Баъзи актёрлар йиллар давомида эришолмаган натижани айрим дебютант ижрочилар биргина роли билан қўлга киритади. Шу боисдан улар санъатни тарк этган ёки ижодий танаффус қилган тақдирда ҳам, томошабинлар ёдидан кўтарилмайди. Қуйида фильм ва сериаллардаги биргина образи билан танилиб, кейин кўринмай қолган ижодкорлар ҳақида сўз юритамиз.

Лобар Полвонова — «Муҳаббат синовлари»даги Рухшона

Фото: «Муҳаббат синовлари» фильмидан лавҳа

«Муҳаббат синовлари» фильмидаги Рухшона роли билан томошабинларга яхши таниш бўлган Лобар Полвонова негадир актрисалик фаолиятини давом эттиришни истамади. Сўнгги ролини 2006 йили «Ҳаёт мамот» фильмида ижро этди. У 2005 йилдан буён Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида либослар бўйича рассом бўлиб ишлаб келмоқда. Ўтган йили  «Алишер Навоий» спектакли ва «Фауст» операси учун яратган либослари томошабинлар эътирофига сазовор бўлди.

Фото: Лобар Полвонованинг шахсий архивидан.

Негадир у омма эътиборида бўлиш ва актрисалик фаолияти ҳақида интервью беришни истамайди. Шахсий ҳаёти билан боғлиқ маълумотларни ҳам сир сақлайди.

Наврўза Бийназова — «Шайтанат»даги Асадбекнинг қизи

Фото: «Шайтанат» сериалидан лавҳа

У телевидениедаги фаолиятини 26 йил аввал бошлаган. Бир неча йил телевидениеда муҳаррир сифатида фаолият юритиб, қатор кўрсатув ва фильмларнинг яратилишига ўз ҳиссасини қўшган. Илк ролини эса 1997 йили «Мен хоҳлайман» ҳужжатли фильмида ижро этган. 1999 йили эса уни «Шайтанат» сериалига таклиф этишган. Баъзи сабабларга кўра, актриса сериалнинг 6 қисмидан рол ижро этмаган.

Фото: Наврўза Бийназованинг шахсий архивидан

Наврўза Бийназова муаллифлиги ва режиссёрлигидаги фильмлар Нью-Йорк («Чегара». 2004 йил) ва Боку («Кўргилик» 2005 йил) фестивалларида иштирок этган. Сентябрь ойида режиссёрлигидаги  «Ўзбекнинг Зулфиясиман» номли ҳужжатли фильм премьераси ўтказилди. Мазкур фильм шоира Зулфияхоним Исроилова ҳаётига бағишланган.

Омон Бурҳон — «Шайтанат»даги терговчи

Фото: «Шайтанат» сериалидан лавҳа

Аслида, Омон Бурҳоннинг актёр бўлишига ҳеч ким шубҳа қилмасди. Чунки у Ўзбекистон халқ артисти Шукур Бурҳоннинг жияни, ўзбек телевидение асосчиларидан бири бўлган Убай Бурҳоннинг фарзанди ҳисобланади. У илк ролини 1969 йили суратга олинган «Кекса устознинг аҳдномаси» номли 4 қисмли фильмда ижро этган. Ундан сўнг 1975 йили суратга олинган «Пойга машиналаридан қўрқмас болалар» фильмида суратга тушган. Аммо у актёр бўлишни истамади ва ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг Шарқшунослик факультетига ҳужжат топшириб, арабшунослик бўйича таҳсил олди. 1998 йили режиссёр Жаҳонгир Қосимов «Шайтанат» сериалидаги Зоҳид ролига таклиф этди. Омон Бурҳон раҳбарият топшириғи сабаб сериалда рол ижро этишга мажбур бўлган.

Фото: Омон Бурҳон шахсий архивидан

— Аслида, сериалдан Зоҳиднинг четлашиши ҳам қизиқ кечган. У пайтда Президент администрациясидаги  фаолиятим сабаб экранда кўринишим ва асосий вақтимни суратга олиш ишларига сарфлашим мумкин эмасди. Вазиятни Ёдгор Саъдиевга тушунтирганимда сценарийни ўзгартиришга мажбур бўлган ва Зоҳидни малака ошириш учун хорижга жўнатиб юборишган, — дейди Омон Бурҳон. Айни кунда у «Оилавий» телеканалининг раҳбари сифатида фаолият юритади.

Зиёда Ҳудойқулова — «Тубанлик» фильмидаги Дилроз

Фото: «Тубанлик» фильмидан лавҳа

Асли фармацевтика соҳасида таҳсил олган Зиёда Ҳудойқулова кичик тасодиф сабаб кино оламига кириб қолган. Режиссёр Ҳилол Насимов Лола Элтоевага ўхшашлиги сабаб уни «Тубанлик» фильмига таклиф этган. Фильм катта муҳокамаларга сабаб бўлди ва актрисага иккинчи фильмда ҳам рол ижро этиш бахти насиб этди. У Алишер Узоқовнинг «Кузда гуллаган дарахт» фильмида суратга тушди.

Фото: Зиёда Худойқулованинг шахсий архивидан

Бундан ташқари, у Шаҳзоданинг «Шунчаки», «Мен ўша», Ойбек ва Нигоранинг «Хавотирдаман» клипларида ҳам суратга тушган. Оилали бўлгач, санъатни бутунлай тарк этди, айни дамда ўғли Муҳаммадалининг тарбияси билан банд.

Бону Нур — «Снайпер» фильмидаги махсус хизмат ходими Наргиза

Фото: «Снайпер» фильмидан лавҳа

Ўн икки ёшида санъат оламига кириб келган Бону Нур бир нечта хоразмлик ижодкорларнинг клипида суратга тушган. Тўйларда бошловчилик қилиб юрганида Хоразмдаги телеканаллардан бири уни телебошловчиликка таклиф этган. Бир неча йил бошловчилик қилган Бону Нур оилали бўлиб, Тошкентга кўчиб келган. Кутилмаганда унга  «Снайпер» фильмида суратга тушиш таклифи берилди. Фильмнинг илк саҳналари олинган пайтда у ҳомиладор бўлган.

Фото: Бону Нурнинг шахсий архивидан

Бону Нурнинг Насиба исмли қизчаси бор, айни кунларда у актрисалик фаолиятини якунлаб, ўзини оиласига бағишлаган. У Instagram’да «Бону нур ошхонаси» блогини юритади.

Наргиза Шарметова (Рўзибоева) — «Опа сингиллар» сериалидаги Насиба

Фото: «Опа-сингиллар» сериалидан лавҳа

34 ёшли актриса асли Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида туғилган. 2010 йили Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаси бўлган. Талабалик чоғидан телесериалларда суратга тушган. Унга «Опа-сингиллар» сериалидаги Насиба роли машҳурлик олиб келган. Бир неча йилдан кейин Сардор Комилов продюсерлигида Нармин тахаллуси остида хонандалик фаолиятини бошлаган. «Кечмас» номли қўшиғига клип суратга олгач, продюссерлик шартномаси бекор қилинган.

Фото: Наргиза Шарметованинг шахсий архивидан

Актриса режиссёр Улуғбек Шарметов билан оила қургач, бироз ижодий танаффус қилишга қарор қилди. Айни дамда унинг бир ёшли Ясинбек исмли ўғли бор.