Молдова ҳукумати газ бозоридаги вазият туфайли энергетика соҳасида юқори шайлик режимини жорий этди. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари, мамлакат инфратузилма вазири Андрей Спинуга таяниб, «РБК» хабар берди.

Фото: «ТАСС»

Молдова ҳукуматининг энергетика бўйича фавқулодда комиссияси йиғилишида газ танқислиги ва унинг нархи мисли кўрилмаган даражада юқори бўлгани сабабли мамлакатда «тревога» ёки юқори шайлик режимини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

«Биз фавқулодда вазиятнинг олдини олиш ва ҳар қандай сценарийга тайёр туриш учун шундай қарорга келдик», — деди Спину. Вазирнинг сўзларига кўра, режим «масъул муассасалар» фуқароларни ва мамлакатнинг энергия хавфсизлигини ҳимоя қилиш чораларини кўриши учун жорий қилинган.

Хусусан, ҳукумат табиий газ нархининг ошиши муносабати билан компенсация пакетини ишлаб чиқмоқда. Пойтахт Кишинёвни электр энергияси билан таъминлайдиган Termoelectrica корхонаси давлат захираларидаги мазут билан ишлашга ўтади. Energocom давлат компанияси муқобил газ манбаларини топиш бўйича Руминия ва Украина билан музокараларни бошлайди, дея қўшимча қилди Спину.

Вазирнинг айтишича, Молдова Россиянинг «Газпром» компанияси билан музокараларни давом эттирмоқда. «Эртага ‘Молдовагаз’нинг 450 миллион доллар тарихий қарзлари ва учинчи энергия пакети бўйича музокаралар бўлиб ўтади», — деди Спину. Расмийлар октябрь ойининг охиригача Россия компанияси билан янги шартнома имзолашга умид қилмоқда.

Россия ва Молдова ўртасида газ етказиб бериш тўғрисидаги шартнома 2006 йилда имзоланган ва кейин бир неча бор узайтирилган, сўнгги марта шартнома муддати 30 сентябрда тугади. Шу куни томонлар уни октябрь ойининг охиригача узайтирди. Келишувларга мувофиқ, газ нархи ҳар чоракда жаҳон бозорида ёнилғи нархининг динамикасини ҳисобга олган ҳолда махсус формула асосида қайта кўриб чиқиларди.

«Молдовагаз» маълум қилишича, шартнома муддати тугашидан бир неча соат олдин узайтирилгани сабабли «Газпром» 2021 йил октябрь ойида Молдова Республикаси истеъмолчиларига Украинанинг газ узатиш тизимида керакли миқдордаги табиий газни захиралаш учун қонуний асосга эга бўлмаган.

Компания мамлакатда кунлик табиий газ истеъмоли «Газпром» етказиб берадиган ҳажмдан оша бошлаганини айтиб, муқобил ёнилғига ўтишни сўради.

Аввалроқ Financial Times газетаси Молдовага Россиядан газ етказиб бериш қарийб учдан бирга қисқарганини хабар қилди. Шу билан бирга, унинг нархи ўтган ойда 1000 кубометр учун 550 доллардан ошиқ бўлган бўлса, октябрда 1000 кубометр учун 790 долларгача кўтарилган, бу ўтган йилга нисбатан тахминан беш баробар кўп. Натижада Молдова Европа Иттифоқидан Руминия орқали фавқулодда газ етказиб беришни сўраган.

«Газпром»нинг асосий экспорт бозори бўлган Европада газ нархи апрель ойида кўтарила бошлаган, кузда эса рекорд даражага етган. 6 октябрда 1 минг кубометр баҳоси 1900 доллардан ошди, кейинроқ нархлар  пасайди. Россия президенти Владимир Путиннинг сўзларига кўра, газ нархининг кўтарилиши «электр энергияси танқислиги натижасидир». Тақчиллик, ўз навбатида, шамол станцияларида ишлаб чиқаришнинг камайиши натижасида юзага келган.