Уй ҳайвонлари, айниқса, ит ва мушуклар одамларнинг яқин ҳамда меҳрибон дўсти, деган жумла кўпчиликка таниш. Шу боис ҳам ўзбек оилаларининг аксарияти ўз хонадонида кучук ёки мушук боқишга одатланган. Бироқ сўнгги вақтларда айрим кишиларнинг бу жонзотларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишлари жамоатчилик эътирозига сабаб бўлмоқда. Бошпанасиз жониворларнинг кўпайиб бораётгани ва уларга етарлича эътибор берилмаётгани янада ачинарли. «Дарё» мухбири Ўзбекистонда қаровсиз қолган жониворларга бўлган муносабат аслида қандай ҳолатда эканлигини аниқлашга ҳаракат қилди.

«Уларга сув ҳам, нон ҳам берилмайди»

Наргис Қосимова, экожурналист:

— Ўзбекистонда қаровсиз ҳайвонларга нисбатан муносабат жуда ҳам даҳшатли ва бу ҳалигача катта муаммо бўлиб қолмоқда. Ит ва мушуклар йилига икки мартадан туғиши сабаб тез кўпаяди. Лекин бизда уларнинг сонини камайтириш фақат ўлдириш орқали ҳал қилишга қаратилган.

Фото: Наргис Қосимованинг шахсий архивидан

Ҳукумат қаровсиз ит, мушукларга жонивор сифатида эмас, балки чиқинди сифатида қарайди. Чунки айнан дайди ҳайвонлар тақдири билан шуғулланиш ҳукуматнинг 2011 йилдаги қарори билан шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бригадаларига юклатилган. Бу вазифа структуравий ташкилот ҳисобланган Ветеринария ёки Экология қўмиталарига эмас, чиқинди билан шуғулланувчи ободонлаштириш бошқармаларига топширилгани нотўғри ва жуда катта хато.

Бригада вакиллари аҳоли мурожаати асосида, айтилган жойга бориб, ҳайвонларни тутади. Ит, мушукларни ваҳшийлик билан тутишади: соп, таёқлар, арматура билан уришади, баъзан ўша жойда ўлдириб, олиб кетишади. Ниҳоясиз шафқатсизлик кўпинча болалар ва кекса фуқароларнинг кўз ўнгида содир этилмоқда. Бундай жирканч манзаралар акс этган видеолар Telegram’даги каналим кузатувчилари томонидан кўп келади.

Ободонлаштириш бошқармалари ходимлари тутилган ҳайвонларни Вазирлар Маҳкамаси қарори бўйича беш кун ушлаб туришади. Уларга сув ҳам, нон ҳам берилмайди. Бу муддат ичида ит, мушук каби жонзотлар ветеринария кўригидан ўтиши керак, бу қарорда ёзилган. Аммо ҳеч қандай тиббий текширувдан ўтказилмайди, эмланмайди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Масалан, Туркияда қаровсиз жонзотлар давлат назоратига олинган. Аниқроғи, ит ва мушукларнинг туғиб, кўпайишини олдини олиш мақсадида улар стерилланади, эмланади ҳамда ҳаммасининг қулоғига чип қўйилади. Бунинг учун давлат бюджетидан маблағ ажратилади. Бизда эса оммавий стериллаш ва эмлаш яхши йўлга қўйилмаган, ҳолат жуда ачинарли.

«Уч йилдан бери ННТ очиш учун югурамиз»

Қосимова бир неча йилдан буён дайди ҳайвонларга ёрдам кўрсатувчи нодавлат-нотижорат ташкилоти (ННТ) очиш ҳаракатида вақт ўтказаётгани, рухсатнома ололмаётгани ҳақида гапирди.

