1979 йил 26 октябрь куни «Корея иқтисодий мўъжизаси отаси» деб аталувчи, Жанубий Кореянинг ўн саккиз йиллик раҳбари Пак Чон Хи ўз саройида ўлдирилади. Ўзининг ишончли мулозими қўлида ўлим топган Пак Чон Хи мамлакатнинг ягона шум тақдирли президенти эмас эди. Ҳозирга қадар деярли барча Жанубий Корея етакчилари карьераларини ўлим ёки қамоқ билан тугатган. «Дарё» Жанубий Корея етакчиларининг аянчли тақдирлари ҳақида ҳикоя қилади.

Президентлик энг хавфли касб

Жанубий Кореяда энг хавфли касб — президентлик. Буни 1948 йилдан бери давом этаётган воқеалар кўрсатиб турибди: ҳозирги кунга қадар президентлик лавозимини эгаллаган ўн бир раҳбарнинг бири мамлакатдан қочиб кетиб, муҳожирликда вафот этган, кейингиси ўлдирилган, яна бири тергов жараёнларида ўз жонига қасд қилган. Тўрт нафари эса айбдор деб топилиб, қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Улардан бири импичмент орқали вазифасидан олиниб, терговга тортилган. Ўлдирилмаган, қамоққа ташланмаган ва ҳокимиятдан четлатилмаган тўрт президентнинг икки нафари фарзандларининг коррупция билан боғлиқ жиноятлари учун ҳибсга олинган. Жанубий Корея тарихидаги ҳеч қандай муаммосиз нафақага чиққан ва тинч ҳаёт кечирган ягона президент эса ҳокимиятга тасодифан келиб қолган ва давлатни атиги ўн ой бошқарган.

Биринчи президент, «мустақиллик асосчиси» Ли Син Ман

Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан уч йил ўтиб, 1948 йил Жанубий Кореяда АҚШ васийлигида илк демократик сайловлар ўтказилади. Унда узоқ йиллар АҚШда муҳожирликда яшаган, мустақиллик ҳаракати фаоли Ли Син Ман ғалаба қозонади. Ли Син Ман ҳукумати дастлабки йилларда иқтисодий ислоҳотлар ўтказиб, чет эл инвестицияларининг давлатга кириб келишини таъминлайди. Бироқ 1950—1953 йилларда Шимолий Корея билан бўлиб ўтган урушдан кейин Ли Син Ман мамлакатда ўз диктатурасини ўрнатишга киришади. Мухолифат Ли Син Манни коррупция ва юқори давлат лавозимларини қариндошларига беришда айблайди.

Жанубий Корея Республикасининг биринчи президенти Ли Син Ман (ўнгда) ва АҚШ генерали Дуглас Мак-Артур (чапда)

Фото: АП Images

1960 йил апрелда бўлиб ўтган навбатдаги сайловларда Ли Син Ман ва унинг тарафдорлари овозларни сохталаштиради ва амалдаги президент ғалабасини эълон қилади. Бу эса бутун мамлакат бўйлаб норозиликларга олиб келади. Талабалар бошчилик қилган бу ҳаракат тарихга «апрель инқилоби» номи билан киради. Ли Син Ман намойишларни куч билан бостиришга уринади, аммо муваффақиятсизликка учрайди. Гавайига қочиб кетган биринчи президент 1965 йил муҳожирликда вафот этади.

«Корея Сталини» ёхуд «Корея иқтисодий мўъжизаси отаси»

Ли Син Ман 1960 йилда мамлакатдан қочиб кетгач, унинг ўрнини Жанубий Корея мустақиллик курашининг яна бир қаҳрамони Юн Бо Сун эгаллайди. Бироқ Юн Бо Суннинг ҳокимияти кучсиз эди, Ли Син Ман бошқарувидан хулоса қилган кореяликлар давлатни парламент республикасига айлантиради.

Мамлакатда тартибсизликлар давом этади. Орадан бир йил ўтиб, май ойида ҳарбийлар вазиятга аралашади. Пак Чон Хи бошлиқ ҳарбийлар тўнтариш ўтказиб, ҳокимиятни эгаллаб олади. Юн Бо Сун қамоққа олинади, аммо кейинроқ қўйиб юборилади. Жанубий Корея тарихида ҳам муваффақиятли, ҳам қонли давр бошланади.

