2002 йилнинг 23—25 октябрь кунлари Россия тарихидаги энг даҳшатли терактлардан бири бўлиб ўтганди. Портловчи модда ва автоматлар билан қуролланган чечен айирмачилари Москвадаги театрни эгаллаб, ундаги 912 нафар инсонни гаровга олади. Юзлаб инсонлар ҳаётига зомин бўлган ушбу террористик акт ҳақида «Дарё» колумнисти Муҳаммадқодир Собиров ҳикоя қилади.

Сабаб

1999 йили Чеченистон кучларининг Доғистонга бостириб киришига жавобан шу йилнинг сентябрь ойида Чеченистонда федерал қўшинлар томонидан аксилтеррор операцияси ўтказилиши эълон қилинади. Натижада Иккинчи чечен уруши бошланади.

2000 йилда Чеченистоннинг Шатой вилояти эгалланиши билан фаол ҳарбий ҳаракатлари деярли тугайди. Чеченистоннинг мустақиллиги учун бошлаган уруши кейинчалик террорга айланиб кетади. Минтақада сиёсий авторитетлар ва ҳарбийларни ўлдириш ҳолатлари кўпаяди. Республикага «Ал-Қоида» ва «Толибон» жангарилари келгани ҳақида хабарлар пайдо бўлади.

Федерал қўшинлар бўлинмалари Чеченистонга жойлаштирилади ва ўлкада терроризмга қарши кураш режими жорий қилинади. Бунга жавобан чечен дала қўмондонлари 2002 йил ёзида йиғилиш ўтказади ҳамда Москвада теракт ўтказишга қарор қилади. Кейинги ойларда жангарилар кичик гуруҳларга бўлиниб Москвага келиб жойлашади. Улар, тахминан, қирқ кишидан иборат бўлиб, гуруҳнинг тенг ярми худкуш аёллардан иборат бўлган.

Босқин

Дастлаб жангарилар уч объектни нишонга олади: Москва давлат эстрада театри, Москва ёшлар саройи ва Дубровкадаги театр маркази. Сиғимининг катталиги ва хоналарнинг камлиги ҳисобга олиниши натижасида Дубровкадаги театр маркази босқинга нишон қилиб танланади. Дубровка театри одатий театр зали бўлиб, бу ерда концерт, театр томошалари ва бошқа тадбирлар ўтказиларди. 2001 йилда «Норд-Ост» мусиқий ижодкорлари эҳтиёжлари учун иншоот қайта жиҳозланади ва номи ўзгартирилади.

2002 йил 23 октябрь куни кечки пайт москваликлар Дубровкадаги театр марказида «Норд-Ост» мусиқий фильмини томоша қилаётганди. Соат 21:15 да учта микроавтобус театр ёнига келиб тўхтайди ва ундан камуфляж ва қора либос кийган қуролли одамлар туша бошлайди. Бинога бостириб кирган жангарилар театрда бўлган жами 912 нафар инсонни гаровга олади. Улар орасида томошабин, актёр ва театр ходимлари, шунингдек, «Иридан» ирландча рақс мактаби ўқувчилари ҳамда милиция генерали ҳам бор эди. Жангарилар залга бостириб кирганида саҳна ортида бўлган актёрлар деразадан қочиб чиқиб кетади ва милицияни чақиради.

Жангарилар етакчиси, собиқ чечен қўмондони Арби Бараевнинг ўғли Мовсар Бараев гаровга олинган чет эл фуқароларига ҳеч қандай хусумати йўқлигини айтади ва хориж паспортини кўрсатганларни озод қилишга ваъда беради.

Мовсар Бараев ва жангариларнинг видеомурожати

Фото: «ТАСС»

Бутун бино бўйлаб бомбалар жойлаштириб чиқилади ҳамда бир-бирига боғлаб қўйилади. Танасига бомба боғланган худкуш аёллар эса бутун зал бўйлаб, гаровдаги кишилар орасига жойлашади.

Талаблар

Мовсар Бараев Россия ҳукуматидан федерал қўшинларнинг Чеченистондаги аксилтеррор операцияларини тўхтатишини талаб қилади. У, шунингдек, қўшинларнинг ўлкадан бир ҳафта ичида олиб чиқилиши кераклиги, агар бу муддат ичида талаб бажарилмаса гаровдагиларни ўлдиришни бошлашини айтади.

Гаровдагиларга оила аъзолари билан гаплашишга рухсат берилади. Улар яқинларига бутун бино бомбалаштирилганини, уларнинг танасига ҳам портловчи моддалар боғлаб қўйилганини айтади. Шу билан бирга улар террористлар бир-бирини арабча исмлар билан чақираётгани, аёл жангарилар Шимолий Кавказ кийимидан фарқ қилувчи ғайриоддий араб кийимлари кийганини ҳам билдирган.

Қамал

Соат 22:00 да Дубровкага милиция, ОМОН, СОБР, ФСБ ва ички қўшинларнинг кучайтирилган қисмлари етиб келади. Жангарилар тунда гаровдаги ўн беш болани қўйиб юборади.

