АҚШ ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари, шунингдек, Украина Россияни «мустақил журналистлар ва оммавий ахборот воситаларига нисбатан таъқиблари кучайгани» учун танқид қилди. Уларнинг фикрича, Россия ҳукумати россияликларнинг мустақил журналистикадан фойдаланишини чекламоқчи ва шу мақсадда мамлакатда хорижий ОАВ агентлари тўғрисида қонун жорий қилган.

Фото: Depositphotos

АҚШ Давлат департаменти сайтида «Россиядаги оммавий ахборот воситалари эркинлиги тўғрисида» баёнот эълон қилинди. АҚШдан ташқари, уни 17 давлат қўллаб-қувватлади: Австралия, Буюк Британия, Германия, Греция, Дания, Исландия, Канада, Латвия, Литва, Нидерландия, Янги Зеландия, Шимолий Македония, Словакия, Словения, Украина, Франция ва Чехия.

Ҳужжатда таъкидланишича, ОАВ эркинлиги «эркин ва очиқ жамиятларнинг самарали фаолият юритиши учун ҳаётий даражада муҳим ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун зарурдир». Баёнот муаллифлари «Мустақил журналистлар ва оммавий ахборот воситаларининг Россия ҳукумати томонидан таъқиб қилинишини» қоралаган.

Мисол сифатида улар сиёсатчи Алексей Навальнийни қўллаб-қувватловчи митингларда журналистларнинг ҳибсга олингани, DОХА талабалар нашрида тинтув ўтказилгани ва ундаги тўрт нафар журналистнинг ҳибсга олингани, «Проект»нинг номақбул ташкилот сифатида тан олингани, «Озодлик радиоси» (хорижий ОАВ агентлари реестрига киритилган) мустақил журналисти Владислав Есипенконинг ҳибсга олингани, BBC журналисти Сара Рейнсфорднинг қувғин қилингани, шунингдек, Bellingcat лойиҳаси, Meduza, «Важние Истории», VTimes, The Insider нашрлари «Медиазона» ва «ОВД-Инфо» сайтлари, «Дождь» телеканали, Republic лойиҳаси ва бошқаларнинг хорижий медиа агентлари рўйхатига киритилганини келтирди.

«Биз Россия Федерациясини ОАВ эркинлиги ҳамда журналистлар хавфсизлигини ҳурмат қилишга ва таъминлашга чақирамиз. Биз Россия ҳукуматини мустақил овозларни бостиришни тўхтатишга, журналистлар ва ОАВга нисбатан сиёсий мотивлар асосида суд жараёнлари олиб боришни тўхтатишга ҳамда ноҳақ ҳибсга олинганларни озод қилишга чақирамиз», — дейилади Вашингтон ва унинг иттифоқчилари баёнотида.

Россия президенти Владимир Путин шу ҳафтада хорижий ОАВ агенти ҳақидаги қонуннинг айрим мезонларини қайтадан таҳлил қилиш кераклигини айтди. Ўшандан бери, асосан, жума кунлари хорижий ОАВ агентлари рўйхатини кенгайтирган Адлия вазирлиги реестрга ҳеч қандай ўзгартириш киритмаган. Давлат раҳбарининг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг ишонтириб айтишича, Россияда очиқдан очиқ хориж жосуси деб эълон қилиш амалиёти йўқ ва барча қарорлар устидан суд орқали эътироз билдириш мумкин.