— Бугунги кунда Ўзбекистонда қаровсиз ҳайвонларга бошпана ташкил қилиб, ўз ҳисоби ва хайрия пуллар эвазига жонзотларни боқиб келаётган одамлар бор. Жониворларга меҳри баланд бундай юртдошларимиз жуда ҳам озчиликни ташкил қилади. Уларга давлат томонидан эмлаш, стериллаш ишларига ҳеч қандай кўмак кўрсатилмайди. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан ташқари бошқа ҳудудларда бундай бошпаналар борлигини эшитмаганман.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Уйсиз ҳайвонларга Республика бўйлаб ёрдам кўрсатиш мақсадида «Раҳмдил бўл» ННТ очиш ҳаракатидамиз. Аммо бу лойиҳа ортидан уч йилдан бери Адлия вазирлигига югурамиз. Чунки шунча вақтдан бери ҳужжатлардан камчиликлар топилаверади, биз хатоларни тўғрилаб, яна ҳужжат топширамиз, улар яна камчилик топаверади. Шу тариқа уч йил ўтиб кетди. Вазирликнинг бирор ходими камчиликларни бирданига, тўлиқ кўрсатиб, тушунтирмайди.

Жаҳон тажрибасига қарайдиган бўлсак, экологик локал муаммоларни айнан ННТ ва волонтёрлар ҳал қилади. Улар масалани кўтаради, жамоатчилик эътиборини қаратади ва шу орқали қонунчилик ҳужжатлари шаклланади.

«Хусусий бошпаналарни кўпайтириш керак»

Экожурналистнинг таъкидлашича, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йилда қабул қилинган «Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тардбирлари тўғрисида»ги 202-сонли қарорини қайтадан кўриб чиқиш зарур.

— Ҳукумат қарорини қайта кўриб чиқиш керак ва давлат бу масалага жиддий эътибор бериши лозим. Ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги бригадаларни тугатиб, ҳайвонларни боқишга қизиқувчиларни қўллаб-қувватлаб, хусусий бошпаналар сонини кўпайтириш керак. Шундагина муаммога қисман ечим топилади.

Хусусан, бошпана ташкил қилганлар қаровсиз жонзотларни ветеринария кўригидан ўтказиб, даволайди, стериллайди, эмлайди. Жароҳати оғир ёки касаллиги жиддий бўлган ит, мушукларни вахшийларча муносабатда эмас, балки укол орқали ухлатиб ўлдириши мумкин. Соғломларини эса ювиб, тараб, эмлаб, бирор сайт яратиб ёки ижтимоий тармоқлар орқали боқиш истагидаги одамларга бериб юборилади. Аҳоли бозордан пулга харид қилгандан кўра, интернет орқали текинга бажонидил олади ва ишончли. Бу жониворларни ҳам Худо яратган, чиқинди эмас. Улар бежизга одамларни кичик дўсти дейилмайди.

«Улар ҳам ранжийди, қийналади»

Азиз Тожиев, «Меҳр ва оқибат» ННТ директори:

— Жамиятимиз 2010 йилнинг декабрида фаолиятини бошлаган бўлиб, ҳайвонларни ҳимоя қилиш билан шуғулланади. Қаровсиз жонзотларга шафқатсиз муносабатда бўлмаслик бўйича ҳам ёшларга тушунтириш-тарғибот ишларини олиб борамиз, қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш юзасидан мутасаддиларга ўз таклифларимизни билдирамиз.

Фото: Азиз Тожиевнинг шахсий архивидан

Одамлар орасида жонзотлар тақдирига бефарқ бўлмаганлар кўпайиб бормоқда. Ички ишлар вазирлиги, Экопартия сингари бир қанча ташкилотлар билан ҳамкорлигимиз яхши йўлга қўйилган. Улар бизга келган мурожаатларни ўрганиб, амалий чора кўришда доим ёрдамлашади.

Аммо бу борада ўзига хос камчилик ва муаммолар ҳам йўқ эмас. Биласиз, ўзбек халқи азалдан меҳр-оқибатли миллат сифатида ҳам танилган. Лекин ҳайвонларга бўлган муносабатимиз бунинг аксини кўрсатади. Жонзотларга озор берилса, улар ҳам ранжиши, қийналишини кўп одамлар ҳис қилмайди, бу борадаги масъулиятимиз мақтагулик даражада эмас.

