Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида 3-курс талабасига тегажоғлик қилган ва уни ойнадан итариб юборгани айтилган декан ўринбосари ҳибсга олинди. ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг «Дарё»га маълум қилишича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Фото: «Nemolchi.uz»

«Nemolchi.uz» Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг 3-босқич талабаси М.К.нинг мурожаатини эълон қилди. Унда айтилишича, 18 октябрь куни 20 ёшли М.К. Зулфия мукофотига тавсиянома олиш мақсадида ёшлар ишлари бўйича декан ўринбосари Б.Й.нинг хонасига кирган.

37 ёшли декан ўринбосари Б.Й. қиздан кутиб туришини сўраган. Қизнинг айтишича, хонадан ҳамма чиқиб кетгач, декан ўринбосари чарчаганини айтиб, ундан қаҳва дамлаб беришни сўраган. Қиз қаҳва дамламоқчи бўлганида эркак эшикни ичкаридан қулфлаб, чироқни ўчирган. М.К. ниманидир сезгандай яқин дўстига қўнғироқ қилиб, тезроқ етиб келишни сўраган, хонадан чиқай деса, эркак уни ушлаб олиб, хонасидаги диванга ётқизмоқчи бўлган.

Қиз қаршилик кўрсатган, эшикнинг у тарафида эса қизнинг дўсти келиб, эшикни очишни сўраган. М.К. амаллаб ойна олдига келиб, ёрдамга чақира бошлаган. Шунда қизнинг айтишича, эркак уни деразадан итара бошлаган. У қанчалик қаршилик кўрсатмасин кучи етмай, ойнадан пастга тушиб кетган. Декан ўринбосари эса деразани ёпиб, жалюзини туширган ва эшикни очган. Қизнинг дўсти декан ўринбосарини олиб, пастга тушган. Атрофда йиғилганларга Б.Й. қиз ойнадан ўзи сакрагани ва уни ўзи шифохонага олиб боришини айтган.

М.К.ни машина орқа ўриндиғига ётқизишган, дўсти ҳайдовчи олдидаги ўриндиққа ўтирган. Йўлда Б.Й. қизнинг онасига қўнғироқ қилиб, қиз ойнадан тушиб кетгани ва уни шифохонага олиб боришаётганини айтган. Светофорнинг қизил чироғида қизнинг дўсти орқа ўриндиққа ўтгунча Б.Й. қизга ойна артаётиб ўзи тушганини айтишини тайинлаган. Шу пайт йигит орқа ўриндиққа ўтиб, нима бўлганини сўраган ва қиз унга ўзини итариб юборишганини маълум қилган.

Шифокорлар қизга тос суяги синиши, гематомалар ва мия чайқалиши ташхисини қўйган. Қизнинг яқинларининг айтишича, декан ўринбосари томонидан келган одамлар уларга ўз кўрсатмаларини ўзгартиришлари учун пул таклиф қилган. Б.Й. эса ҳаммага қиз ўз жонига қасд қилган демоқда. У ўқиган факультет талабаларини тўлиқ онлайн таълимга ўтказилган.

ИИВ матбуот котибининг маълум қилишича, 19 октябрь куни декан ўринбосарига нисбатан Жиноят кодексининг 105 (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш), 118-моддалари (номусга тегиш) билан жиноят иши қўзғатилган. 23 октябрь куни экспертиза жавоби чиқиши билан декан ўринбосари процессуал тартибда ушланган.

Аввалроқ Тошкентда такси ҳайдовчиси йўловчи қизнинг юзига мушт туширгани, Тошкентда 3 нафар йўловчи аёлга шилқимлик қилган такси ҳайдовчиси 5 суткага қамалгани, Тошкентда 3 нафар эркак 15 ёшли қизни зўрлаганликда гумонланиб, қўлга олингани тўғрисида хабар берилганди.