Халқимиз орасида балиқни номида «р» ҳарфи бор ойларда ейиш керак деган гап бор. Шу боисдан ҳам Ўзбекистонда сентябрдан то апрелга қадар балиқ мавсуми ҳисобланади. Мамлакатимизда турли усулларда балиқ пишириладиган жойлар, емакхоналар кўп. Аммо Чиноз туманининг Яллама қишлоғи ўзининг чиройли табиати ва мазали балиқлари билан бошқа ҳудудлардан ажралиб туради. Чунки бу ерда пишириладиган балиқларни ейиш учун Тошкент шаҳридан 60-70 км йўл босиб келадиганлар бисёр. Вилоятга қатнайдиган ҳайдовчиларнинг аксарияти ҳам йўл-йўлакай Ялламага, албатта, кириб ўтади. Хўш, бунинг сабаби нима? Балиқнинг мазали чиқиши унинг пиширилиш усулига боғлиқми ёки жойнинг ўзига?

«Дарё» жамоаси Яллама қишлоғининг балиқ тайёрлаш энг ривожланган ҳудудларидан бири, маҳаллий аҳоли орасида «Гез» дейилувчи жойдан репортаж тайёрлади.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Маҳалладаги «йўлтўсар» аёллар

«Гез» маҳалласига киришингиз билан Бўзсув канали устидан ўтган асфальт йўл тугаб, шағал йўл бошланади. Истамасангиз ҳам бу жойда машинангизни тўхтатишга мажбур бўласиз.

Фото: «Дарё» / Дилшод Шарипов

Бу ерда бир нечта аёллар «Жой керакми? Неча кишисизлар?» каби саволлар билан сизни ўраб олади. Биз дастлаб ана шундай Бўзсув канали бўйида одамларни чақириб турган аёллардан бирини суҳбатга тортдик.

Фото: «Дарё» / Дилшод Шарипов

Ўзини Нигора Қурбонова деб таништирган аёлнинг айтишича, маҳалладаги 25 дан ортиқ хонадон балиқ пишириш билан тирикчилик қилади. Улар ўз хонадонларини мижозлар учун емакхоналарга айлантирган. Ҳар бир хонадоннинг ишчиси канал бўйида туриб, тўхтаган машиналарни ўз уйига олиб киришга ҳаракат қилади.

Одатда мижозлар аёллардан «Ўтирадиган жойларингиз, кўрпачаларингиз тозами, янги ёғга пишириб берасизми?», деб сўрашади ва нархини ҳам шу ерда келишгандан кейингина хонадонларга жойлашади.

Нигора Қурбонова

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Иш бошқарувчи, балиқ пиширувчи, одам чақирувчи ҳамшира аёл

Нигора опа 41 ёшда. Тумандаги марказий поликлиникада ҳамшира бўлиб ишлайди. Ҳафтада бир кун навбатчиликда туради. Айтишича, сешанба кунлари хўрандалар кам бўлгани учун поликлиникадаги навбатчилигини айнан шу кунга қўйдирган.

У оддий ёлланма ишчи эмас, саккиз йил олдин акасининг хонадонида келинойиси билан биргаликда оилавий балиқ пишириш бизнесини йўлга қўйган. Иш бошқарувчиликдан ташқари кўчада туриб, мижоз ҳам чақиради.

«Бу ерга эрталабки соат 10:00 да келиб, тунги 1-2 ларда уйга қайтаман. Сабаби хўрандалар кўп бўлади, кейин кечаси балиқларни қабул қилиб оламан», — дейди.

Агар аввалдан келадиган мижозлари ўзи қилиб беришини сўраса, уларнинг раъйини қайтармай, ўзи балиқ пишириб беради ҳам.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Кам даромад топадиганлар нархга қаттиқ тортишади»

«Одам чақирувчилик ҳам осон эмас. Баъзилари оёқда туравериб, қаттиқ чарчаб қолади. Шунинг учун мана бунақа ухлаб ҳам қолиш ҳеч гап эмас», дея Нигора опа машинанинг орқа ўриндиғида ухлаётган аёлга ишора қилди.