Аксарият кишилар ҳайвонларни парвариш қилишда масъулият билан ёндашмайди. Фарзандига «ўйинчоқ» сифатида олиб бергач, боқиш жараёнида қийинчиликка дуч келса, кўчага кераксиз матоҳдек ташлаб кетади. Ҳайвонларга бўлган ваҳший муносабатлар тасвирланган видеолар эса ўсиб келаётган авлод тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатиши, шубҳасиз.

Фото: «Меҳр ва оқибат»

Дайди жониворларни аҳоли мурожаати бўйича тутиб, олиб кетиш билан ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги бригадалар шуғулланади. Лекин мазкур бригадалар фаолиятини қайта кўриб чиқиш керак, деб ўйлайман. Улардан қаровсиз ҳайвонларни фақат тутиш талаб қилинади, холос. Жонзотларни тутгандан кейин парваришлаб, даволаб, эмлаш ишлари олиб борилмайди. Бизда бу тизимли муаммо. Кўп мамалакатларда эса ечимини топган.

«Мактабларда экологияга оид дастурларни кўпайтириш керак»

Тожиевнинг қайд этишича, ит ва мушукларни стериллаш жараёнини тизимли йўлга қўйиш зарур.

— Ҳайвонларни тутиш вазифаси қайси ташкилотга юклатилишидан қатъи назар, муҳими жониворларни сақлаш учун жойлар, даволашга кетадиган ресурслар яратилиши ва мутахассис ходимлар жалб қилиниши зарур. Шу орқали муаммога комплекс ечим топилади. Кейинчалик ҳайвон боқиш истагидаги одамларга покиза, эмланган жониворлар бериш имкони ҳам йўлга қўйилади.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Асосий муаммо шундаки, одамлар ҳайвонларни боқиш учун уйига олиб кетгач, вақтида ёки умуман, стерилламайди. Кўчага улоқтирилганидан сўнг ит, мушуклар туғаверади. Натижада қаровсиз ҳайвонлар сони кўпайиб боради. Стериллаш жараёнини ҳам тизимли йўлга қўйиш зарур. Масаланинг бир ечими мана шу.

Шунингдек, Халқ таълими тизимида экологияга оид дастурларни жорий қилиш керак. Ўқувчиларга уй ҳайвонларини масъулият билан боқиш, уларга меҳрибон бўлишни чуқур тушунтириш керак.

Шу ўринда айтмоқчиманки, фуқаролар ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлган одамларни билишса ёки шундай ҳолат гувоҳига айланишса, ўз ҳудудидаги ички ишлар ходимларига мурожаат қилишларини сўраб қоламан.

Юзлаб итларга бошпана берган Андрей

Андрей Дудников 2018 йилда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги Шералисой қишлоғида «Тўрт оёқли» итлар бошпанасини ташкил қилган. 6 сотихли жойда айни пайтда ўлимдан қутқарилган юзлаб итлар боқилмоқда. Улар орасида Сардоба фожиасидан омон қолган итлар ҳам бор.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

— Фарзандларим қизиқиши ва турткиси сабаб уч йил олдин шу бошпанани йўлга қўйдик. Ҳозир бу ерда 400 бош атрофида ит ва кучуклар бор. Сардобадаги фожиадан тирик қолган итларни ҳам боқамиз. Наманган, Фарғона, Бухоро каби вилоятлардан келтирилган қаровсиз ҳайвонларга ҳам бошпана берганмиз. Ҳар бир итни, албатта, эмлатамиз ва стериллаймиз. Қаттиқ жароҳат олганларини ҳам ўзимиз даволатамиз.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Бу жонзотларнинг ҳаммасини озиқлантириш учун бир кунда 300 минг сўмлик емак харид қиламиз. Ижтимоий тармоқлар орқали тирик жониворлар тақдирига бефарқ бўлмаган инсонлар пластик картамизга ёрдам пуллари ўтказишади. Кимдир 10 минг сўм, яна кимдир 50 минг сўм беради. Бундан ташқари, турли емаклар ва дори-дармон олиб келадиганлар ҳам бор.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Биз бу итларни ҳеч кимга сотмаймиз, уларга даромад манбайи сифатида қарамаймиз. Шунчаки саховат кўрсатишга ҳаракат қиламиз. холос. Агар кимдир боқиб олиш ниятида келса, ҳужжат асосида бепул бериб юборамиз. Қаровсиз ҳайвонларга ёрдам кўрсатувчи ва сақловчи бошпаналардан фақат учтасини биламан. Улар ҳам худди биз каби ҳолатда, яъни итларни хайрия пуллар эвазига боқиб, парваришлайди.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Эндиликда қаровсиз итларни ушбу бошпанага қабул қилмаймиз. Чунки жой йўқ, 6 сотих жой 400 та итга торлик қиляпти. Сиз кўриб турган, мана бу олдимиздаги ерга қўшимча бошпана қуришни режалаштиряпмиз. Аммо қурилиш материаллари учун ёрдам зарур.

