Лучано Паваротти саҳнада 40 йилдан ортиқроқ фаолият юритган, 20-асрнинг энг кўзга кўринган опера қўшиқчиларидан бири саналади. Унинг рэпертуаридан ўнлаб йирик опера роллари ва яккахон вокал чиқишлари жой олган. «Дарё» бэназир лирик тенорнинг ижоди ва ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: Getty Images

Болалиги

Лучано Паваротти 1935 йилнинг 12 октябрида Италия шимолидаги Модена шаҳрида дунёга келган. Унинг отаси Фернандо Павароттининг касби новвойчилик эканига қарамай, мусиқага меҳр қўйганди. Бироқ саҳнадаги қўрқуви сабабли профессионал қўшиқчилик йўлини танламайди. Лучанонинг онаси Адель Вентури тамаки фабрикасида ишларди. 1943 йилда фашистлар кириб келганидан сўнг Павароттилар оиласи шаҳар чеккасидаги фермага кўчиб ўтади ва у ерда қишлоқ хўжалиги ишлари билан машғул бўлади.

Лучано Моденадаги ўрта мактабни тамомлаганидан сўнг Манута шаҳрида вокал билан шуғуллана бошлади. Санъаткор сифатида у, ўзининг айтишига кўра, Энрико Карузо (1873—1921) ижодидан кўпроқ илҳомланган. Отаси унинг биринчи чиқишини кўрган вақтда шундай муносабат билдирганди:

«Ўғлим, ёмон куйламаяпсан, лекин сен Карузо эмассан. Шундай экан, бемаъниликни йиғиштириб, жиддийроқ иш билан шуғуллан».

Лучано ўшанда ўзига шундай деганди: «Ҳа, Карузо бор. Лекин Паваротти ҳам бўлиши керак».

Ижод йўли

Қўшиқ куйлашдан ташқари, Лучано футбол ўйнашни ҳам ёқтирарди ва ҳатто дарвозабонлик фаолияти ҳақида ҳам жиддий ўйлаб кўрганди. Лекин ўрта маълумот дипломини олгач, онаси уни ўқитувчилик касбини танлашга кўндиради. Олий маълумот олганидан сўнг Лучано Паваротти икки йил мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлайди. Ўша вақтда у Арриго Полдан, икки йил ўтиб эса Эттори Кампогаллианидан таълим олади. Вокал карьерасини давом эттириш тўғрисида якуний қарорни қабул қилгач, Паваротти мактабни тарк этади.

«Қалбим мусиқага ошуфта. Мен уни жиловлаш илмини эгалласам дейман. Лекин ичингдан доим нимадир сирпаниб чиқади-ю уфқлар ортига ғойиб бўлади... Ва сен яна янги марраларни забт этишинг керак бўлади, йиллар эса энди бошқа», — дея тан олганди у интервьюларнинг бирида.

1960 йилда, ларингитдан сўнг, Лучано товуш пайчаларининг қалинлашуви оқибатида касбий фаолияти билан боғлиқ муаммога дуч келади. Натижада унинг овози йўқолиб қолади. Феррара шаҳридаги муваффақиятсиз чиқишидан сўнг у санъатдан кетишга қарор қилди, лекин бир йил ўтиб, товуш пайчалари асл ҳолига қайтди, тенор овози эса янгича ранг ва теранликда янграй бошлади.

1961 йилда Лучано Халқаро вокал танловида ғолиб чиқади. Олий мукофотга бирданига икки санъаткор лойиқ кўрилганди: Лучано Паваротти ва Дмитрий Набоков (Владимир Набоковнинг ўғли). Ўша йили Режо Эмилия театрида Жакомо Пуччинининг «Богема» операсидаги Родолфо роли билан унинг дебюти амалга ошади. Бу роль ёш хонанданинг келажакдаги муваффақиятли карьерасини белгилаб берди ва дунёнинг етакчи театрлари унга ўз эшикларини очди. 1963 йилда Павaротти Вена операси ва Лондондаги «Ковент Гарден»да ўз дебютини амалга оширди.

Лучано Паваротти (ўнгдан биринчи) Гаэтано Доницеттининг «Ковент Гарден»даги «Полк қизи» операсида, 1966 йил.

Фото: Getty Images

Доницеттининг «Полкнинг қизи» операсидаги Тонио ролини ижро этганидан сўнг Лучано Павароттига муваффақият эшиклари очилди. Тенор бу роль билан аввал Лондондаги қироллик театри «Ковент Гарден»да, кейин эса Италиядаги «Ла Скала»да ва Американинг «Метрополитен опера»сида чиқиш қилди. Павaротти ўзига хос рекорд ўрнатди: у Тонио ариясида кетма-кет 9 та юқори нота «до»ни ҳеч қандай қийинчиликсиз, мукаммал даражада ижро этди.