Қолаверса, мижозлар билан ҳам келишиш анчагина мушкул иш. Улар орасида шифокор ва ўқитувчиларга балиқ сотиш жуда қийинлигини, чунки бу касб эгалари нархга қаттиқ тортишишини айтди.

«Бир кун битта харидор келиб, нархга қаттиқ тортишяпти. Унга қараб, ака, сиз ё доктор ёки ўқитувчисиз, дедим. У қаердан билдингиз, деб ажабланди. Чунки бошқа одам бунчалик тортишмайди-да, хотинингизга катта раҳмат сиз билан яшаётганига, дедим асабийлашиб. Ўзи паст ойликка ишлайдиганлар шунақа кўп тортишади», — деб қўшимча қилди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Хурмача қилиқлари сабаб калтакланган мижозлар ҳақида

Емакхоналарда мижозлар билан турли кўнгилсизликлар бўлиб туради. Нигора опанинг нафақат тортишган, балки қўл кўтаришгача борган мижозлари бўлган экан.

«Шундай мижозлар бор уйида қилмаган ишини қилиб кетади. Масалан, кўрпачани тагига носини туфлаб кетади, жирканч ишларини ҳам шу ерда қилади. Урган кунларим ҳам бўлган. Пешона теримга шунча ишни қиламан-у, улар бундай ҳурматсизлик қилса, қандай индамай тураман?».

Аммо содиқ ва чақирувчи аёлларсиз, ўз оёғи билан хонадонга келган мижозларни у жуда ҳурмат қилади. Уларга умумий ҳисобдан чегирма қилинади ёки бонус сифатида 1-2 чойнак текин лимон чой дамлаб берилади.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Вақти келса кунига 200 тага яқин балиқ сотилади

Нигора опанинг хонадонидаги сўри ва хоналар 70—80 нафар мижозга мўлжалланган. Жойлар етмай қолиш ҳолатлари кузатилмайди. Савдо, асосан, дам олиш ва байрам кунларида кўп бўлади. Кези келса 200 тагача балиқ сотишади. Аммо савдо бўлмаса, 10 та ҳам балиқ сотилмайди.

Мижозлар, асосан, сазан, горбуша ва товонбалиқни сўрашади. Одатда хонадонларда балиқлар бир хил — бутунлигича пиширилади.

«Балиқларни ҳар куни Чиноздан янги олиб келамиз. Агар хўрандалар кўпайиб етмай қолса, қўшнилардан олиб чиқиб турамиз. Бизда ҳамма аҳил, бир-биридан қизғанмайди», — дейди Нигора опа.

Нима учун одамлар балиқ ейиш учун айнан шу ерга келиши ҳақида сўраганимизда у қуйидагича жавоб берди. «Келганлар сизлар бошқача пиширасизлар, дейди. Билмадим, балиқни тозалаш ёки пишириш услубимизда ҳеч қандай сир йўқ. Биз, асосан, балиқни писта ёғида қовурамиз. Чунки пахта ёғини нотўғри доғлаб қўйсангиз, кўнгилни айнитади.

Пишириш усули ҳам жуда оддий: қизиб турган ёғга балиқни тузлаб ташлаймиз. Виж-ж-ж этиши керак. Агар вижилламаса, балиқ бўкиб, бор ёғни ўзига шимиб олади. Менимча, биз ўчоқ, ўтинда пиширганимиз учун балиқлар мазали чиқар».

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Кунига 500 минг сўм атрофида фойда қолади

Бу бизнесдан келадиган даромад ҳам яхшигина. Масалан, Нигора опанинг емакхонасидан бир кунда ёғ, томат, иккита ишчи ҳаққи ва солиқлардан ташқари 500 минг сўм атрофида фойда қолади. Опанинг икки нафар ўғили ҳам шу соҳанинг ичида. Йигитлар техникумдаги ўқишидан сўнг Чиноз бозорида балиқ сотади.

Нигора опа билан суҳбатлаша туриб, унинг серқирра тадбиркор эканлигига гувоҳ бўлдик. У ҳамширалик ва балиқ пиширишдан ташқари тадбиркорликнинг бошқа йўналишлари билан ҳам шуғулланишини айтиб ўтди.

