Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ўтган йилга нисбатан 2021 йилда ҳомиладор аёлларда коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолатлари жуда кўп учрамоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. Қайд этилишича, уларнинг баъзиларида эса касаллик жуда оғир ўтмоқда. Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директор ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Камола Солиҳова вазирликка берган интервьюсида бунинг асосий сабабларига тўхталиб ўтди.

«Коронавирус жуда юқумли касаллик ҳисобланиб, ҳомиладор аёлларда оддий инсонларга қараганда юқтиришга мойиллик юқори. Бунинг сабаби эса бўлажак оналарда ҳомиладорлик туфайли иммунитет пасайишидир. Бироқ агар улар ўзларини мунтазам равишда парвариш қилиб борса, гигиена қоидаларига қатъий риоя этса, касалликдан ҳимояланади», — дейди шифокор.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда ҳомиладор аёлларда коронавирус инфекцияси қандай клиник кўринишларда кечиши, бу шароитда ҳомила ўзини қандай ҳис қилаётгани борасида нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёда чуқур таҳлиллар олиб борилмоқда. Сўнгги хулосаларга кўра, коронавирус йўлдош тўсиғи орқали ўта олмайди ва шу туфайли ҳомила ушбу касалликдан ҳимояланади. Бу жиҳатдан инфекция ҳомиладор аёллар учун гриппга қараганда камроқ хавфли ҳисобланади. Яъни туғилган гўдакка дунёга келганидан кейин коронавирус юқмаса, у бола соғлом дунёга келади.

«Бироқ шундай бўлса-да, шифокор сифатида она бўлишни режалаштираётган аёлларимизга ҳомиладорликдан аввал COVID-19 га қарши эмланишларини тавсия қиламан. Бу билан улар нафақат ўзлари, балки туғилажак фарзандини ҳам коронавирус инфекциясидан асрайди», — деган Камола Солиҳова.

Аввалроқ ССВ ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева вакцина ҳомилага таъсир кўрсатиши ҳақида асосли маълумотлар мавжуд эмаслигини айтганди. Ушбу штабнинг яна бир аъзоси Нурмат Отабеков коронавирусга қарши эмланишдаги тиббий чекловлар қаторига ҳомиладорликни ҳам киритган эди.