Милиция ва ФСБ ходимлари театр маркази биноси ёнида

Фото: «ТАСС»

Жангарилар билан музокаралар 00:15 да бошланади. Давлат Думасининг чеченистонлик депутати Асламбек Аслаханов бинога киради. Шундан сўнг 24 октябрдан то 26 октябрь тонгигача жангарилар музокараларга фаол киришади, келишувларда кўплаб рус сиёсатчилари: Иосиф Кобзон, Ирина Хакамада, Григорий Явлиниский, Борис Немсов, Руслан Хасбулатов, шунингдек, журналистлар Анна Политовская, Сергей Говорухин, британиялик Марк Франкетти, савдо-саноат палатаси раҳбари Примаков, Ингушетия Республикасининг собиқ президенти Руслан Аушев ва санъаткор Алла Пугачова иштирок этади. Собиқ СССР президенти Михаил Горбачёв ҳам жангарилар билан воситачи бўлишга тайёрлигини билдиради. Террорчиларнинг ўзи эса бинога Халқаро Қизил Хоч ва Чегара билмас шифокорлар ташкилотларининг вакиллари келишини талаб қилади. Шу куни шифокор Леонид Рошан театр марказига киради ва гаровдагиларга дори-дармон топшириб, биринчи ёрдам кўрсатади. Бинодан чиққан Рошан гаровдагилар аҳволи оғир экани, уларга егулик ва сув берилмаётганини маълум қилади.

Плакатда «Уларга сув ва дори беринг» ва «Инсонлар ҳаёти сиёсатдан муҳим» деб ёзилган

Фото: «Спутник»

Олиб борилган келишувлар натижасида гаровга олинган бир неча ўнлаб инсон қўйиб юборилади.

Жангарилар агар Чеченистон раҳбари Ахмат Қодиров театрга келса яна эллик нафар гаровдаги инсонни озод қилишларини билдиради. Аммо Ахмат Қодиров бу сўровга жавоб бермайди ва озод қилиш амалга ошмайди.

Штурм

Путин билан учрашувдан сўнг Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) раҳбари Николай Патрушев жангарилар агар барча гаровдагиларни қўйиб юборса, уларнинг ҳаёти сақлаб қолиниши ҳамда Россия ва Чеченистондан ташқари хоҳлаган мамлакатларига кетишга имкон берилишини айтади. Бироқ таклиф рад қилинади, жангарилар федерал қўшинлар Чеченистондан олиб чиқилиши кераклиги ҳақидаги шартни ўзгартирмайди.

Шундан сўнг оммавий талафотларга йўл қўймаслик учун ФСБ махсус кучлари томонидан махсус операция ўтказишга қарор қилинади. Аммо вазият жиддий бўлиб, штурм бошланиши билан террорчилар бинодаги портловчи моддаларни портлатиб юбориши, натижада иншоот ичидаги барча ҳалок бўлиши мумкин эди. Қолаверса, бу миқдордаги портлаш бинонинг қулашига ҳам олиб келарди.

Махсус хизматларда кейинроқ янги қурол, опиоид — асаб газидан фойдаланиш фикри пайдо бўлади. Бу инсон марказий асаб тизими ва нафас олиш йўлларига таъсир қилувчи модда бўлиб, ҳали бирон марта ҳарбий қурол сифатида қўлланилмаганди.

Фото: «ТАСС»

26 октябрь соат 05:00 да бино деворидан очилган кичик тешиклар ва вентиляция тизими орқали юборилган бу газ ёрдамида жангарилар хавфсизлантирилади. Штурм соат 06:00 да бошланади. Махсус кучлар (Алфа ва Вимпел гуруҳлари) театр марказига кирганда бинонинг ёруғлик тизими ўчирилади. Газ таъсирига тушган жангарилар кўр-кўрона ўқ уза бошлайди. Гаровдагилар ва террорчиларнинг кўпчилиги ҳушидан кетади, баъзи жангарилар «противогаз» кийишга улгуради.

Соат 06:30 да ФСБ расмий вакили жангарилар йўқ қилингани ва бино махсус кучлар назорати остида эканини хабар қилади. Дубровкага ўнлаб тез ёрдам машиналари олиб келинади. Соат 07:25 да эса президент ёрдамчиси Сергей Ястржембский операция якунланганини расман эълон қилади.

Қурбонлар

Кейинроқ Россия ички ишлар вазири Владимир Василий операция натижалари ҳақида биринчи маълумотларни тақдим этади. Унга кўра штурм давомида 36 жангари йўқ қилиниб, гаровдагиларнинг 750 нафари озод қилинади, 67 киши эса ҳалок бўлади. Кейинги кунлар ичида яна бир неча ўнлаб гаровдаги инсонлар Москва касалхоналарида вафот этади. Теракт қурбонларининг умумий сони 130 кишини ташкил қилди. Улардан 10 нафари ёш болалар эди.

Фото: «Коммерсантъ»

Кейинги воқеалар

Теракт айбдорларига нисбатан 2002 йил 23 октябрда жиноий иш очилади. Теракт учун жавобгарликни чечен дала қўмондони Шамил Басаев ўз зиммасига олади. 2003 йил июнь ойида Москва прокуратураси босқинчиларнинг ўлими муносабати билан ишни тўхтатади. Тергов доирасида террористик актни уюштириш айбловлари Шамил Басаевдан ташқари Зелимхон Яндарбиев ва Аҳмад Закаевга ҳам қўйилади.

Ушбу теракт бутун дунё томонидан қаттиқ қораланади. АҚШ ҳукумати бу воқеадан кейин Аслан Масхадов режими қонунийлигини бутунлай йўқотганини ва тинчлик жараёнларида иштирок эта олмаслигини билдиради. Ироқ президенти Саддам Ҳусайн чечен жангариларининг бегуноҳ инсонларни гаровга олишини қоралаб, улар бу билан «исломга бўлган ишончни синдиргани»ни айтиб ўтади.

Дубровка театр марказидаги теракт замонавий Россия тарихидаги энг катта террор актларидан бири ҳисобланади. 2002 йил 28 октябрь «Норд-Ост» теракти қурбонлари хотирасига бағишлаб мотам куни эълон қилинади. Кейинги йил 23 октябрда Дубровка театр маркази олдида «Терроризм қурбонлари хотираси» ёдгорлиги очилади.