«Сентябрдан мартнинг охиригача ишлаймиз. Мавсум йўқ пайтлари косметика савдоси билан шуғулланаман. Қолаверса, карантинда кредит олиб, уйда антисептик ишлаб чиқаришни йўлга қўйганман. Кейин вариантга машина чиқараман».

Нигора опа билан суҳбатимизни якунлаб, бу ерда илк балиқхона очган оила хонадони томон отландик.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Уларнинг емакхонаси пастроқда, сув бўйида жойлашган экан. Пастга тушарканмиз, юзимизга Бўзсувнинг совуқ, аммо ёқимли шабадаси урилди.

Манзилда эса бизни самимий бир аёл кутиб олиб, бу ерларда илк балиқхоналар қандай очилгани ҳақида батафсил айтиб берди.

Гулчеҳра опа тадбиркор

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Тухум, сосиска қовуришдан бошланган бизнес

«Каналнинг нариги томонида кичкина чайламиз бўларди. Ўшанда 12 ёшли қизча эдим. Раҳматли дадам бу ерга мени балиқчиларга тухум, сосиска қовуриб берасан, вино сотасан, деб олиб келган эди. Балиқчилар қовуриб беринг, деб тутган балиқларини олиб келарди. Эвазига эса бизга ҳам балиқ ташлаб кетишарди.

Йиғилиб қолган балиқларни эса дадам тозалашни ўргатиб қўйган эди. Донасини 200 сўмдан сотардим. У маҳаллари ёш қизча бўлганман, ликопчаларга қўйиб беришни билмасдим. Газета ёки ҳожатхона қоғозларига ўраб берардим. Эсимда бир куни Тошкентдан мижоз келиб, қизим, балиғинг жуда ширин. Зўр қовурар экансан. Лекин ўраб берган нарсангни қара. Қайтиб бундай қоғозларга ўраб бермагин, деб танбеҳ берган», — дейди Гулчеҳра опа болалигини эслаб кулиб.

Унинг айтишича, ўшандан буён 18 йил ўтди. Орадан вақт ўтиб, бу ерда балиқ бизнеси жуда ривожланиб кетган. «Гез» аҳолиси келиб, жой олиб, секин-аста ўз бизнесини бошлаган.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Мен ҳам опа-сингилларим билан шу ерни балиқхонага айлантирганмиз. Балиқларни ўзимиз тутмаймиз, баҳор пайти шу ернинг ўзидан ёки Чиноздаги балиқ тутувчилардан сотиб оламиз. Сувнинг бўйидалиги учун мижозлар кўп келади. Асосан, ойлик, пенсия олган пайтлари одам тўлиб кетади», — деди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Гулчеҳра опанинг айтишига қараганда, Яллама аҳолисининг асосий даромади балиқ билан боғлиқ. Кимдири ўз бизнеси ортидан, бошқалари эса балиқ тозалаб, идиш-товоқ ювиб, мижозларга хизмат қилиб пул топади. Шу орқали тирикчилик қилади. Доимий мижозларидан бири келганини эшитгач, Гулчеҳра опа уни қарши олгани тез-тез юриб кетди. Биз эса кейинги хонадон томон йўл олдик.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Уйда пишириб егандан кўра бу ердаги балиқхўрлик анча арзонга тушади

Комила Ҳожиева «Гез» маҳалласида энг биринчилардан бўлиб ўз емакхонасини очган тадбиркорлардан. У 21 йилдан буён балиқ пишириш бизнеси билан шуғулланади.

«Оилавий бизнес бўлгани учун нафақат фарзандларим, балки ака-опамнинг болалари ҳам келиб менга қарашади. Ўртанча ўғлим ошпаз, балиқ қовуради. Жиянларим эса коллежда ўқийди. Ўқишдан кейин шу ерда ишлашади. Бекорчиликда юриб вақт ўтказмаслиги учун ёнимга олганман», — деди Комила опа.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Емакхона соҳибасидан ҳам нима учун кўпчилик юртдошларимиз балиқ ейиш учун айнан бу ерга келишлари сабабини сўрадик.

