АҚШнинг амалдаги вице-президенти бўлмиш Камала Харрис бу лавозимни эгаллаган тарихдаги биринчи аёл ва қора танли инсон бўлди. Асли ямайкалик қора танли ота ва ҳиндистонлик она фарзанди бўлган бу аёл фаолияти давомида ҳақиқий «амазон» эканлигини кўрсатди. «Дарё» АҚШнинг илк аёл бош прокурори ва вице-президенти ҳақида ҳикоя қилади.

Ёшлик

Камала Деви Харрис 1964 йил 20 октябрь куни Калифорния штатининг Окленд шаҳрида таваллуд топади. Унинг отаси, асли ямайкалик бўлган Дональд Харрис иқтисод фани профессори бўлиб, Стэнфорд университетида дарс берган. Онаси, ҳинд дипломатининг қизи Шямала Гопалан Калифорнияга университетда ўқиш учун келади ва шу ерда Дональд билан танишади. Кўкрак саратони бўйича таниқли тадқиқотчи ҳисобланган Шямала қизлари Камала ва Майяни ҳинд эътиқоди билан тарбиялаб, уларни ҳар икки йилда Ҳиндистонга олиб бориб туради.

Камала етти ёшлигида унинг ота-онаси ажрашади ҳамда у онаси, синглиси билан Канаданинг Монреаль шаҳрига кўчиб ўтади. Камала шу ерда француз тилини ўрганади, шунингдек, ўзининг биринчи сиёсий ҳаракатини ҳам амалга оширади: қўшни болаларнинг майсазорда ўйнашига рухсат бермайдиган уй эгасига қарши у «норозилик намойиши» ўтказади.

Камала Харрис онаси ва синглиси билан

Фото: BBC

1982 йилда АҚШга қайтган Харрис Вашингтондаги Ҳовард университетига ўқишга киради. Университетнинг иқтисод ва сиёсатшунослик йўналишини тугатган Камала Калифорния университетининг Ҳастингс юридик коллежига ҳам махсус дастур асосида ўқишга келади. Ўқиш даврида у «Қора танли юрист-талабалар ассоциацияси»нинг президенти қилиб сайланади. 1989 йили Камала Харрис ҳуқуқ фанлари доктори даражасини олади ва шу йили State Bar of California (адвокатларга лицензия бериш агентлиги) уюшмаси аъзолигига қабул қилинади.

Эрта бошланган карьера

State Bar of California’га киргандан сўнг Харрис ўз фаолиятини Аламеда округида прокурор ўринбосари сифатида бошлайди. Кейинроқ эса Сан-Франциско округи профессионал жиноят ишлари бўлимининг бош адвокати этиб тайинлади. 2000 йилда жамоат ва туман ишлари бўлими бошлиғига айланган Камала Калифорнияда биринчи бор Болалар ишлари бюросини тузади.

Округ прокурори

2003 йилда Харрис ўзининг собиқ хўжайини, округ прокурори Теренс Ҳеллинанни мағлубиятга учратиб, Сан-Франциско округ прокурори лавозимини эгаллайди. Унинг бу лавозимдаги асосий ютуқларидан бири ижтимоий хавфи паст жиноятни содир этган жиноятчилар учун касбий тайёргарлик ва бошқа таълим дастурларини жорий қилувчи «Қайтиш йўли» лойиҳасининг ишлаб чиқилиши бўлди. Бу ташаббус ўз натижасини кўрсатиб, округда такрор жиноятлар сони камаяди. Шунингдек, у 2005 йили экологик жиноятлар бўлимини ҳам тузади.

Харрис 2004 йил полициячи Исаак Эпинозани ўлдиришда айбланган жиноий тўда аъзосига ўлим жазоси беришдан бош тортгани учун танқид қилинади. Гап шундаки, округ прокурори сайлови доирасида Камала ҳеч қачон ўлим жазосини қўлламасликка ваъда берганди, босимларга қарамасдан, у бу ваъдасини бузмайди.

Ёш Камала Харрис 

Фото: CNN

Калифорния бош прокурори

Харриснинг кейинги муваффақияти 2010 йил ноябрда Калифорния бош прокурорлиги учун курашда Лос-Анжелес округ прокурори Стив Кулини мағлубиятга учратиш бўлди. Камала Харрис бу лавозимни эгаллаган биринчи аёл ва афро-америкалик эди.

Кейинги йили Камала ўзининг вазифасига жиддий киришади. Президент Барак Обама ундан мамлакат миқёсидаги ипотека кредити билан боғлиқ фирибгарликларни ҳал қилишни сўрайди. Харрис шу йилнинг ўзидаёқ АҚШ Сохта даъволар тўғрисидаги қонуни тарихидаги иккита энг катта жазони амалга оширади: Quest Diagnostics ва SCAN компанияларидан 564 миллион доллар тўлов ундирилади.

Харриснинг бош прокурорлик давридаги муваффақиятларига Corinthian Colleges тижорат тармоғи билан ёлғон рекламага қарши муваффақиятли суд жараёни, шунингдек, Backpage махфий реклама хизматига қарши очилган суд ишини келтириш мумкин. Харрис Сенатга ўтгандан кейин ҳам давом этган бу суд иши Backpage директорининг фоҳишалик ва пул ювишда ёрдам берганлигини тан олиши билан якунланади. Бу пайтда Камала Харрис «аёл Барак Обама» номини ҳам олади.

