1799 йил 9–10 ноябрь кунлари (инқилобий календарга кўра 18-брюмера) қон тўкишларсиз бўлиб ўтган давлат тўнтариши натижасида Францияда ҳокимият беш кишилик Директория қўлидан генерал Наполеон Бонапарт бошлиқ янги ҳукуматга ўтади. Бу воқеа буюк француз инқилобининг расман якун топиш санаси ҳам ҳисобланади. Чунки эндиликда Францияда ҳокимият яна ягона шахс назорати остига ўтганди. «Дарё» буюк француз императорини олий ҳокимиятга олиб келган ушбу тўнтариш ҳақида сўз юритади.

Вазият

XVIII аср охирларида Францияда 1792 йилда қабул қилинган инқилобий иккинчи Конституциясига кўра олий ҳокимият органи — беш кишидан иборат Директория ҳисобланарди. Директория республиканинг ижро ҳокимияти бўлиб, икки палатали (Оқсоқоллар ва Бешюзлар кенгаши) парламент томонидан қуръа ташлаш йўли билан сайланган. 1799 йилга келиб мамлакатда Директория обрўси тушиб кетади. Бутун Франция бўйлаб ишсизлик, очарчилик ва тартибсизликлар кузатилаётганди.

Мўътадил республикачиларнинг энг кўзга кўринган арбоби, Директория аъзоси Эммануэль Сейес узоқ вақтдан бери 1792 йилги Конституция қоидалари эскирганидан хавотирда эди. У ички тартибни барқарорлаштирувчи ўзининг давлат режасини ишлаб чиқади. Сейес янги Конституция қабул қилиш учун атрофига антидемократ, аммо ҳокимиятга қирол хонадонининг қайтишини ёқламайдиган мўътадил раҳбарларни бирлаштира бошлайди. Сейеснинг мақсади республикада демократик эркинликларни нисбатан чеклаш ва қаттиқ назорат ўрнатиш эди.

Сен-Клудаги парламент йиғилиши

Фото: WаҳооАрт

Сейеснинг режаларидан хабар топган Наполеон Бонапарт у билан иттифоқ тузади. Улар биргаликда янги Конституция қабул қилиш учун давлат тўнтариши ўтказишга қарор қилади. Кўплаб генераллар тўнтаришга аралашишни хоҳламайди, аммо аскарлар инқилобий республика халоскорига айланган Наполеон тарафда эди. Сейес янги Конституция муҳокамаси бўлиб ўтувчи Оқсоқоллар кенгашига унинг тарафдори бўлмаган депутатлар келмаслиги учун фитна уюштиради ва якобинчиларнинг тўнтариш тайёрлаётгани ҳақида ёлғон миш-миш тарқатади. Бундан мақсад парламентнинг ялпи йиғилишини Париждан ташқарида, Наполеон қўшинлари жойлашган ерга яқин жойда ўтказиш эди.

Парламент йиғилиши

Асосан Сейес тарафдорлари келган Оқсоқоллар кенгаши якобинчилар фитнаси хавфи остида иккала палата қўшма мажлисини Париждан ташқаридаги Сен-Клуда жойлашган эски қирол саройида ўтказишга қарор қилади. Парламент қўриқлаш вазифаси Наполеон Бонапартга топширилади ва пойтахтдаги барча қуролли кучлар унга бўйсундирилади.

Наполеоннинг ўзи ҳам анчадан бери ҳокимиятни эгаллашни кўзлаб юрарди, у бу йўлда Директория йўқ қилишни мақсад қилади. Директория аъзоларига Сейесдан ташқари коррупция ва қонунсизлик тимсолига айланган Пол Баррас, унинг маслакдоши Роже Дюко, генерал Жан-Француа Мулен ва адвокат Луи Гое кирган. Тўнтаришдан бироз олдин Наполеоннинг катта акаси Люсен Бонапарт парламентнинг Бешюзлар кенгаши палатаси президенти этиб сайланади.

Ялпи йиғилишдан бир кун олдин режага кўра Директория аъзолари Сейес ва Дюко истеъфога чиқади. Баррас ҳам уларга эргашади. Мулен ва Луи Гое қамоққа олинади.

Директория шу тариқа йўқ қилинади, эртаси кунги қўшма мажлис эса янги бошқарувчиларни тайинлаши керак эди. Албатта, асосий номзод, шубҳасиз, Наполеон эди. Бироқ депутатлар янги директорлар масаласида жуда узоқ баҳслашади. Натижада сабри тўлган Наполеон Бонапарт Оқсоқоллар кенгашига кириб, ўзининг Цезарь ёки Кромвел каби ҳарбий диктатор бўлмаслиги ҳақида нутқ сўзлайди.

Кўп ўтмасдан у қуролланган тўрт гвардиячиси ҳамроҳлигида Бешюзлар кенгаши бўлаётган зал томон юради. Халқ вакиллари йиғилишига қуролланган кишиларнинг кириши депутатларнинг қаттиқ ғазабига сабаб бўлади ва улар Наполеондан чиқиб кетишни талаб қилади. Генералга ташланган депутатлар уни «қонундан ташқари» дея ҳақоратлаб, калтаклашади. Бўлажак император акаси ва соқчилари ёрдами билан саройни тарк этишга муваффақ бўлади.

Бешюзлар кенгаши депутатларининг Наполеонга ташланиши

Фото: Wikipedia

Тўнтариш

Наполеон чиқиб кетганидан бироз ўтиб Сен-Клудаги эски қирол саройига қуролланган ҳарбийлар кириб келади. Депутатлар эшик ва деразалардан пастга сакраб, қочиб кета бошлайди. Бироқ уларнинг кўпчилиги сарой ҳудудини қуршаб олган генерал Мюрат аскарлари қўлига тушади. Қочаётган Бешюзлар кенгаши вакилларини қўлга олишга бошчилик қилаётган генерал Мюрат «Бу томошабинларнинг барини ҳайдаб юборинг» дея хитоб қилади. Бутун томоша беш дақиқа давом этади.

Парламент аъзоларининг ҳеч қайси ўлдирилмайди, қўлга олинганлари яна қайтариб саройга олиб келинади ва янги Конституция тузишга розилик беришга мажбур қилинади. Шунингдек, парламент янги уч консулдан иборат муваққат ҳукуматни ҳам тасдиқлайди. Наполеон, Сейес ва Дукос навбатма-навбат ҳукуматга раислик қилишга келишиб олади, лекин амалда бутун ҳокимият Наполеоннинг қўлида ўтади. Ушбу тўнтариш тарихда «18-брюмера» номи билан қолади, чунки тўнтариш инқилобий республика календарининг шу кунида амалга оширилганди. Тўнтариш ҳеч қандай қон тўкиш ва қурбонларсиз якунланади. «18-брюмера» француз инқилобининг расмий якуни бўлади.

Уч консул

Фото: «Сенат.фр»

13 декабрда янги Конституция қабул қилинади, унга кўра Наполеон Бонапарт ижро ҳокимиятини мутлақ назорати остига олади. Орадан беш йил ўтиб эса у бутун ҳокимиятни ўз қўлига олишга қарор қилади ва ўзини Франция императори деб эълон қилади. Францияда биринчи республика даври якун топади ҳамда Наполеон Бонапартнинг мутлақ монархияси ўрнатилади.