Шавкат Мирзиёев 2021 йил май ойида Тошкентдаги Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига ташриф буюриб, бу ерда даволанаётган болаларни йўқлаган, уларнинг ота-оналари билан учрашган эди. Давлат раҳбари билан мулоқотда бўлган болалар орасида наманганлик Нодирабегим Қосимова ҳам бор. Бу учрашув унинг ҳаётини буткул ўзгартириб юборди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Сочидаги Гран-при ва унинг ортидан бошланган ташвишлар

Нодирабегим Қосимова, Намангандаги Президент мактабининг 7-синф ўқувчиси:

Нодирабегим Қосимова.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

—3 ёшимда бобом Ҳамидхон Отахонов гимнастика тўгарагига олиб борганлар. Ўзи соғлом, қомати чиройли бўлсин деб. Бу ерда спортга иштиёқим уйғонди, чиниқдим, тобландим. Гимнастика мусобақаларида ҳаракатларим, мимикамни кузатган мутахассислар рақсга ҳам қатнашишни тавсия қилишди.

Фото: Нодирабегим Қосимова архивидан.

5 йил давомида Намангандаги 11-сонли мусиқа ва санъат мактабида рақс сирларини ўргандим. Кўплаб тадбирларда қатнашдим, танловларда ғолиб бўлдим. 2019 йили Россиянинг Сочи шаҳрида ўтказилган болалар халқаро ижодиёт фестивалида иштирок этиб, Гран-прини қўлга киритдим. Бу мен учун жуда катта муваффақият эди, лекин ҳаётимдаги муаммо ва ташвишлар ҳам шундан сўнг бошланди.

Фото: Нодирабегим Қосимова архивидан.

Гап шундаки, Сочида тадбирлардан сўнг тенгқурларим билан маза қилиб дам олдик, денгизда чўмилдик. Шундай чўмилишлардан бирида чап оёғим тошгами, темиргами тегди. Бироз оғриди, кўкарди. Уйга қайтгандан сўнг шифокорларга қаратдик, турли мазлар суртиб юрдим. Оғриқ унутилгандек бўлди. Спорт ва санъат билан шуғулланишда давом этдим.

Фото: Нодирабегим Қосимова архивидан.

Орадан икки йил ўтиб, синфдан чиқаётганда мактаб партасига урилиб, оёғим лат етди. Аксига олгандек, яна ўша чап оёқ. Бу гал дори-дармон билан қутулиб бўлмади. Наманганда турли касалхоналарга, шифокорларга бордик, аниқ ташхис қўйиб бўлмади. Шундан сўнг Тошкентга, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига йўлланма берилди. Бу ерда мутахассислар мени текшириб кўриб, аниқ ташхис қўйишди — болдиримда ўсма бор экан.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

«Тиббиёт марказига Президент келади» деб айтишганида операциядан энди чиққандим. У кишига шу ҳолатда кўрингани уялдим. Йўлакда биринчи палата бизники эди, охирига кўчириб қўйишларини илтимос қилдим. Лекин аслида давлат раҳбари билан кўришиш истаги бор эди, бу ҳақда ойимга ҳам айтгандим. Насиб экан, у киши ўша охирги палатага ҳам кирдилар. Мендан ҳол-аҳвол сўрадилар, орзу-ниятларим билан қизиқдилар. Телевизорда Президент мактабида ўқиётган тенгдошларимни кўриб, жуда ҳавас қилардим. Шуни айтдим. «Ўзингни Президент мактаби ўқувчисиман деб ҳисоблайвер», деб кулдилар.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Яна бир нарса сўрасам майлими?» дедим шундан сўнг. «Бемалол, сўрайвер» дедилар. «Сиз билан суратга тушмоқчи эдим» дедим журъат топиб. «Суратга ҳам тушамиз, дастхат ҳам ёзиб бераман» дедилар. Кейин Президент, ойим ва мен бирга фотога тушдик. Ҳеч қанча ўтмай бу суратни дастхатлари туширилган, рамкага солинган ҳолатда олиб келиб беришди.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Янги ўқув йили бошланганидан сўнг Намангандаги Президент мактабига чақиришди ва бу ерда 7-синфда ўқишни бошладим.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Синфдошларимдан анча ортда эканлигимни биламан, шу учун астойдил ўқишга, менга билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қиляпман.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