Пак Чон Хи бир тарафдан Жанубий Кореяни Осиёнинг қолоқ аграр давлатидан, ривожланган саноат давлатига айлантирган «Корея иқтисодий мўъжизаси отаси» сифатида кўрилса, бошқа томондан давлатда репрессияни кучайтирган, матбуотга қаттиқ цензура ўрнатган, мухолифатни қамаш, қатл қилиш ёки қийноққа солиш билан шуғулланган диктатор сифатида эсланади. Шунингдек, у конституцияни бузмаган ҳолда қайта сайланиш учун муддатларни референдумлар орқали ўзгартириш усули муаллифи ҳам ҳисобланади. Тобора шафқатсизлашиб бораётган тузумни йўқотиш учун Пак Чон Хи ҳаётига бир неча бор суиқасд уюштирилади, бироқ генерал улардан омон қолади.

Лекин қаттиққўл диктатор ҳам ўз тақдиридан қочиб қутулолмайди. 1979 йил 26 октябрь куни «Корея Сталини» президент саройидаги кечки овқат вақтида Корея разведка бошқармаси (махфий полиция) бошлиғи, бир неча йиллик қадрдони Ким Же Кю томонидан отиб ташланади.

«Корея Сталини» Пак Чон Хи (марказда)

Фото: Korea Times

Ҳарбийлар бошқарувининг давом этиши

Пак Чон Хи ўлдирилгач, мамлакатни унинг бош вазири Чхве Гю Ҳа бошқара бошлайди. Ўтказилган сайловларда унинг номзоди ғалаба қозонади.

Бироқ кейинги йили ҳарбийлар яна давлат сиёсатига аралашади ва генерал Чон Ду Хван пойтахт Сеулга танклар ва ҳарбий қисмларни олиб киради. Чхве Гю Ҳа ҳеч қандай қаршилик кўрсатмайди ва ҳокимиятни генералга топширади. Айнан Чхве Гю Ҳа Жанубий Корея тарихида суд ва ўлимни четлаб ўтиб, ягона хотиржам умр кечирган президент ҳисобланади.

Пак Чон Хидан фарқли равишда Чон Ду Хван ўта коррупциялашган тизим яратади ва унда ўзи ҳам иштирок этади. Президентликдан кетгандан сўнг бўлиб ўтган суд ҳукмига кўра ундан 200 миллион доллар қийматидаги пора ундириб олинади.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Чон Ду Хван даврида Жанубий Корея иқтисодиёти ўсиш бўйича дунёда етакчига айланади. Ҳарбий диктатураларнинг ғоят муваффақиятли иқтисодий сиёсати натижасида мамлакат Узоқ Шарқ Гватемаласидан Узоқ Шарқ Франциясига айланади. Бироқ авторитар бошқарувдан чарчаган аҳоли норозилик чиқишлари ўтказиб, 1987 йили Чон Ду Хванни ҳокимиятдан воз кечишга мажбур қилади.

Чон Ду Хван ҳукуматдан четлаштирилса-да, демократик мухолифат бўлиниб кетади ва сайловларда ғалабага эриша олмайди, натижада бошқа бир генерал Ро Де Ву президентликка сайланади. Ўзидан олдингилардан ортда қолишни истамаган Ро Де Ву мамлакатда коррупцияни янада гуллаб-яшнатади.

1993 йил, президентлик фуқаровий ҳукумат қўлига ўтгач, ҳар иккала генерал 1996 йил қамоққа олинади. Уларга 1979 йилги давлат тўнтаришини уюштириш, Кванжу шаҳридаги демократик намойишни қонга ботириш ва коррупция айбловлари қўйилади. Чон Ду Хван ўлим жазосига, Ро Де Ву эса йигирма икки ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Кейинроқ суд ҳукмни ўзгартириб, ўлим жазосини умрбод қамоқ жазосига, йигирма икки ярим йиллик қамоқ жазосини эса ўн икки йилга алмаштиради.

Собиқ президентлар Чон Ду Хван (ўнгда) ва Ро Ду Ву 1996 йилги суд жараёнида

Фото: JoongAng Ilbo

1997 йил декабрга келиб иккала собиқ президент амалдаги президент томонидан афв қилинади.

Фарзандлар туширган доғ

1993—1997 йилларда Жанубий Кореяни бошқарган Ким Ён Сам ва унинг давомчиси Ким Де Жун мамлакатга демократияни қайтаради ҳамда коррупция даражасини камайтиради. Қолаверса, улар ўтмишдош ва ворислардан фарқли ўлароқ ўз айблари учун эмас, балки ўғиллари сабаб суд жараёнларига тортилади.

Ким Де Жун Шимолий Корея раҳбари Ким Ир Сен билан олиб борган тинчлик келишувлари учун Нобель мукофоти билан тақдирланади.

