Жиззах шаҳрида 2003 йилда туғилган йигит маст ҳолда Lacetti машинасини ўғирлаб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этди. Бу ҳақда вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Жиззах шаҳри «Қассоблик» маҳалласида яшовчи 18 ёшли йигит 1 ноябрь куни соат тунги 3:00 атрофида маҳалла ҳудудидан Lacetti машинасини ўғирлаб кетган.

Йигит спиртли ичимлик таъсирида бўлгани ва ўз хатти-ҳаракатини назорат қила олмай, машинанинг ён ойнасини синдириб, олиб қочгани аниқланган.

Таъкидланишича, орадан кўп вақт ўтмай йигит маст ҳолатда Шароф Рашидов кўчасида йўлни ажратувчи бетон тўсиққа урилиб, ЙТҲ содир этган. ЙТҲ пайтида воқеа жойига келган йўл-патруль хизмати инспектори машина салонида 2 нафар йўловчи борлигини аниқлаган. Ҳозирда йўловчилар шахсига аниқлик киритилмоқда.

Олиб қочилган машина Бахмал тумани Тонготар қишлоғида яшовчи 1993 йилда туғилган фуқарога тегишлилиги маълум бўлган. Ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан аввал Наманганда Cobalt қарама-қарши йўналишдаги Damas билан тўқнашиши оқибатида она ва бола ҳалок бўлгани, Навоийда Nexia-2 ағдарилиб кетиши оқибатида ҳайдовчининг 80 ёшли онаси вафот этгани ҳамда Тошкентда автобусга бориб урилган Lacetti ҳайдовчиси воқеа жойида вафот этгани ҳақида хабар берилганди.