақида ёзиш қийин, қаҳрамонлар ҳақида ёзиш жуда осон. Чунки оддий инсонларнинг ҳаётини қизиқарли қилиб тасвирлаш ҳар доим мураккаб бўлади», деган фикрни билдирган. Ногиронлиги бўлган инсонлар ҳақида ёзаётган журналистлар биздан қандайдир қаҳрамонликни топиб, ўзга сайёраликларга ўхшатиб тасвирласа, материалига жамоатчиликнинг диққатини жалб қиламан деб ўйласа керак. Ахир бундан осони йўқ. Уни мен ҳам ёза оламан. Ҳақиқий журналистик асар эса бундай яратилмайди.

«Ҳамма одам кўзи ожиз бўлиб қолишини хоҳлайман», «Тузалмасам бахтли бўлолмайман». Фильмларда ногиронлиги борлар шундай тасвирланмоқда

Ўзбек сегментида ногиронлиги борлар ҳақида олинадиган фильмлар журналистлар тайёрлайдиган материаллардан ҳам ўтиб тушади. «Яратганга шукур» фильмида сеҳргар кўзи ожиз қаҳрамондан тила тилагингни деб сўраганда «мен ҳамма кўзи ожиз бўлиб қолишини хоҳлайман» дейди. Аввал ҳеч қачон кўзи ожизлар билан суҳбатда бўлмаган одам бу фильмни кўргач, ҳамма кўзи ожизларда шунақа ният бўларкан деган фикр пайдо бўлмайдими?

Ҳатто бир кун талабаларимдан бири устоз, «Яратганга шукур»да шунақа қисм бор экан, сизлар ҳамманинг кўзи ожиз бўлиб қолишини хоҳлайсизларми, деб савол берган эди. Бизга бундай ўйлашдан нима фойда? Қайтанга ўзимизга қийин бўлади-ку.

Аввалроқ телевидениеда бир спектакль қўйишганди. Унда ногиронлиги бор одамнинг устидан кулиш саҳнаси акс этган. Қайнона қулоғи эшитмайдиган келинига чой олиб келишини айтганда келин ҳар сафар бошқа нарсани олиб келаверади. Бутун театрдаги томошабинлар эса такрор-такрор қийқириб кулишади. Барака топкурлар, кимнинг ёки ниманинг устидан куляпсизлар? Ёки кулдириш саҳнаси учун бошқа ижро қуриб қолганмиди? Ўша томошабин ҳаётда шундай имконияти чекланган одам бирор сўзни эшитмасдан сўраганда кулмаслигига ким кафолат беради?

Ахир жаҳон киносида имконияти чекланганларнинг ҳақиқий ҳаётини бўрттирмасдан, инсон бахтли бўлиши учун тузалиши ёки бахтсиз бўлиши учун ногирон бўлиб қолиши ғояси тасвирланмаган шедеврлар кўп-ку. Бош ролда Аль Пачино ўйнаган «Аёл таровати» фильми биргина мисол. Ўзбек тилига ҳам яхши таржима қилинган. Ногиронлиги бор шахслар ҳақида фильм олмоқчи бўлган ижодкорларга жаҳон дурдоналарини кузатиш, ногиронлиги борлардан эксперт гуруҳлари тузиб, маслаҳатлашган ҳолда суратга олишларини сўраб қолардим.

Кўзи ожизлар муаммолари билан шуғулланувчи мутахассисга муҳтожмиз

Халқаро таълимда кўзи ожизлар психологияси, уларнинг муаммоларини ўрганувчи тифлология фани бор. Кўзи ожизликни орттириб олган одамларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши, мослашиб кетишига кўмаклашувчи мутахассислар ҳам айнан тифлологлар ҳисобланади. Афсуски, бизнинг тифлологиямиз ҳам жуда орқада. Мутахассислар эса саноқли.

