«Инсон виждони олдида турган муаммоларни адабиётда юксак руҳда ёритиб бергани учун» Нобель мукофоти билан тақдирланган, чин маънода буюк инсонпарвар адиб Альбер Камю ҳақида «Дарё» ҳикоя қилади.

Альбер Камю

Фото: Yandex

Болалиги

Альбер Камю 1913 йил, 7 ноябрда Жазоирда, Мондова шаҳри яқинидаги «Сан-Пол» фермасида, қашшоқ бир оилада туғилган. Отаси — келиб чиқиши француз бўлган Люсьен Камю асли элзаслик бўлиб, вино заводида вино омбори назоратчиси бўлиб ишларди. У Биринчи жаҳон уруши вақтида енгил пиёда аскарлари таркибида хизмат қилган ва 1914 йили, Альбер бир ёшидалик пайтида, Марнада бўлиб ўтган жангда оғир яраланиб, касалхонада вафот этган. Онаси — испан миллатига мансуб Кутрин Санте эшитиш қобилияти суст, саводсиз аёл эди. Турмуш ўртоғининг ўлимидан сўнг у катта ўғли Люсьен ва Альберни олиб, Жазоирдиги Белкур шаҳрига кўчиб ўтади.

Камю энди Белкурдаги уч хонали уйда бувиси, онаси, акаси ва тоғаси билан бирга яшаётганди. Шароит анча оғир: у акаси ва онаси билан бир тор хонани банд қилган, квартирада сув ҳам, электр ҳам йўқ эди. Уйдаги муҳит эса бундан ўтиб тушарди: бувиси қаттиққўл ва қўпол аёл бўлиб, оилада ҳамманинг устидан ҳукм юритар ва баъзан невараларига жисмоний жазо қўллашдан ҳам тоймасди. Шунга қарамай, бувиси уларни ўз билганича яхши кўрар ва улардан ҳам шуни талаб қиларди.

Камю ва унинг акаси

Фото: Getty Images

Камюнинг онаси турмуш ўртоғининг ўлимидан сўнг ниҳоятда тунд ва камгап бўлиб қолганди. У аввал фабрикада ишлаб, кейин эса фаррошлик қилиб, бор кучини оила аъзоларига ғамхўрлик қилишга сарфлайди. Камюнинг кўплаб асарларида онасининг мураккаб образи гавдаланган бўлиб, уларда она ва фарзанд ўртасидаги бегоналик ҳиссидан азобланиш ҳамда ўз ҳаётий бурчини сабот билан бажараётган волидага нисбатан чуқур фарзандлик ҳурмати ва меҳр-муҳаббати уйғунлашиб кетган. Вақт ўтиши билан ёзувчида она образи янада мукаммаллашади: 1937 йилда нашр этилган «Ботин ва чеҳра» номли дастлабки эсселар тўпламида она тақдир машаққатлари ва кундалик ташвишлар эзиб қўйган бахтсиз аёл сифатида намоён бўлса, «Биричи одам» асари учун ёзилган қораламаларда Камю онаси тўғрисидаги фикрларини ўзгартиргани ва унга аҳлоқий ва илоҳий нуқтаи назардан қарай бошлагани ойдинлашади.

«Унда ер юзидаги барча эзгуликлар мужассам», — дейди китобда. «Она — мактаб кўрмаган Мишкин (Ф.М. Достоевскийнинг «Телба» романи бош қаҳрамони назарда тутиляпти — «Дарё» изоҳи). У Масиҳ ҳақида, хочга михланганидан ташқари, ҳеч нимани билмайди. Лекин қайси одам унга онадан кўра яқинроқ?» — дея таъкидлайди.

Ёзувчининг онаси умрининг охирида жуда ҳам диндор бўлиб қолганди. Насронийликка нисбатан салбий муносабатда бўлган Камю онасининг диндорлиги ҳақида ёзганда соддадил аёлнинг машаққатлар билан эришган ишончини англашга уринади. Бу орқали насронийликни ҳам тушунишга ҳаракат қилади. Оиланинг моддий аҳволи жуда ачинарли бўлса ҳам, ўзининг айтишига кўра, Камю қашшоқликни ҳис қилмаган ва оғир турмуш шароитида қийналмаган.

