Reuters янгиликлар агентлиги 1851 йил 14 октябрдан бери фаолият юритиб келаётган энг машҳур ахборот сайтларидан биридир. Агентлик маълумотлар контентини тарқатиш бўйича жаҳонда биринчи ўринда туради. Қуйида дунё бўйлаб ўн тўрт мингдан ортиқ ходимига эга ахборот гигантининг ривожланиш йўли ҳақида сўз юритамиз.

Пол Юлий Рейтер ва Reuters

Reuters ахборот агентлигига асли немис бўлган Пол Юлий Рейтер томонидан 1851 йилда асос солинади. Пол Юлий Рейтер бундан аввал ҳам ахборот соҳасида ишлаган бўлиб, янгиликларни ташиш учун у кабутар ва телеграфдан фойдаланган. 1848 йил Европада бошланган «Халқлар баҳори» инқилоби сабаб у Бельгиядан Францияга кўчиб ўтади. Орадан уч йил ўтгач Пол Англияга келади ва Лондондаги Қироллик биржаси биносида ўз офисини очади. Телеграф хабарларини юбориш бўйича тажрибага эга бўлган Пол дастлаб телеграф орқали акциялар нархи тўғрисидаги маълумотлар узатиш билан шуғуллана бошлайди. Reuters асосан молиявий янгиликларга ихтисослашган сайтга айланади. Англия ва Франция ўртасидаги янгиликлар оқимини тезлаштириш мақсадида Париж ва Лондон ўртасида денгиз остидан телеграф линияси ётқизилади. Кейинчалик бутун Европа бўйлаб агентлик филиаллари очилади.

Пол Юлий Рейтер

Фото: Wikipedia

Пол Рейтернинг хизматлари жуда оддий эди — бир жойдан олинган маълумотни бошқасига сотиш. 1858 йилда Morning Advertiser газетаси Reuters’нинг биринчи ахборот харидорига айланади. Бошқа оммавий ахборот воситалари ҳам Reuters хизматларидан фойдалана бошлагач агентлик янгиликлар мавзусини кўпайтиради. Газеталар Reuters’дан нафақат молиявий, балки тезкор янгиликлар учун ҳам фойдалана бошлайди. Мисол учун, 1865 йилда АҚШ президенти Авраам Линкольн ўлдирилгани ҳақидаги хабар Reuters’га бошқа рақобатчиларидан бир неча соат олдин биринчи бўлиб етиб келади. Ҳозирги кунда ҳам деярли барча йирик янгилик нашрлари Reuters почта жўнатмаларига обуна бўлган.

1923 йил Reuters халқаро миқёсда радио янгиликларни узатишни бошлайди, бу ўша давр учун жуда катта янгилик эди.

Қайта ташкил этиш

ХХ аср бошларида Reuters’ни Буюк Британия маҳаллий матбуот вакилларидан бўлмиш Матбуот Ассоциацияси сотиб олади. Аста-секин Reuters газета, бошқа ахборот агентликлари, радио ва телевиденияга янгилик ҳамда фотолар етказиб берадиган дунёдаги энг йирик ахборот агентликларидан бирига айланади. Агентлик Морзе алифбосидан фойдаланиб, қимматли қоғозлар ва валюта курсларини узатувчи махсус тизимни ишга туширади. Тўғридан-тўғри ёки миллий ахборот агентликлари орқали у дунёнинг деярли барча етакчи газеталари ва минглаб кичикроқ газеталарига етиб боради.

Биринчи ва Иккинчи жаҳон уруши даврида Reuters’га инглизларга ёрдам бериш ҳукумат тарафидан учун босим уюштирилади. Бунга жавобан Reuters Австралия ва Янги Зеландия матбуот уюшмаларига сотиб юборилади ҳамда ўзини хусусий компания сифатида қайта ташкил этади.

1960 ва 1970 йилларда Reuters молиявий маълумотларни халқаро миқёсда эфирга узатувчи The Stockmaster ҳамда қимматли қоғозлар, товарлар ва валюталар ҳақидаги янгиликларни ёритиб борувчи Reuter Monitor’ни ишлаб чиқади. Кейинчалик эса агентлик ўз тармоғи орқали электрон транзакцияларни амалга ошириш имкониятига эга бўлади ва электрон савдо ҳамда брокерлик хизматларининг кенг танловини яратади. Шунингдек, Reuters компьютерлар орқали молиявий маълумотларни океан орқали узатган биринчи ахборот агентликларидан бирига айланади.