«Синфимизда худди олдиндан ўқиб келгандек таассурот қолдирмоқда»

Ойдина Шерматова, Намангандаги Президент мактаби она тили ва адабиёти ўқитувчиси:

Ойдина Шерматова.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

— Хабарингиз бор, ҳар йили Президент мактабларига 24 нафар ўқувчи имтиҳонлардан сўнг қабул қилинади. Нодирабегим давлат раҳбари тавсиясига асосан 25-ўқувчи сифатида 7-синфга келиб қўшилди. Бизда бу синф иккига бўлинган, мен иккинчи синф раҳбариман. Нодирабегим билан бирга ҳисоблаганда 13 нафар ўқувчи бор.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Очиғини айтганда, у дастлаб келиб қўшилганда менда жиддий хавотир бор эди. Чунки бу синфни икки йилдан бери олиб юраман, ўқувчиларим анча илгарилаб кетган, бир-бирларини имо-ишора билан ҳам тушунишади. «Синфга кўникиб, мослашиб кетармикин, ўқишда етказиб оладими?» деб ташвишландим.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Хавотирларим кўп ўтмай унут бўлди: Нодирабегим тиришқоқлиги, киришимлилиги ва ўқишга иштиёқи билан синфдошлар ҳамда устозлар меҳрини қозонишга улгурди. У худди синфимизда олдиндан ўқиб келаётгандек таассурот қолдирмоқда.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

«Президентдан қизимни дуо қилишларини сўрадим»

Комила Отахонова, Наманган шаҳридаги скрининг маркази кичик тиббий ходими:

Комила Отахонова.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

— Оддий оиламиз, турмуш ўртоғим Ҳошимжон Эргашев бозорда савдо-сотиқ билан банд, ўзим кичик тиббиёт ходимиман. Нодирадан ташқари яна 3 яшар Мадинабону исмли қизимиз бор.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Нодирадан умидимиз катта, лекин шу йил болам бечора жуда қийналди. Оёғидаги эски дарди яна қўзғади, ҳеч ким аниқ ташхис қўёлмади. Кимдир суяги синган деса, яна кимдир саратон аломатлари бор, дейди. Охири кўпчиликнинг тавсияси билан Тошкентга — Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига бордик. Шу ерда касаллиги аниқ бўлди, операция ҳам ўтказилди.

Қизимнинг Худога айтгани бор экан, шу ташвишлар билан ўралашиб юрган пайтимиз, Ҳайит арафасида касалхонага давлат раҳбари келиб қолдилар.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аввал палатада қизимнинг ўзи билан суҳбат қурдилар, кейин мени ҳам чақиришди.  «Шундай истеъдодли қизни тарбиялаганингиз учун раҳмат, мендан нима ёрдам?» деб сўрадилар. «Ҳеч нима керак эмас, қизимни дуо қилсангиз бўлди» дедим.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Президент «наманганликларни шу хислати, эътиқодини ҳурмат қиламан, нима керак десанг, дуо сўрайди» дедилар. Қизимни саломатлиги зиёда, иқболи баланд бўлишини сўраб дуо қилдилар. Давлат раҳбари шундай чиройли дуо қилишларини кўриб, этларим жимирлаб кетди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шифокорлар «Қизингиз операциядан 6 ой ўтиб яхши бўлиб кетади» дейишган, шу муддат тезроқ келишини кутиб турибмиз.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Ҳозир қўлтиқтаёқда юрибди. Бир пайтлар гимнастика тўгарагига борган, рақсларга тушган, танловларда ғолиб бўлган қиз учун бу қанчалик оғир эканлигини тасаввур қиляпсизми? Бир нарса таскин беради: шу дард баҳона қизим Президент билан учрашди, дуоларини олди.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Қаҳрамонимиз Нодирабегим Қосимова болалигида машҳур спортчи ёки санъаткор бўлишни орзу қиларди. Энди унинг режалари ўзгарган ва қарори қатъий: келгусида шифокор, аниқроғи, жарроҳ бўлмоқчи. Ўзи каби дарддан қийналган болаларни даволаш учун...