Таълим

1918 йилда Альбер уйидан унча узоқ бўлмаган шаҳар мактабига қабул қилинади. Синфдошларининг эслашига кўра, у анча уятчан ва тортинчоқ бола бўлиб, қўпол ўйинлардан ўзини олиб қочарди ва тенгдошларидан уни ажратиб турадиган ҳеч бир жиҳати йўқ эди.

Одатда унинг ўртоқлари мактабни ташлаб, оилаларига ёрдам бериш учун ишлашга чиқиб кетарди. Бироқ Камюнинг устози, бошланғич синф ўқитувчиси Луи Жермен ушбу уятчан йигитчанинг ичида уйғонаётган истеъдодни ўз вақтида пайқайди. У Альбернинг ўқиши кераклигига қариндошларини ишонтира олади. Шунингдек, устози уни лицейга ўқишга киришга тайёрлай бошлайди ва Альберга стипендия ажратилишига ёрдам беради. Вақтлар ўтиб, адиб миннатдорчилик сифатида ўзининг «Нобель маърузаси»ни устозига бағишлаган. Маърузада Камю устозига қарата:

«Бир вақтлар йўқсил болакайга узатган меҳрли қўлларингиз, берган таълимингиз ва кўрсатган ибратингизсиз буларнинг ҳеч бири содир бўлмасди», — дейди.

Адиб лицей йиллари ҳақидаги фикрлари билан унинг болалик саргузаштлари ва кечинмалари тасвирланган (юқорида эсланган) «Биринчи одам» қиссасида ўртоқлашади. Лицей таълими Камю учун қийинчилик туғдирмаган, бироқ ташқи шароит анча оғир эди. Ишчи қатлам вакилларига беписандлик билан қаровчи бойлар унинг ўқиши учун ҳомийлик қиларди. Курсдошларининг аксарияти Жазоир буржуазиясининг бадавлат оилалари вакиллари эди ва улар билан алоқада бўлиш Камю эътиборини, албатта, ижтимоий тенгсизлик муаммоларига тортмай қолмасди. Бувисининг талабига кўра, Альбер ёзги таътилни дам олиш билан эмас, балки меҳнат қилиб ўтказишга мажбур эди.

Лицейдаги ўқишнинг сўнгги йилларида Камю француз маданиятининг янги йўналишларини иштиёқ билан ўзлаштиради. Ўша даврдаги машҳур адабий асарларни диққат билан ўқиб чиқади. Олди-қочди адабиётдан аста-секин Андре Жид (1869–1951), Морис Баррес (1862–1923), Марсель Пруст (1871-1922) ва бошқа классикларнинг жиддий қиссалари ва романларига ўтади.

Аммо уни ёшлик даврининг оддий завқлари, денгиз, қуёш, футбол, ҳам ўзига қаттиқ тортарди. Ёш Камю футбол ишқибози ва «Расинг университер» клубига қарашли ёшлар футбол жамоасининг дарвозабони эди. Спортда ва дўстлари билан кечган вақтларда у ўз оиласи ва лицейида етишмаган қизғин ҳаётни топади. Камюнинг фикрига кўра, жамоавий спорт унга маънавий бурч ва бир мақсад йўлида ҳаракат қилиш нима эканлигини амалда кўрсатиб берган.

1930 йилда Камюга сил ташхиси қўйилади. У ўқишни тўхтатиб, камбағаллар учун мўлжалланган шифохонага ётади. У энди спорт билан шуғуллана олмасди, аммо футболга бўлган муҳаббати бир умр сўнмайди. Бир неча ой касалхонада даволаниб чиққанидан сўнг у ўзини бир қадар яхши ҳис қила бошлайди, лекин касаллик оқибатларидан бутун умр азият чеккан. Соғлиги сабабли уни ҳарбий хизматга ҳам чақиришмайди.