Тифлолог мутахассисларни тайёрлаш мақсадида ўзбекистонлик талабалар 1960–1980 йилларда Ленинград (Ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳрига юбориларди. Аммо кейинчалик бу тўхтаб қолди. Ўшанда бери бу соҳада тадқиқотлар ҳам олиб борилмайди ҳисоб. Ўзи, умуман, тифлолог деган мутахассис тайёрланмайди. Кўзи ожизлар учун мўлжалланган мактаб-интернатлар ўқитувчиларига шу номдаги мутахассислик берилади. Аммо бизнинг таълим системамиздагиларнинг ўйлашича тифлология — брайлча ёзишни ўрганиш. Ахир кўзи ожизлик фақат брайл ёзувидан иборат эмас-ку.

Кўзи ожизлик бутун дунёда энг тез кўпаядиган ногиронлик тури саналади. Ўзбекистоннинг ўзида айни вақтда 65 мингдан зиёд кўзи ожиз фуқаро мавжуд. Олий таълимга тифлологияни ўқитишни тезроқ йўлга қўйишимиз керак. Тўғри, очилгани билан уларга дарс берадиган ўқитувчилару, манбалар борми деб савол беришингиз мумкин. Аммо мутахассис йўқ деб қачонгача қараб туриш керак!?

Ҳайдовчилар автобуслардаги бекатларни айтиб турадиган тайёр овозли ёзувни ёқиб қўйишмайди. Кўзи ожиз одам эса кўп ҳолларда адашиб кетади

Кўзи ожиз инсонлар учун энг қулай транспорт воситаси — метро. Ҳар бир бекати айтиб туриладиган ушбу ерости транспортига тушган кўзи ожиз адашмасдан манзилини топиб кета олади. Қолаверса, унинг ходиму фойдаланувчилари бирор ногиронлиги бор одамни учратганда ёрдамини аямайди. Аммо метро йўлакларида кўзи ожизлар юриши учун тактил плиткали қисмларнинг йўқлиги айрим ноқулайликлар келтириб чиқаради. Қайси томондан юриш кераклигини билмаган айрим кўзи ожизлар рельсларга тушиб кетган ҳолатлар ҳам бўлган. Ҳозирги янги қурилган метроларда бундай тактил плиткалар мавжуд. Ушбу тажриба барча метро бекатларида қўлланса, янада енгиллик бўларди.

Бошқа бир жамоат транспорти бўлган автобусларда эса бекатларнинг мунтазам айтиб турилмаслиги жуда катта ноқулайликларни олиб келади. Ўзи кузатадиган бўлсак, кўпгина автобусларда бекатлар эълони ёзиб олинган овоз мавжуд, аммо ҳайдовчи томонидан ёқиб қўйилмайди. Бунинг ўрнига мусиқа қўйиб қўйишади. Концерт хоҳловчи одам ёнидаги телефонидан ҳам эшитар. Нега бизнинг борлигимиз, эҳтиёжларимизни ўйламасдан тайёр нарсани ёқиб қўйишмайди, тушунмайман. «Тошшаҳартрансхизмат» га бу масала юзасидан неча маротаба мурожаат қилдик, аммо натижа йўқ. Ҳатто болалигимда автобусларда бекатлар айтиб туриларди. Мактабга ҳеч адашмасдан бориб келардим. Бу Мустақилликдан олдинги воқеалар. Аммо энди йўқ.

Халқаро тажрибани оладиган бўлсак, Японияда ногиронлиги бор шахсларнинг транспортдан фойдаланиши тўғрисида қонун бор. Унда ҳайдовчи, чиптачи, бошқа йўловчилар ногиронлиги бор йўловчиларга қандай муносабатда бўлиши ҳақида аниқ қоидалар бор. Бизда нафақат қонун, балки низом ҳам йўқ. Масалан, бекатларни айтиб турадиган овозли ёзувни қўймаганда ҳайдовчиларга қадай чора кўрилиши ҳам аниқ эмас. Шунинг учун ҳам ҳайдовчи ва чиптачилар ҳушига келганини қилади.