«Ҳайвонларга нисбатан муносабатимизни ўзгартиришимиз керак»

Экожурналист Наргис Қосимова Ўзбекистонда экологик телеканал очиш кераклигини қайд этди.

— Агар кузатсак, ит ва мушуклар кўпинча одамлардан ўзини олиб қочади. Болаларни ҳам кичкиналигидан «Қоч, ит тишлайди ёки мушук тирнаб олади», деган гапларни айтиб, табриялаймиз. Аслида болалар ҳайвонларга тош отса, қувласа, калтак билан уришга уринса, жонзотлар ҳам ўзини ҳимоялаш мақсадида тишлайди ёки тирнайди.

Ўзбеклар аслида меҳрибон халқ. Лекин ҳайвонларга нисбатан муносабатимизни, экологик тарбияни ўзгартириш, экологик маданиятни ошириш керак. Шу мақсадда боғча, мактабларда экологик соатларни кўпайтириш лозим. Фарзандларимиз қалбида табиатга, ҳайвонларга бўлган меҳрни ошириш учун ҳар бир таълим муассасасида жонли бурчакларни ташкил этиш керак.

Биз мактабда ўқиган даврда шундай бурчаклар бўларди. Ўзимиз ҳайвонларни боқиб, ўсимликларни парваришлардик. Ҳар бир синфга бурчаклар бўлиб бериларди ва ҳамма синф ўз бурчагига жавобгар ҳисобланарди. Бундан ташқари, алоҳида экологик телеканал очиш ҳам яхши самара беради деб ўйлайман. Биздаги «Дунё бўйлаб» телеканали эса туризм, саёҳатга йўналтирилган телеканал, лекин экологияга оид эмас.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Яна бир муаммо сифатида айтишим керакки, бизда ит, мушук ва бошқа ҳайвонларни уриб кетган ҳайдовчилар ҳеч қандай жавобгарликка тортилмайди. Ваҳоланки, бундай ҳуқуқбузарларни ЙПХ билан ҳамкорликда камералар орқали топиш қийин эмас.

Ҳар сафар Туркияга борганимда, ит ва мушукларнинг кўчаларда бемалол юрганини кўраман, ҳеч ким уларга тегинмайди. Одамлар овқат беради, болалар бирга ўйнайди, силайди. Бу кичкинтойлар келажакда ота-онасига, жамиятга нисбатан меҳрибон бўлиб улғаяди», деди Қосимова.

«Ҳавас учун ўқ узмаймиз»

Эркин Исломов, Жиззах шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ҳузуридаги ит овлов бригадаси бригадири:

— Олти йилдан бери шу лавозимда фаолият юритаман. Қўл остимда икки нафар малакали овчи ишлайди, битта Damas автомашинаси, ов қуроллари ва бошқа керакли анжомлар билан таъминланганмиз, давлат бюджетидан 1 миллион 200 минг сўмдан маош оламиз.

Шаҳарда жами 35 та маҳалла бор. Йил давомида жадвал бўйича барча маҳаллани айланамиз, аҳоли мурожаат қилмаса ҳам ҳар бир ҳудудни, албатта, назоратдан ўтказамиз. Одамлар «Кўчадаги дайди ит, мушук кечаси ухлатмаяпти», «Фарзандимни тишлаб олди», «Кўчада бемалол юра олмаяпмиз», мазмунида қўнғироқ қилиб, шикоятини айтади.