Даволаниб, лицейга қайтган Камюга Франциядан ташриф буюрган фалсафа ўқитувчиси Жан Гренье сабоқ бера бошлайди. У ҳам устоз, ҳам содиқ дўст сифатида Камюга катта таъсир кўрсатган. Ўша пайтлари у Андре Малро ижодига қизиқа бошлаганди. Қизиқишлари, асосан, қадимги юнон фалсафасига қаратилган бўлиб, немис файласуфларидан фақат Фридрих Ницше унинг эътиборини тортганди.

1932 йилда Альбер ўзининг бўлажак турмуш ўртоғи Симоне Ие билан учрашади. Қиз ўша вақтлар морфинга қарамликдан азият чекарди. Камю уни бу афюн гирдобидан халос этишга қарор қилади ва икки йил ўтиб, улар турмуш қуради. Ўша вақтда Камю дўстига тегишли газетага турли мақолалар ёзиш билан машғул бўлган. Бундан ташқари, у Жазоирдаги французлар ва бошқа гуруҳларни озод қилишга қаратилган босма нашрларни чиқарувчи гуруҳда иштирок этади.

1933 йилда у Жазоир университетига ўқишга кириб, фалсафа ва фалсафа тарихи, этика ва социология, психология ва классик адабиёт бўйича билимини оширади. Пул топиш мақсадида ўнг келган иш билан шуғулланиб, репетиторликда ҳам ўзини синаб кўради. Камю коммунизмга шубҳа билан қарарди, унда ўзига хос «дунёвий дин»ни кўрарди. Лекин шунга қарамай, у 1935 йилда коммунистик партияга аъзо бўлади. Жан Гренье Камюни шу қарорни қабул қилишга ундаган. У партиянинг маданий фаолиятини ўз зиммасига олиб, сўллар чақириқномасини тарқатиш, маданий тадбирлар ташкил этиш орқали меҳнаткаш оммага маърифат улашиш ишларига масъул бўлади. У марксистик адабиётга ҳеч қачон қизиқмаган. Коммунистик партиядаги фаолиятига фақат ишчилар аҳволини яхшилаш сифатида қарарди.

1936 йилда Камю театр фаолияти билан қизиқиб, «Ишчилар театри»га (Théâtre du Travail) асос солади ва ўзи ҳам роллар ўйнай бошлайди. Хусусан, буюк ёзувчи Фёдор Достоевскийнинг «Ака-ука Карамазовлар» асари асосида спектакль саҳналаштириб, ўзи Иван Карамазов ролини ижро этади. Театр 1937 йилда номини «Жамоа театри»га ўзгартиради. У, шунингдек, Андре Малронинг 1935 йилда ёзилган «Нафрат йиллари» романи асосида спектакль ташкиллаштиради. Мазкур театр томошаси Малронинг розилиги билан амалга оширилган бўлиб, 1936 йил, 25 январда пляж биносидаги катта залда бўлиб ўтаган. Спектакльга 500 га яқин томошабин ташриф буюради, лекин коммунистлар газетаси бу сонни 1500 қилиб кўрсатади. Иш олға силжиб, бир неча ой давомида яна бир қанча саҳна асарлари яралади.

Камю коммунистлар билан доимо зиддиятли алоқада бўлиб келган. Бу ёзувчининг марксизм ғоясини ёқламаслиги, мусулмонларга муносабат ҳамда Франциянинг мустамлакачилик сиёсати ҳақидаги фикрларнинг хилма-хиллигида акс этарди. Қарашлардаги номутаносиблик, охир-оқибат, Камюнинг партиядан чиқариб юборилишига олиб келади.

1936 йилда у христиан метафизикаси бўйича диссертация ёзади. Ўз ишида Плотин ва Аврелий Августин асарларига мурожаат қилади. 1960 йилларнинг ўрталарида Камю диссертациясида асл нусхаларга изоҳ берилмаган ҳолда бир нечта манбалардан кўчирилган матнлар борлиги аниқланган бўлса-да, илмий иш жиддий академик услубда ёқланганди.

Катта ҳаёт ва ижод

Ўқишни битиргач, Альбер гиёҳвандлик туфайли соғлиги жуда тез ёмонлашиб бораётган рафиқаси билан муносабатларни узади. Ёзувчи бўлишни орзу қилиб, у ўша йиллар давомида ўзининг фалсафий қарашларини кўрсатиб берган бўлажак асарларига фаол тарзда эслатмалар ёза бошлайди, келажакдаги асарларининг прототипларини яратади.