Лондондаги Reuters офиси. 1960 йил

Фото: Reuters

Reuters ХХ асрда

Reuters 1984 йилда АҚШдаги NASDAQ ва Лондон фонд биржаларида очиқ компания сифатида рўйхатга олинади. Бироқ компаниянинг назорати кейинчалик ягона акциядор қўлига ўтадиган бўлса, компаниянинг объектив хабар бериш анъанаси бузилиши мумкин деган хавотирлар пайдо бўлади. Бу ҳолатга қарши туриш учун компания акцияларни сотиш пайтида ҳеч кимга компания акцияларининг 15 фоизидан кўпроғига эгалик қилиш ҳуқуқини бермаслик тўғрисидаги қоидани киритади. Агарда акциядор компаниянинг 15 фоиздан кўпроқ акциясига эгалик қилишни бошласа бошқа акциядорлар ва директорлар ундан акцияларини 15 фоиздан туширишни талаб қилиши мумкин бўлади. Бу қоида 1980 йиллар охирида қўлланилган бўлиб, ўшанда америкалик магнат Руперт Мёрдок ўз улушидан ташқари Reuters акциядори бўлган Австралия матбуот вакилини ҳам сотиб олади. Лекин бошқа ҳиссадорларнинг талабидан сўнг у акциясини камайтиришга мажбур бўлади. Агентлик ўз фаолияти давомида доимо холислик ва аниқликни таъминлашга жиддий эътибор қаратади.

1985 йилдан бери Reuters бошқа янгиликлар агентликлари ва фойдаланувчиларга ижтимоий-сиёсий янгиликлар, спорт ва кўнгилочар фотосуратларини сотадиган хизматини ҳам юритиб келади. Рақамли камералар ва интернет каби янги технологиялардан фойдаланиш Reuters агентлигининг ривожланишини тезлаштирди, чунки энди бутун дунё бўйлаб катта, юқори сифатли тасвирларни сонияларда узатиш мумкин эди.

Thomson Reuters

Ўттиз йиллик мунтазам ўсишдан сўнг, Reuters 2000 йиллар бошларида оғир вазиятга тушиб қолади. Агентлик биргина 2002 йилда 394 миллион фунт зарар кўради ва даромади 8 фоизга пасаяди. Таназзулни бартараф этиш учун Reuters компания раҳбариятини ўзгартиради ва уч минг иш жойини қисқартиради.

Фото: Reuters

2008 йили Канада электрон нашриёти Thomson Corporation ва Reuters Group PLC бирлашиб, Thomson Reuters’ни тузади. Бироқ агентлик Reuters номидан фойдаланишни давом эттиради. Янги компания Лондон ва NASDAQ фонд биржаларидан чиқиб кетиб, Торонто ва Нью-Йорк фонд биржаларига қўшилади. 2021 апрель ойида бошқа рақобатчилардан сўнг Reuters ҳам ўз веб-сайтининг пуллик обунасини яратди.

Анъанавий ахборот агентлиги бизнесини сақлаб қолиш билан бир қаторда Thomson Reuters ҳозирда бутун дунёдаги корхона, ҳукумат ва шахслар учун молиявий ҳамда тарихий маълумотларнинг асосий провайдеридир. Агентлик тўқсон тўртта мамлакатнинг икки юзта шаҳрида фаолият олиб боради ва 19 та тилда янгиликлар етказиб беради. Гарчи Reuters ҳар қандай мавзудаги янгиликлар етказиб бериш бўйича дунёда етакчи ўринларда турса-да, агентликнинг асосий харидорларини тижорат банклар ташкил қилади, чунки Reuters барча биржа ва валюта бозорлари ҳақида энг тезкор ахборот берувчи сайтлардан (Bloomberg ва Dow Jones билаб биргаликда) бири ҳисобланади.

Компаниянинг бош офиси дастлаб Лондондаги One Canada Square минораси яқинида жойлашган бўлиб, кейинчалик ушбу офис олдидаги майдон Reuters Plaza деб номланади. Ҳозирги кунда эса Thomson Reuters’нинг бош штаб-квартираси Канаданинг Торонто шаҳрида жойлашган.

Reuters оиласининг сўнгги аъзоси Маргарита баронесса де Рейтер 2009 йили 96 ёшида вафот этади.

Reuters'нинг Лондондаги бош офиси

Фото: Wikipedia

Ҳаёт эвазига олинувчи ахборотлар

Reuters дунёдаги бошқа йирик ахборот гигантлари сингари турли давлатларда ўз мухбир ва журналистларига эга. Агентлик ўз хабарларининг тезкорлиги ва ўзгачалигига эътибор қаратаркан, журналистларини дунёнинг турли қайноқ нуқталарига юборади. 1993 йилдан 2021 йилга қадар Сомали, Ироқ, Чеченистон, Ғазо сектори, Таиланд, Сурия ва Афғонистондаги воқеаларни ёритиш давомида Reuters’нинг ўндан ортиқ журналистлари ҳалок бўлади. Баъзилари ҳукумат ёки жангарилар қўлида бир неча йил тутқунликда сақланади.

Масалан, Мьянмадаги Роҳинжалар қирғинини ҳақида суриштирув олиб бораётган Reuters’нинг икки журналисти ҳукумат сирларини олганликда айбланиб, қамоққа олинади. Бу ҳаракат халқаро ташкилотлар томонидан матбуот эркинлигига қилинган ҳужум сифатида қораланади. Беш юз ўн бир кунлик қамоқдан сўнг журналистлар Ва Лон ва Кя Су Оо озод қилинади ҳамда халқаро репортажлар учун Пулитцер мукофоти билан тақдирланади.

Муҳаммадқодир Собиров тайёрлади