Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида жойлашган «Судоче-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонасига пушти фламинголар учиб келди. Ушбу ноёб қушлар галаси Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати ходимлари томонидан қўриқхонага ташкил этилган экспедиция доирасида камера объективига муҳрланган.

Фото: Видеодан кадр

Орнитолог олимларнинг фикрича, маҳаллий тилда қизилғоз деб номланувчи фламинго қушлари Қорақалпоғистондан, асосан, учиб ўтиш, узоқ сафар олдидан озиқланиш учун фойдаланади. Лекин қорақалпоғистонлик орнитолог олимлар 2014 йилда Судоче кўллар тизимида олиб борган тадқиқотлар вақтида фламингонинг катта уяловчи колониясини топган эди.

Фламинго Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган 40 турдаги қушларнинг бири ҳисобланади.