Лучано Паваротти

Фото: Google Images

Шов-шувли чиқиш Павароттининг ижодий йўлини бир умрга ўзгартириб юборди. Санъат аҳли билан ҳамнафас бўлган тадбиркор Герберт Бреслин опера горизонтининг янги юлдузи билан шартнома имзолади ва тенорни дунёнинг энг яхши театрларида тарғиб қила бошлади. 1972 йилдан бошлаб, Паваротти спектаклларда чиқиш қилишдан ташқари, классик опера ариялари, итальян қўшиқлари ва консонларини ўз ичига олган концертлар билан гастроллар қила бошлади.

У Беллинининг «Соманбула» операсидаги Элвино ва «Пуретане»сидаги Артуро, Доницеттининг «Лючия ди Ламмермур»идаги Эдгардо, Вердининг «Травиата»сидаги Альфред ва «Риголетто»сидаги Мантуа герцоги ролларидан ташқари, Вердининг «Бал-Маскарад» асаридаги Риккардо, Пуччинининг «Тоска»сида Каварадосси, Вердининг «Трубадур»ида Манрико ҳамда «Аида»сида Радамеса каби драматик ролларини ҳам маромига етказиб ижро этади.

1980 йилларнинг бошларида Лучано Паваротти халқаро вокалчилар танлови The Pavarotti International Voice Competition’га асос солади. Саҳна юлдузи танлов ғолиблари билан йиллар давомида Америка ва Хитой бўйлаб гастрол сафарларига чиқади ва у ерда хонанда ёш истеъдодлар билан биргаликда «Богема», «Ишқ шароби» ҳамда «Бал-маскарад» операларидан парчалар ижро этади. Концерт фаолиятидан ташқари, Паваротти Вена операси ва «Ла Скала» театрлари билан ҳамкорлик қилган.

Лучанонинг «Аида» операсидаги чиқиши ҳар сафар гулдурос қарсаклар ва парданинг қайта-қайта кўтарилиши билан кутиб олинган. Бироқ муваффақиятсизликлар ҳам бўлиб турарди: 1992 йили Франко Дзеффиреллининг «Ла Скала»да қўйилган «Дон Карлос» спектаклида томошабинлар ҳуштак чалиб, Паваротти ижросига нисбатан ўз норозиликларини билдиришади. Тенор ўз айбини тан олади ва қайтиб ўша театрда чиқиш қилмайди.

Пласидо Доминго (ўнгда), Лучано Паваротти (ўрта), Хосе Каррерас (чапда)

Фото: Google Images

Италиялик тенор 1990 йилда иккинчи бор халқаро миқёсда тан олинди, ўшанда BBC компанияси Жаҳон чемпионати учун Лучано Паваротти, Пласидо Доминго, Хосе Каррерас ижросидаги «Нессун Дорма» арияси билан лавҳа тайёрлаганди. Клип учун видео Рим императорларининг Каракалла ҳаммомларида суратга олинганди. Видеоёзувлар шу қадар кўп тиражда сотилдики, ҳатто Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди. «Уч тенор» лойиҳаси катта муваффақият келтирганидан, қўшиқчилар футбол бўйича кейинги учта Жаҳон чемпионатида чиқиш қилади.

Лучано Паваротти операни оммалаштирди. Унинг яккахон концертлари Нью-Йоркдаги Марказий боғ, Лондондаги Гайд-парк, Париждаги Марс майдонига тенорнинг жонли ижросидан баҳраманд бўлиш учун келган 500 минггача бўлган томошабинни ўзига маҳлиё қилди. 1992 йилда тенор «Паваротти ва унинг дўстлари» лойиҳасига асос солди, унда опера хонандаларидан ташқари Элтон Жон, Стинг, Брайан Адамс, Андреа Бочелли, Лайонел Ричи, Жеймс Браун, Селин Дион каби эстрада юлдузлари ҳам иштирок этди. 1998 йилда Павароттига «Гремми афсонаси» мукофоти топширилди.

Лучано Павароттининг дафн маросими

Фото: Google Images

2004 йилда Лучанога ошқозон ости бези саратони ташхиси қўйилади. Санъаткор, барча имкониятини ишга солиб, дунёнинг 40 та шаҳри бўйлаб видолашув сафарини ўтказишга қарор қилади. 2005 йили Павароттининг энг сара ижод намуналари жамланган The Best альбоми сотувга чиқарилади. Буюк тенорнинг сўнгги чиқиши 2006 йилнинг 10 февралида Турин Олимпиадасига тўғри келди. Шундан сўнг Паваротти саратонни олдириб ташлаш учун операция столига ётади.

Унинг аҳволи бир оз яхшиланади, аммо 2007 йилда пневмонияни бошдан кечиради. Моденадаги уйига қайтгач, тенор 2007 йилнинг 6 сентябрида дунёдан кўз юмди. Лучано Павароттининг тобути уч кун давомида она шаҳридаги бош черков ҳовлисида турди ва шу уч кун давомида севимли қўшиқчиси билан видолашиш истагидаги мухлислар қадами узилмади.

Рафиқ Ўзтурк тайёрлади.