2012 йил Демократик партиянинг қурултойида унутилмас нутқ сўзлаган Харрис партиянинг янги юлдузига айланади ва кейинчалик Калифорния штатидан Сенатга номзод қилиб кўрсатилади.

АҚШ сенатори

2016 йилги Сенат сайловларида собиқ конгрессмен Ларетта Санчезни мағлуб этган Камала Харрис АҚШ Сенатига сайланган иккинчи афро-америкалик бўлди. Харрис бошқа вазифалари қаторида турли йилларда парламентнинг ички ишлар, ҳукумат ишлари, махсус разведка, суд-ҳуқуқ ва бюджет қўмиталарида ҳам ишлайди. У ягона тўловга эга бўлган соғлиқни сақлаш тизими режасини қўллаб-қувватлади ва шаҳарларда уй-жойлар нархининг доимий ошиб бориши фонида молиявий ёрдам кўрсатиш тўғрисида қонунни муҳокамага киритди.

Харрис, шунингдек, Трамп маъмурияти билан зиддиятга бориб, Россия билан алоқаларда гумонланган Жефф Сессионснинг бош прокурор этиб тайинланишига қарши чиқди ва уни тан олмади. Шунингдек, у АҚШ Олий суди судьяси Бретта Каванонини жинсий зўравонликда айблаб, сўроққа тортиш орқали Олий судга ўз номзодини қўяди.

2020 йилги президентлик сайловлари

2019 йил январида Камала Харрис президентлик сайловида қатнашишини эълон қилди. У аввалданоқ демократларнинг энг яхши номзодларидан бири эди. Демократлар партиясидан номзод бўлишга даъвогар Харрис бу учун Жо Байден билан ҳам кураш олиб боради. Июнь ойи охирида ўтказилган дастлабки дебатларда энг яхшилардан бўлган Камала кейинги ой бўлиб ўтган баҳсларда ҳужумлар нишонига айланади. Декабрь ойига келиб эса Камала Харрис президентлик пойгасидан чиққанини эълон қилди. Баъзилар бунга сабаб сифатида кампанияни давом эттириш учун молиявий таъминот етишмаганини айтиб ўтади.

Фото: CNN

Афро-америкалик Жорж Флойднинг полиция томонидан ўлдирилишидан сўнг Харрис ижтимоий адолат курашининг етакчиси бўлди. Ирқий низолар АҚШнинг асосий муаммоларидан бирига айланганини ҳисобга олган кўплаб демократлар Байденни афро-америкалик Камала Харрисни ўзига вице-президент қилиб танлашга чақирди. 2020 йил август ойида Байден Харрисни ўзининг вице-президентликка номзоди этиб танлади.

Вице-президент

Президентликка номзодлардан сўнг дебатга киришган амалдаги вице-президент Майк Пенс ва Камала Харрис, асосан, фуқаролик масалалари юзасидан баҳслашди. Камала Трамп ва Майк Пенснинг коронавирус билан суст курашганини, оқибатда минглаб инсонлар ҳалок бўлганини таъкидлади. Шунингдек, у Трампнинг солиқларни кўпайтириш қарорига ҳам қарши чиқди.

2020 йил 7 ноябрь куни бўлиб ўтган АҚШ президентлик сайловлари ғолибнинг номи орадан тўрт кун ўтгач маълум бўлди. Ҳал қилувчи овозни Пенсильвания штати берди, бу ердаги ғалабадан сўнг Байден АҚШнинг 46-президентига айланди. Камала Харрис эса АҚШ тарихидаги биринчи аёл ва қора танли вице-президент бўлди.

Камала Харрис вице-президент сифатида қасамёд қилмоқда. 2021 йил 20 январь.

Фото: Getty Images

Шу куни Делавэр штатидаги Уилмингтон шаҳрида тарафдорлари билан ғалабани нишонлаган Харрис «Эҳтимол, у (онаси) бу дақиқани умуман тасаввур ҳам қилмаган, аммо у Америкага шунчалик ишонганки, бу ерда бундай нарсалар бўлиши мумкин. Мен бу лаҳза учун, тенглик, эркинлик ва адолат учун курашган барча қора ёки оқ танли, лотин, осиёлик ва Американинг тубжой аёлларини қадрлайман», — дея нутқ сўзлайди.

Китоблар ва кеч турмуш

Харриснинг биринчи китоби у Калифорния бош прокурори бўлиб ишлаётган пайтидаги «Жиноят билан ақлли муносабат: ёш прокурорнинг бизни хавфсизроқ қилиш режаси» китобидир. Асарда у ўзининг фалсафий ғоялари ҳамда адлия соҳасидаги ислоҳотлари ҳақида гапирган.

2019 йили Харриснинг иккита китоби нашрдан чиқди. «Биз ишонган ҳақиқатлар: Америкага саёҳат» хотира асари Камаланинг шахсий қарашларини ҳам акс эттирган бўлса, «Суперқаҳрамонлар ҳар ерда» китоби болалар учун расмли шаклда нашр этилган яна бир хотира асари бўлди.

Турмуш қуришга шошилмаган Камала Харрис ўз бахтини 2013 йилга келиб топади. Ҳамкасби Дуг Эмҳоф билан оила қурган Камала ҳозирда иккита фарзанднинг ўгай онаси ҳам.