Альбер Камю

Фото: Getty Images

Ўша даврларда у бир муддат Жазоир маданият уйига раҳбарлик қилади. 1938 йилда эса «Соҳил бўйи» журналига, сўнгра «Республикачи Алже» ҳамда «Республика оқшоми» каби сўл қанот мухолифат газеталарида муҳаррирлик қилади. Иккинчи жаҳон уруши бошланганидан сўнг ушбу газеталарнинг чоп этилишига ҳарбий цензура томонидан тақиқ қўйилади. Бу нашрлар орқали Камю ўша даврда ижтимоий сиёсат ва Жазоирдаги араблар аҳволини ўнглашга ҳаракат қилаётганди.

Бу йилларда Камю асосан очерклар ва публицистик материаллар ёзади. 1938 йилда унинг «Уйланиш» номли китоби нашрдан чиқади. 1939 йилда эса «Калигула» песасининг биринчи вариантини ёзади. 1940 йилнинг январь ойида «Республика оқшоми» газетаси тақиқланганидан сўнг Камю ва унинг бўлажак рафиқаси Френсин Фор билан Оранга кўчиб ўтади ва у ерда ўқитувчилик қилади. Икки ойдан кейин Жазоирдан Парижга кўчиб келади.

Парижда Альбер Камю «Париж оқшоми» (Paris-soir) газетасининг техник муҳаррири сифатида фаолият юритиб, 1940 йилнинг май ойида «Бегона» қиссасини якунлайди. Ушбу қисса экзистенсиал фалсафанинг бадиятга кўчган шакли эди. Камю унда дунёқарашнинг мураккаб тизимини адабий тилда ифодалаб берган ва шу орқали фалсафий қарашини кенг китобхонлар оммасига мослаштирган.

Воқеалар ўша пайтда Франциянинг мустамлакаси бўлган Жазоирда бўлиб ўтади. Асарнинг бош қаҳрамони Мерсо кутилмаганда онасининг ўлимидан хабар топади ва дафн маросимида қатнашиш учун қариялар уйига боради. Лекин у онасининг ўлимига нисбатан ҳеч қандай аянч ҳисларини туймаётганди — сиқилмаётганди. Мерсодаги совуққонлик унинг сўзларидан ҳам маълум. Асар бошидаёқ бу муносабат кўзга яққол ташланади: у онаси айнан қайси санада вафот этганини ҳам эслай олмасди.

Дафн маросимида у керакли анъаналарни автоматик равишда бажаради, лекин кўзига бир томчи ҳам ёш олмайди. Аксинча, ўзи онасининг майити солинган тобут қаршисида ўтирган бўлса-да, хаёли умуман бошқа нарсаларда эди. Масалан, хонанинг ҳаддан ташқари ёруғлиги кўзларини қамаштираётгани ҳақида ўйларди.

Мерсонинг ҳаёт тарзи ва атрофидагиларга муносабатидан у оддий одамга қадрли бўлган барча нарсаларга буткул бефарқлигини билиб олиш қийин эмас. Унга дўстлик, муҳаббат, оила каби инсоний қадриятлар ёт бўлиб, бу каби ўзаро муносабатларга нисбатан ичида ҳеч қандай хайрихоҳлик туймасди. Шу нарса унинг зарарига ишлайди.

Аниқроқ қилиб айтганда, ўзи истамаган қотилликка қўл урган Мерсо ҳибсга олинади ва суд қилинади. Судда уни таниган гувоҳлар у қўл урган жиноят қолиб, инсоний фазилатларини муҳокама қилади. Онасининг қариялар уйидан келган танишлари, у билан алоқа қилиб юрган аёл ва бошқалар Мерсога қарши гувоҳлик беради. Руҳоний унинг олдида ваз ўқийди, маҳбус эса ғазабланиб, диний фикрлаш парадигмасини қатъиян рад этади. Натижада, қилган жинояти кечирилмайди ва у ўлим жазосига ҳукм қилинади.