Биз ҳақимизда бизсиз қарорлар чиқаришди. Қонунчилик палатасида ногиронлиги бўлган бирор депутат йўқ

Қонунчиликда шу қадар бир-бирини тўлдирмайдиган, мос келмайдиган, муаммоли қарору қонунлар борки, буларга депутатларнинг ўзини ҳар доим ҳам айблаб бўлмайди. Айб — мавжуд тизимда. Олий Мажлисда бирорта ногиронлиги бор депутат йўқ. Ҳар қандай ҳолатда ҳам одам ўзидан ўтганини ўзи билади. Ногиронлиги борлар дуч келадиган муаммоларни бошидан ўтказмаган одамлар уларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олиб қандай қарор чиқариши мумкин?

Фақат давлат эмас, ҳамма ҳаракат қилиши керак. Ногиронлиги борларга яратилган қулайлик ҳамма учун қулай дегани

Жамият ногиронлиги борларни ҳеч бир ғайритабиий қарашларсиз қабул қилишга кўникиши керак. Шундагина тўсиқсиз муҳитни яратиш осонлашади. Таянч-ҳаракатида нуқсони бор инсонлар учун ҳатто пойтахтнинг ўзида ҳам ниҳоятда кам пандус бор. Топиладиганлари ҳам шунақаки, унга кирган одамнинг яхши аҳволда чиқиши ҳам эҳтимолий бўлиб туради.

Кўзи ожизлар учун банк, нотариус, турли давлат идоралари қай тартибда маълумот тақдим этишни билмайди. Бунга фақат маълум инсонлар эмас, инклюзияга мослашмаган бутун жамият айбдор. Давлатнинг аралашуви билан ногиронлиги бўлганларнинг кўплаб муаммолари ҳал бўлар, аммо ҳаммаси ҳам эмас. Масалан, кўп қаватли уйда ногиронлиги бор одам яшасаю давлат томонидан пандус қўйилмоқчи бўлса, уйда яшайдиган бошқа одамларнинг дизайнни бузиб қўяди деган баҳонаси билан пандус қилинмаслик ҳолатлари ҳам учраб туради. Ёки йўллардаги канализация тизимини тўғрилашади-ю эшикларини очиб кетишмайди. Ўша йўлдан кўзи ожиз бирор одам ўтиб қолса, унинг ичига тушиб кетиши аниқ. Ахир оддий нарсани ёпиб қўйиш қийин эмас-ку. Буларнинг ҳаммаси жамиятнинг ҳаракати билан ҳал бўладиган нарсалар.

Абдулла Абдухалилов.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Ногиронларга яхши бўлган нарса ҳаммага яхши. Улар учун яратилган қулайликлар ҳомиладор аёллар, ёш болалар, қариялар учун ҳам қулай. БМТнинг собиқ бош котиби Пан Ги Муннинг яхши гапи бор: «Жамиятнинг ривожланганлиги ногиронларга бўлган муносабат билан боғлиқ. Чунки ногиронлиги бор шахслар дунёдаги энг кўп камчиликдир. 7 миллиард одам борми, уларнинг ҳаммасида ногирон бўлиб қолиш эҳтимоли бор».

Балки, гапим қўпол туюлар, аммо буни ҳамма билишини хоҳлардим. Ногиронликдан ҳеч ким суғурталанмаган. Ногиронлиги бор инсонларга шароит яратаётган инсонлар шуни ёдда тутиши керакки, улар биринчи навбатда ўзи учун шароит яратяпти. Эртага у қарир, Худо кўрсатмасину тақдир чархпалаги айланиб, ногирон бўлиб қолар. Ўша пайтда ўзининг бугунги қилган қарору, қўйган қадамлари натижаси унга юзланиб туради.