Ўз жонига қасд қилиш

2003 йили Ким Де Жундан сўнг президентлик курсисини мўътадил прогрессивлар (сўл миллатчилар) вакили бўлган демократ Но Му Хён эгаллайди. У ўз президентлик даврини жуда паст рейтинг билан бўлса ҳам муаммосиз тугатади. Бироқ Но Му Хёндан кейин, 2008 йил ҳокимиятга келган консерваторлар сўлларнинг молиявий ишларини текширишга қарор қилади. Айнан шу пайтда бутун мамлакат бўйлаб янги президент Ли Мён Бакка қарши оммавий норозилик намойишлари ҳам бошланади. Ҳукуматдагилар бу ҳаракатлар ортида собиқ президент турибди, деган фикрга келади. Тез орада тергов кутилганидек Но Му Хён оила аъзоларининг тадбиркорлардан пора олганини аниқлайди. Бироқ аниқланган пора миқдори президент лавозими учун жуда кам бўлиб, атиги олти миллион доллар атрофида эди.

Терговда яқин оила аъзолари, хусусан, рафиқасига оид далиллар ҳам топилгач, Но Му Хён қариндошларини суддан қутқариб қолишга қарор қилади. 2009 йил 23 май куни собиқ президент ўзи туғилган қишлоқ ёнидан ўлик ҳолда топилади. Ҳуқуқ-тартибот органлари Но Му Хён ўз жонига қасд қилганини билдиради. Корейс халқи анъаналарига кўра ўз жонига қасд қилган одам қандай гуноҳ қилганидан қатъи назар ўзини тўлиқ жазолаган ҳисобланган. Консерваторлар собиқ президент оиласига қарши терговни дарҳол тўхтатади.

Амалдаги президент Мун Чже Ин (чапда) ва экс-президент Но Му Хён (ўнгда)

Фото: The Korea Times

Биринчи аёл президент

2013 йилги сайловларда ҳам консерваторлар ғолиб чиқиб, Ли Мён Бакнинг ўрнини «Корея иқтисодий мўъжизаси отаси»,  генерал Пак Чон Хининг қизи Пак Кин Хе эгаллайди. Пак Кин Хе бу лавозимга кўпроқ отасининг обрўси туфайли келиб қолганди. Унинг давлат ва сиёсат ишларида тажрибасизлиги охир-оқибат панд ейишга сабаб бўлади.

Кореянинг биринчи аёл президенти катта жанжал марказида қолди. У ёшликдаги дўсти, энг яқин маслаҳатчиси, псевдо-христиан сектаси аъзоси бўлган мунажжим дугонаси билан давлатнинг махфий ҳужжатларини бўлишади. Бундан ташқари Пак Кин Хе кореялик тадбиркорларни маслаҳатчисининг фондига пул ўтказишга ҳам ундайди. Бу фонд жамғармаси 70 миллион долларни ташкил қилган. Қизиғи, бу пуллардан бир сенти ҳам биринчи хонимнинг чўнтагига тушмайди. Мамлакатда норозиликлар тўлқини бошланиб, унга қарши импичмент масаласи кун тартибига қўйилади. Биринчи хонимга пора олиш ва товламачилик айбловлари ҳам юкланади. Пак Кин Хе дугонаси Чхве Сун Силга ишонгани учун узр сўрайди, аммо бошқа ҳеч қандай қонунбузарлик қилмаганини таъкидлайди.

Суд жараёнини сиёсий қасос деб атаб, у ерга боришдан бош тортган Пак Кин Хе ҳукумат қароргоҳида қамоққа олинади. Бир неча судлардан сўнг, 2018 йилда Сеул аппелацион суди унга 25 йиллик қамоқ ва 17,8 миллион доллар жарима тўлаш жазосини тайинлайди.

Қасос

Пак Кин Хе қамоққа олингач, муддатидан олдин ўтказилган сайловларда ҳокимиятга прогрессивлар, собиқ президент Но Му Хён тарафдорлари келади. Янги президент Мун Чже Ин ҳомийси ва устози бўлган Но Му Хён қасосини олишни кечиктирмади. 2018 йилда ўн миллион долларни ўзлаштирганликда айбланган Ли Мён Бак ўн етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Бу қамоққа олиш ва қасослар корейс халқини безовта қилмайди. Улар аллақачон собиқ президентларнинг суд жараёнларига ўрганиб қолган ва бу ҳатто ўзига хос анъанага ҳам айланган.

Аммо ҳозирги президент Мун Чже Ин анъанага қўшимчалар киритгандек. У собиқ президентдан ташқари олдинги ҳукуматнинг ўнлаб юқори лавозим эгаларини ҳам қамоққа ташлади. Жанубий Кореяда кейинги сайловлар учун мақсадлар аниқ: консерваторлар қасос олиш навбатини кутмоқда.

Муҳаммадқодир Собиров тайёрлади