«Бегона» ёзилган йил, декабрь ойида у мухолиф фикрлари учун «Париж оқшоми»дан бўшатилади. Шундан сўнг Камю босиб олинган мамлакатда яшашни истамай, Оранга қайтиб келиб, хусусий мактабда француз тилидан дарс бера бошлайди. 1941 йилнинг февралида «Сизиф ҳақида афсона» ёзиб тугалланади.

Тез орада Қаршилик Сафи таркибига қўшилган Камю Париждаги «Комба» яширин ташкилотига аъзо бўлади.

1942 йилда «Бегона», 1943 йилда эса «Сизиф ҳақида афсона» нашр этилади. Шу йили у яширинча «Комба» газетасини чиқара бошлайди ва кейинроқ ўша газетанинг муҳарририга айланади. 1943 йил охирида «Галлимар» нашриётида ишлай бошлайди (ушбу газета билан умрининг охиригача ҳамкорлик қилган). Уруш йилларида у «Немис дўстга мактублар»ни нашр эттиради. Шу йиллари у таниқли файласуф ва адиб Жан Пол Сартр билан учрашиб, унинг песалари асосидаги спектаклларда актёр сифатида иштирок этган.

1944 йили Камю «Вабо» романини ёзади (Шу йили унинг оиласида Жан ва Катрин исмли эгизаклар дунёга келган). Роман 1947 йилда нашр қилинган бўлиб, у ёзувчининг энг йирик насрий асарларидан бири эди. Таниқли адабий танқидчи Гаэтан Пикон бу асар ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлаша туриб шундай ёзганди:

«Бир кўришда осойишта ва хотиржам ушбу алифдек асарда турли садолар янграйди. Унда бир пайтнинг ўзида беманилик (абсурд) ва исён, бефарқлик ва эҳтирос, совуқлик ва завқу-шавқ, мавҳумлик ва ҳис-туйғу, ўткинчилик ва абадийлик каби тушунчалар ёнма-ён яшайди...»

Урушдан кейинги йилларда ҳам у «Комба» билан фаол ҳамкорликни йўлга қўяди. Ташкилот унинг илгари ёзилган асарларини нашр қилади ва бу адибга катта шон-шуҳрат келтиради. 1947 йили у сўл ҳаракат ва Сартр билан аста-секин алоқани уза бошлаганди. У «Комба» ташкилотини тарк этиб, мустақил журналист сифатида фаолият юрита бошлайди — турли нашрлар учун журналистик мақолалар ёзади (кейинчалик «Қайноқ эслатмалар» номи остида учта тўпламда нашр этилган).

1951 йилда анархистларга қарашли «Либертер» журналида «Исёнкор одам» асари нашр этилади. Камю унда инсондаги ташқи ва ички маънисизликка (абсурд) қарши исён анатомиясини тафтиш қилади. Сўл танқидчилар, шу жумладан, Сартр ҳам буни социализм учун сиёсий курашни инкор этиш сифатида кўради (Камю социализмни Сталин давридаги каби авторитар режимга олиб боради деб биларди). 1954 йилда бошланган Жазоир урушидан кейин Камюнинг Жазоирдаги француз ҳамжамиятини қўллаб-қувватлагани сўл қанот радикалларининг янада кескинроқ танқидига сабаб бўлди. Камю бир муддат ЮНЕСКО билан ҳамкорлик қилади, бироқ Испания 1952 йилда Франциско Франко бошчилигида ушбу ташкилотга аъзо бўлгач, у ерда ўз фаолиятини тўхтатади.

Умрининг сўнгги йиллари

Театр уни ўзига тобора кўпроқ маҳлиё қилиб бормоқда эди. 1954 йилдан бошлаб у ўз песалари асосидаги спектаклларни саҳналаштира бошлайди. Шунингдек, Парижда экспериментал театр очиш бўйича музокаралар олиб боради. 1956 йилда Камю «Тубанлашув» қиссасини ёзади, келаси йили «Сургун ва қироллик» ҳикоялар тўплами дунё юзини кўради.