Кунига 6-7 та мурожаат тушиши сабаб иш режамиз ҳам ўзгариб кетади. Фуқаролар арз қилганидан кейин ўша маҳаллага боришга мажбурмиз. Лекин иш вақтидан ташқари пайтларда ҳудудларга чиқмаймиз. Меҳнат қонунчилигига кўра, фаолият олиб борамиз.

Бошпанасиз ит ва мушукларни ушлаш осон иш эмас. Бизда ухлатиб қўядиган дорилар йўқ. Иложсиз милтиқда отиб, ярадор қиламиз ёки фалаж ҳолатга келтириб, ушлаб оламиз. Айрим пайтларда ўша жойнинг ўзида ўлиб ҳам қолади. Буни яширишнинг ҳожати йўқ. Хавфсизликни ҳисобга олган ҳолда отамиз. Ҳавас учун қўлга қурол олиб, ўқ узмаймиз. Агар ўқ кимгадир тегиб кетса, жавобгарлиги бизнинг бўйнимизда қолиб кетади.

«Ҳукумат қарори мукаммал ишлаб чиқилмаган»

Эркин Исломовнинг маълум қилишича, унинг раҳбарлигидаги бригада бир ойда ўртача 120 та итни белгиланган тартибда йўқ қилади.

— Итларни ушлаганимиздан кейин қафасга соламиз. Мавжуд учта қафаснинг ҳар бирига 15 тадан ит сиғади. У бечора жонивор уч кундан кейин очликдан ўлади. Бошида раҳмимиз келиб, нон, сув ва бошқа маҳсулотлар бериб кўрдик. Қарасак, чўнтагимиздан маблағимиз кетяпти. Дайди жонзотларни олиб кетадиган одамлар йўқ. Олти йилдан бери бирорта киши олдимга ит сўраб келмаган.

Бошқа давлатларда дайди ҳайвонлар учун бошпаналар ташкил этилиб, уларга яхши эътибор берилади, сақланади. Лекин Ўзбекистонда итга кўчада юрган оддий бир нарса сифатида қаралади.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Биласизми, айрим пайтларда ўзим ҳам тушунмай қоламан. Қутуришга қарши курашиш мақсадида дайди ҳайвонларни отиб, ўлдириш бўйича топшириқ оламиз. Итларни отсак, аҳоли видеога олиб, интернетга чиқариб юборади, устимиздан шикоят қилади. Агар отиб ўлдирмасак, масъулиятсизликда айбланиб, маошимиздан жазо сифатида жарима тўлашимизга тўғри келади. Бир ойда ўртача 120 та ит белгиланган тартибда йўқ қилинади. Жасадларни шаҳардан 15 километр узоқликдаги махсус жойга кўмиб келамиз.

Аҳолининг экологик ва ҳайвон боқиш маданияти қониқарсиз. Аксарият одамлар, айниқса, қишлоқдагилар уйидаги ит, мушукни вакцинация қилдирмайди, ветеринария кўригидан ўтказмайди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йилда қабул қилинган 202-сонли қарори мукаммал ишлаб чиқилмаган, уни пухта ҳолатга келтириш учун қайта кўриб чиқиш зарур.

Ит, мушугини назоратсиз қолдирган фуқароларга нисбатан жазони кучайтириш керак. Кимнингдир ити бирор одамни тишлаб олса, арзимаган жарима билан қутулиб қоляпти.

«Бошпана билан таъминлашни давлат назоратга олиши керак»

Ҳабибулло Ҳамдамов, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш бошармаси бошлиғи:

— Юртимизда қаровсиз ҳайвонларнинг кўпайиши сабабларидан бири шуки, одамлар қизиқиши ёки фарзандини овутиш ниятида ит, мушукни уйига олиб боради. Мабодо бу жониворлар ёқмай қолса, кўчага ташлаб кетади, бирор жойга адаштириб келади. Бу борада аҳолининг кўп қисмини жуда масъулиятсиз дейиш мумкин.

