Бугунги кунда YouTube ўз-ўзини кашф этишнинг энг оддий ва осон усули ҳисобланди. У орқали машҳурликка эришиш ва мўмайгина даромад  топиш мумкин. Фақат унинг ҳам ўзига яраша талаблари, қонун-қоидалари бор.

Қуйида YouTube’да энг кўп томоша қилинган ўзбек клиплари ҳақидаги маълумотларни келтириб ўтамиз. Айрим хонандалар клипларидан қанча даромад олганини яширмади, баъзилари эса бу ҳақда гапиришни истамади.

1-ўрин: Осман Наврўзов «Любимая» клипи 

Фото: Instagram / @osmannavruzov_official

YouTube’да клипи энг кўп томоша қилинган ўзбекистонлик хонандалар рейтингида биринчи ўринни қорақалпоғистонлик Осман Наврўзов эгаллаган. Унинг «Любимая» клипи 81 миллион марта томоша қилинган. «Бир дўстим бор» қўшиғи эса 10 миллиондан зиёд кўрилган. Осман Наврўзов 12 йилдан буён ижод қилади.

— Рости, «Любимая» қўшиғи бунчалик машҳурликка эришишини тасаввур қилмагандик. Агар шундай бўлишини билганимизда сифатли клип суратга олардик. Қўшиқ омад билан бирга катта даромад ҳам олиб келди. Шу кунгача мазкур клипдан 40 000 АҚШ долларидан кўпроқ даромад олганман, — дейди хонанда.

2-ўрин: Шаҳзода «Чикко» клипи

Фото: Instagram / @shahzodasinger

Мафтункор Шаҳзоданинг YouTube’даги натижалари ҳам ёмон эмас. Унинг «Чикко» клипи 62 миллион марта томоша қилинган. Таҳлилларга кўра, клипнинг оммалашишига анимация тарзида суратга олингани сабаб экан. Ундан кейинги ўринни 24 миллионлик кўрсаткич билан «Ҳаёт, айт» клипи эгаллаган. Хонанда даромадлари билан боғлиқ маълумотларни ошкор этишни истамади.

3-ўрин: Севинч Мўминова «Не бўлди?» клипи

Фото: Instagram

Бу ўринни «Интернет қироличаси» дея таърифланадиган Севинч Мўминова 57 миллионлик натижа билан банд этган. Етти йил аввал интернетга юкланган «Не бўлди?» қўшиғи ҳалигача ўз томошабинига эга. Мазкур қўшиқ «Бахт учун миллион» фильмига соундтрек сифатида ижро этилган. Аслида у плагиат қўшиқ бўлиб, Севинчдан аввал уни ҳинд, турк ва грек хонандалари ҳам ижро этишган. Қўшиқ матни эса шоира Гулбаҳор Мўминова қаламига мансуб.

— YouTube’дан топадиган даромадимиз у қадар юқори эмас. Ойига 1 000 АҚШ долларидан пул келади, — дейди хонанданинг отаси Толиб Мўминов.

4-ўрин: Жаноб Расул «90-60»  клипи

Фото: Instagram

Хонанда Жаноб Расулнинг ижоди ҳамиша интернет фойдаланувчиларининг диққат марказида. У клиплар тренди борасида кўпчилик хонандаларни ортда қолдиради. Унинг Дубайда суратга олинган «90-60» қўшиғи 53 миллион марта кўрилган ва 15 мингдан кўпроқ изоҳ қолдирилган. Бу ҳавас қилгулик натижа.

— Интернетдан ёмон даромад келмайди, шу боис клиплар сифатига ҳам алоҳида эътибор бераман. Бир ойда пластик картамга, тахминан, 7 000—8 000 АҚШ доллари миқдорида маблағ тушади. Аммо бу бир қўшиқнинг ойлик даромади эмас, — дейди хонанда.

5-ўрин: Шоҳруҳхон «Юрак» клипи

Фото: Instagram

Бу ўринни Шоҳруҳхоннинг «Юрак» таронасига ишланган клип банд этган. Клипмейкер Сарвар Исаев томонидан суратга олинган клип 52 миллион марта томоша қилинган.

— Бу клип YouTube’даги 2 та каналга жойланган. Агар улар қўшиб ҳисобланса, натижалар бундан ҳам юқори бўлади. YouTube орқали қанча даромад топишимизни билмаймиз. Чунки шартномага мувофиқ пуллар Шоҳруҳхоннинг ҳисобига тушмайди, — дейди хонанданинг продюсери Иззатилло Намозович.

6-ўрин: Бунёдбек Саидов «Устозлар 3» термаси

Фото: Instagram

Бу ўринни Хоразмнинг хушовоз хонандаси Бунёдбек Саидов эгаллади. Унинг устоз санъаткорларнинг қўшиғини терма тарзида ижро этгани 46 миллион марта томоша қилинган. 2016 йилдаги концерт дастурида ижро этилган қўшиқ бунчалик кўп марта томоша қилишини хонанданинг ўзи ҳам кутмагани аниқ.

7-ўрин: Муниса Ризаева «Ёмғир» клипи

Фото: Instagram

Бу ўринни Муниса Ризаеванинг «Ёмғир» клипи банд этди. Мазкур қўшиқ YouTube’да 42 миллион марта кўрилган. 11 миллионлик натижани эса Yamin Band билан куйланган «Армон» қўшиғига ишланган клип эгаллаган.

8-ўрин Юлдуз Усмонова «Қизғалдоғим» клипи

Фото: Instagram / @yulduzibragimovnausmonova

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг турк хонандаси Yaşаr билан куйлаган «Сени севердим» клипи YouTube’да 7 йил давомида 132 миллион марта томоша қилинган. Бироқ ушбу қўшиқ турк YouTube каналига жойланган ҳамда маълумотларга кўра, Усмонова ушбу клипдан даромад олмайди. Бироқ хонанданинг ўзбек YouTube каналларига жойланган клиплари ҳам юқори натижаларни қайд этган. Унинг «Қизғалдоғим» клипи 39 миллион, «Таралли-далли» клипи 38 миллион, «Девоналармиз» клипи эса 27 миллион марта томоша қилинган.

9-ўрин Жаҳонгир Отажонов  «Қадди баланд» клипи

Фото: Instagram

Жаҳонгир Отажоновнинг YouTube’даги натижалари ҳам ҳавас қилгулик. «Қадди баланд» клипи 35 миллион,

«Жингаламо» 16 миллион, «Жоним» клипи эса 10 миллион марта кўрилган.

10-ўрин: Дилсўз «Соғиндим» клипи

Фото: Instagram / @dilsoz_singer_new

Рейтингимизнинг сўнгги поғонасини хонанда Дилсўз эгаллади. Унинг «Соғиндим» клипи 34 миллион, «Бегим, соғинасиз» клипи эса 20 миллион марта томоша қилинган.

Ундан кейинги  юқори натижаларни Зиёданинг «Жим» (31 миллион), Хуршид Расуловнинг «Эрни хотин боқмасин» (24 миллион) ва Озодбек Назарбековнинг «Кетаман дер» (18 миллион) клиплари эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, рейтинг мақола эълон қилинган санадаги рақамларга мувофиқ тузилган.