Альбер Камю Нобель мукофотини олиш маросимида

Фото: Getty Images

1957 йилда у «инсон виждони олдида турган муаммоларни адабиётда юксак руҳда ёритиб бергани учун» Нобель мукофоти билан тақдирланган. Гарчи Камю ўзини файласуф ҳисобламаган бўлса-да, фалсафий-бадиий эсселари учун замондошлари уни «Ғарб виждони» деб атарди. Мукофот топширилиши муносабати билан қилган нутқида у ўзининг ҳаётий ва ижодий позицияси ҳақида шундай дейди:

«Мен ўз санъатимдан ташқарида яшолмайман. Бироқ ҳеч қачон уни дунёдан устун қўймаганман. Аксинча, бу санъат менга шунинг учун ҳам керакки, у ўзини ҳеч кимдан, ҳеч нарсадан четга олмайди, санъаткор ва бир инсон сифатида ҳамма одамларнинг ҳаёти билан нафас олишимга имкон беради. Санъат мен учун ёлғиз ижодкорнинг эрмаги эмас, умумий азоб-уқубатлар ва қувончларнинг қамровли манзарасини чизиш орқали иложи борича кўпроқ одамларга таъсир этиш усулидир. Санъат ижодкорни ўз қобиғида ўралашиб қолишига йўл қўймайди, уни энг оддий ва энг умумий ҳақиқатга бўйсундиради.

Кўпинча, ўзини ўзгалардан бошқачароқ ҳис қилиб, санъаткорлик қисматини танлаганлар тез орада ўз санъатларини ва ўзгаларга ўхшамаган хосликларини нима билан озиқлантиришни билмай қоладилар-да ўзлари бошқалардан ҳеч нима билан фарқ қилмаслигини тан олиш зарурлигини тушуниб қоладилар. Санъаткор, айни шундай, ўзи билан бошқалар орасидаги — ўзи четлаб ўтолмайдиган гўзаллик ва узилиб кетолмайдиган инсоний умумийлик орасидаги йўлнинг ўртасида зир югуравериб шаклланади. Шунинг учун ҳам ҳақиқий санъаткорлар ҳеч нарсани эътибордан соқит қилмайди, улар ҳукм чиқаришни эмас, тушунишни ўз бурчлари деб биладилар.

Мабодо, улар бу дунёда кимнингдир томонини танлайдиган бўлсалар, Ницшенинг улуғ ҳикматига кўра, бирор бир ҳакам эмас, ишчими, зиёлими — ким бўлишидан қатъи назар — фақат бунёдкор бошқарадиган жамиятга тарафдор бўлишга бурчлидирлар».

1960 йил, 4 январь куни ёзувчи автоҳалокатда вафот этади. Ўша куни у дўсти Мишел Галлимар ва унинг оиласи билан Провансдан Парижга қайтаётганди. Улар кетаётган машина бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги чинорга бориб урилади. Камюнинг ўша ондаёқ жони узилади. Машинани бошқариб бораётган Мишель Галлимар икки кундан сўнг касалхонада вафот этади, унинг хотини ва қизи эса тирик қолади.

Ёзувчининг шахсий буюмлари орасида тугалланмаган «Биринчи одам» қиссасининг қўлёзмаси ва фойдаланилмаган поезд чиптаси топилган. Альбер Камю Франция жанубидаги Лурмарен қабристонига дафн қилинган.

2011 йилда йилда италиянинг Corriere della Sera газетаси, ёзувчи Совет Иттифоқининг Венгрияга бостириб киришини қоралагани учун, автоҳалокат Совет махсус хизматлари томонидан уюштирилган деган қарашни олға суради. Газета режалаштирилган қотилликдан хабардор бўлганлар орасида СССР Ташқи ишлар вазири Дмитрий Шепилов (1905–1995) номини кўрсатган. Камюнинг таржимаи ҳолини нашрга тайёрлаган Мишел Онфаре бу маълумотни иғво сифатида рад этади.

Ўзбек китобхони ёзувчи ижоди билан яхши таниш бўлиб, бир қатор қисса ва романлари, адабий-фалсафий эсселари Аҳмад Аъзам, Назар Эшонқул ва бошқа таржимонлар томонидан ўзбек тилига ўгирилган.

Рафиқ Ўзтурк тайёрлади