«Масалан, балиқ сотиб оласиз. Уни қовуриш учун ёғ керак, айтинг-чи, шунга қанча сарф-харажат, қолаверса, пишириш учун қанча вақт кетади? Бу ерда битта балиқ 30-35 минг атрофида. Ундан кўра оилавий шу ерга келиб, арзимаган пулга тўйиб балиқ еб кетиш маъқул эмасми? Ҳам сувнинг бўйида дам олиб, ҳордиқ чиқариб кетишга нима йэтсин?», — деди тадбиркор аёл.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Юрист» бўлишни ният қилган балиқ тозаловчи йигит

Емакхонада иштиёқ билан балиқ тозалаётган йигитлардан бирини суҳбатга тортдик.

- Ёшингиз нечада?

- 17 да.

- Қаерда ўқийсиз?

- 2-сонли касб-ҳунар коллежида ўқийман. Эрталаб ўқишга бориб, тушликдан сўнг бу ерда 150 тача балиқ тозалайман.

Келажакда ким бўлмоқчисиз, деган саволимизга эса у ўйланибгина «юрист» деб жавоб берди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Балиқ ҳақидаги гаплардан иштаҳамиз очилиб, жамоамиз билан «Гез» маҳалласидаги энг машҳур балиқчи хонадонлардан бири Сапура Муҳаммедованинг емакхонасига кириб жойлашдик.

Ҳовли чиннидек озода. Ҳар бир хона ва сўрилар меҳмон келишига тахт қилиб қўйилган эди. Ҳовлини зимдан кузатарканмиз, бир четдаги очиқ айвонда шошиб балиқ пишираётган аёл эътиборимизни тортди. У билан суҳбатлашишга ошиқдим.

Раъно Абдуллаева

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Кунига 150-200 та балиқ пиширадиган аёл

«Бошқалар қатори бизники ҳам оилавий бизнес. Бу ерни беш йил олдин Сапура опам очган. Балиқ пиширишни ҳам ундан ўрганганман. Аввал уйда ўтирардим, опам бу ерни очганидан сўнг турмуш ўртоғим ишлашимга рози бўлган. Ҳозир синглим билан келиб, уларга ёрдам берамиз.

Мен балиқ пишираман, синглим меҳмонларга қарайди. Опамнинг ўғли балиқ олиб келади, қизи эса ҳисоб-китобга қарайди. Икки ўғлим ҳам дарсдан келиб бизга қарашади», — деди Раъно Абдуллаева.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Унинг сўзларига кўра, эрталаб соат 10 дан кечки соат 11 гача ишлашади. Ишчилар кунига 70—80 минг сўмдан пул олади.

Емакхонада эса 13 та меҳмон ўтирадиган хона мавжуд. Улар балиқларнинг донасини 35—40 мингдан сўмдан пишириб беради.

«Кунига энг кўпи билан 150, байрам кунлари 200 тагача балиқ пишираман. Қолган кунлари 70—80 та. Ҳозир мавсум бўлгани учун хўрандалар кўп. Июнь ва июлдан ташқари барча ойларда балиқ пиширамиз. Бу ойларда ҳам пиширамиз, лекин тайёрланадиган балиқлар сони 20—30 тага ҳам етмаслиги мумкин. Асосан, сазан ва товонбалиқларни бутун пиширамиз. Чунки хўрандалар ҳам шуни сўрайди», — деди Раъно Абдуллаева.

Раъно опа шинаванда бўлиши билан бирга, жуда чаққон аёл экан. Саволларимизга жавоб бера туриб, 10 тага яқин балиқни пишириб қўйди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Минг марта эшитгандан кўра бир марта татиб кўрган яхши

Юқоридаги иборага амал қилган ҳолда биз ҳам жамоамиз билан бутунлигича пиширилган сазан балиқларини еб кўрдик. Ҳамкасблар билан бирга балиқхўрлик қилишнинг гашти бошқача бўлди. Бошқа шерикларимиз ҳам бу фикрни маъқуллади. Халқимиз минг дардга даво, деб ҳисобловчи балиқни мавсум тугамасдан еб қолишга улгуринг.

Муаллифлар: Дилшод Шарипов Хонзодабегим Аъзамова