Фото: Ҳабибулло Ҳамдамовнинг шахсий архивидан

Кўчага ташлаб юборилган жонзотларнинг тўда-тўда бўлиб юриши ва ташқи муҳитда кўпайиши ҳам улар сонини оширмоқда. Айниқса, чекка ҳудудларда, қишлоқ жойларида дайди ҳайвонларни кўп учратиш мумкин. Кенгликларда носоғлом жониворлар билан алоқада бўлиб, турли касалликларни тарқалиш хавф-хатарини оширади.

Ободонлаштириш бошқармалари ходимлари дайди жонзотларни назоратга олиши керак. Уларни ушлагач, бошпана билан таъминлаши ва сақлаши, шафқатсиз муносабатда бўлмаслиги лозим. Бизнинг ҳозирги энг муҳим вазифамиз, ит, мушукларни қутуриш касаллигига қарши вакцинациялашдир.

Қаровсиз қолган ит, мушукларни бошпана билан таъминлаш, озиқлантириш давлат томонидан назоратга олиниши керак деб ўйлайман. Хусусий бошпаналар жуда кам. Уларга ҳам хайрия маблағлари мунтазам равишда келиб турмайди. Шу боис биринчи ўринда Ўзбекистоннинг катта шаҳарларида давлат бюджети ҳисобидан бошпаналар қурилиши лозим. Бундан ташқари, туманларда ҳам биттадан катта бошпаналар ташкил этилиши керак. Чунки қишлоқларда ҳам баъзан дайди итлар кўпайиб кетади.

«Стериллаш Ўзбекистон учун янги амалиёт»

— Мамлакатимизда уй ҳайвонларини, асосан, қаровсиз ит ва мушукларни стериллаш жараёни жорий йилдан бошлаб амалга оширилмоқда. Бу Ўзбекистон учун янги амалиёт. Синов тариқасида Тошкент вилояти танланган. Мазкур ташаббус «Меҳр ва оқибат» нодавлат жамияти раҳбариятига тегишли бўлиб, хусусий ветеринария клиникалари билан келишган ҳолда бажариляпти. Жараёнда «Меҳр ва оқибат»нинг волонтёрлари ҳам фаол қатнашмоқда.

Шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармаларидаги ветеринар врачлари тутиб келинган ит, мушукларни доимий тарзда қутуришга қарши вакцина билан эмлайди. Улар ташқи ва ички паразитларга қарши дорилар билан ҳам таъминлаб борилади.

Баъзи ободонлаштириш бошқармаларида ветеринар врачлар етмай қолади. Аммо шу йилдан кўпайишни бошлади, ветеринар, албатта, бўлиши кераклиги талаб қилинмоқда.

Ҳабибулло Ҳамдамовнинг таъкидлашича, бир неча йил аввал қўмита мутахассислари томонидан ҳайвоналарга қарши шафқатсиз муносабатни олдини олиш ҳамда «Ҳайвонларни индификациялаш тўғрисида»ги қонунлар лойиҳалари тайёрланиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган.

Статистика ортидан қувиб...

Мақолани тайёрлаш жараёнида бир ой ёхуд йилига қанча бошпанасиз ит, мушуклар тутиб олиниши ва ўлдирилиши ҳақида статистик маълумотлар олиш мақсадида қатор давлат ташкилотларига мурожаат қилдик. Хусусан, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш ҳамда Статистика қўмиталари вакиллари дайди жонзотлар тақдири билан шуғулланмаслиги боис маълумот йўқлигини қайд этди.

Қаровсиз ит, мушукларни тутиш шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари зиммасига юклатилганини билганимиздан кейин ҳам мамлакат бўйлаб сатистик рақамлар олишнинг иложи бўлмади. Чунки шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари фақат шаҳар, туман ҳокимликларига бўйсунади. Улар бу бўйича на вилоят, на Республикадаги бирор ташкилотга ҳисоб беради.

Юқорида мутахассислар айтиб ўтган муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилган таклифлар Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Сенат раҳбариятига етиб бориши, ушбу жиддий масалага аҳамият қаратилишига умид билдириб қоламиз.

Муаллиф: Миролим Исажонов