«Миллион» кулги жамоаси аъзоси Маъруф Носиров «Дарё» интернет-нашри учун эксклюзив интервью берди. Интервьюни «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.

Фото: «Дарё»

Маъруф Носиров суҳбат давомида тўйи тўрт маротаба қолдирилгани сабаби ва тўйидан аввал фарзандли бўлгани ҳақида гапириб берди.

У кунлар бошқача оғир кунлар бўлган. Онам билан тўй ҳаракатида юрганимизда оиламизда таъзия бўлиб қолган. Мени катта қилган бувим оламдан ўтганлар. Ҳар нима бўлса ҳам, бувим тўйимни кўрсинлар, отамнинг ўрнида турсинлар, деб ният қилардим. Энг яхши кўрган набиралари мен бўлганман. У вақтда тўйга ҳамма нарса тайёр эди. Аёлим билан никоҳдан ҳам ўтиб қўйгандик. Онам катта шаҳарда бир ўзинг яшама, аёлинг билан яшайвер, мен бу ерда таъзиядаман, дедилар. Ҳақиқатан бир ўзим яшасам, нима бўларди, бунга ҳам жавоб бера олмайман-да барибир.

Кейин аёлим билан яшаб бошладик. Аллоҳга шукр, фарзандли бўлдик. 2020 йил март ойида концерт, Худо хоҳласа, апрель ойида тўйимни қиламан, деб ният қилдим. Апрель ойининг ўрталарига тўйимизни ҳам белгилаган эдим. Афсуски, карантин бўлиб қолди. Ҳамма нарса тўхтади.

2020 йилнинг август ойларида 30 кишилик тўйларга рухсат берилди. Лекин танишлари кўп одам 30 киши билан тўй қилолмайди. Бунинг устига оилада бир ўғилман. Шу сабабли 24 октябрга куни тўй кунини белгиладик.

Ҳамма санъаткорларни, танишларни тўйга айтганман. Ўша вақтларда энг катта аммам оламдан ўтиб қолдилар. Улар Бухорога турмушга чиққандилар. Амаким тўйингни қилавер, дедилар. Амакимлар тўйимга боришмаса, отам, бобо ва бувим ўринларида ёнимда туришмаса, қандай тўй қиламан, деб яна тўйимизни тўхтатишга мажбур бўлдим.

Амакимга сизлар қайси кунни белгиласангиз, ўша куни тўй қиламиз, дегандим. Амакимлар 21 ноябрь кунини белгилашган экан. Бир кун аввал қўрқиб-қўрқиб тўйимга бордим. Тўрт маротаба қолдирилиб, кейин тўйимиз бўлди. Ҳозир Айюбхон исмли ўғлимиз бор. Боламиз катталигини кўрганлар ҳар хил хаёлга ҳам боришди. Ҳақиқий вазият эса мана шундай бўлган эди.

Маъруф Носиров, «Миллион» кулги жамоаси аъзоси

Маълумот учун, Маъруфжон Носиров 1991 йил 19 январь куни Навоий вилояти Ғазғон шаҳрида дунёга келган. Навоий шаҳридаги Маданият ва санъат коллежининг Драма актёрлик йўналишида ўқиган. 2017 йил 23 октябрь куни «Миллион» кулги жамоасига қабул қилинган.