Болаларга бағишланган китоблар ва уларни ўқитиш масаласига жиддий қаралган доим. Лекин негадир китоб харид қилаётганда ўзбек тилидаги асар, қўлланма, энциклопедиядан кўра хорижий тиллардагиси афзал кўрилади. Буни кўпчилик сифат, савия, мазмун ва мавзуга боғлайди. Аксар ота-она ўзбек тилида нашр этиладиган болалар китоблари замондан ортда қолаётгани, янгиликни четлаб, бир маромда — ўртамиёналик, туссизлик ва болага зарур билимни беролмаётганини айтади. Шу муаммо ва саволларни жамлаб, бугунги болалар нашрлари ҳолати, сифати ва эртанги келажаги ҳақида «Академнашр» асосчиси ва директори Санжар Назар билан суҳбатлашдик.

«Академнашр» директори Санжар Назар

Фото: «Дарё» / Маъмуржон Обраҳматов

— Ўзбек тилида чоп этиладиган болалар нашрлари хорижий тилларда босиладиган китоблар олдида харидорини кутиб қолиб кетади кўпинча. Тўғри, озми-кўпми оладиган топилади. Аммо биз хоҳлагандек эмас. Нега китоб сотиб олаётганда ўзбекчасидан кўра бошқа тилдагисини афзал биламиз?

— Гапни жуда узоқдан, соҳадан четроқдан бошлашга тўғри келади. Нега биздан кўра бошқалар яхшироқ, деган саволнинг жавоби — чунки улар биздан кўра эҳтиёжни кўпроқ англаб етишган, деб ифодалаган бўлардим. Чунки болалар китоби, таълими ва тарбиясиз келажак йўқ. Ҳозир бу гапни айтсангиз, сал телба бўлиб кўринасиз. Ҳамма такрорлайдиган гапда. Лекин ҳамма такрорлайдиган гапларнинг бариям хато ёки сийқаси чиққан бўлавермайди. Миллатни, халқни тарбиялаш — болаларни тарбиялашдан бошланади. Балки, бошқа йўли йўқ ҳамдир. Шаклланиб бўлган одамни ўзгартириш барибир қийин. Ҳаёти давомида орттирган кўникмалари, ҳаётий қадриятларичи! Боладаги шу кўникмаларни тўғри шакллантиришга эса ҳали имконият бор.

Бозорларимизда пайдо бўлган рус, турк ва бошқа тиллардаги китоблар кўзимизга ранг-баранг кўринаётган экан, демак, ўша миллатлар бу нарсани биздан олдинроқ англаб етган.

«Академнашр» болалар нашрлари ичига қандай кириб қолган деган савол туғилади. Аслида, биз фаолиятимиз ва мақсадимиздан келиб чиқиб бу йўналишда иш бошламаслигимиз керак эди. Нашриётимиз кўпроқ илмий-оммабоп, илмга йўналтирилган асарлар, бадиий адабиётнинг дурдоналарини чоп этишни асосий мақсад қилган. Луғат ва илмий-оммабоп асарлар билан бошлаганмиз ишимизни. Лекин болалар нашрлари ўшанда бозорда бўм-бўш бўлиб кўринган. Ношир сифатида ҳам ўзимнинг қизиқишларимга мос келган.

Узоқ йиллар аввал (2010 йиллар, тахминан) болалар китобларини умуман чоп этмасдик. Лицензия талаблари ичида болалар нашрлари учун алоҳида лицензия олиш шарти қўйилганди. Бизда шу рухсат бор эди. Лекин чоп этмасдик. Бир куни бир устозимиз — диний уламо нашриётга келдилар. Китобларни бир қадар кўздан кечириб, савол бердилар: «Нимага болалар нашрлари йўқ?». 2–3 та китобни ажратиб олиб: «Булар жуда сифатли ва яхши китоб бўлибди. Варақладим. Матбаа сифатини кўрдим. Жуда маъқул. Худди шунақа сифатда болаларга китоб чиқаришинг керак. Шу кўникмаларни ишлатишинг шарт. Акси хиёнатга тенг» деганлар. Ўтириб, узоқ суҳбатлашганмиз ва шунда бу муҳим масала эканини (унгача ҳам билардим-у, бевосита масъулиятимни ҳис қилмасдим) тушундим. Эҳтиёж янаям кучайиб, кейинчалик болалар журналига ҳам асос солдик.

Ўзбек болалар китоблари бозори, деярли бўш бугун. Қўлга ушлаб, китоб дегуликлари ростанам кам. Болалар нашрлари, аслида, энг қиммат нашр ҳисобланади. Чунки бўёқ, қоғоз, рассомнинг меҳнатидан иқтисод қилиш — кечирилмас жиноятга тенг. Менинг қарашим бўйича шунақа. Балки, унча-мунча одам соҳага бош уравермаслигига сабаб шудир.

Бу тараққиёт ёки бу долғали дунёда оёқда тик туриш, ҳеч кимга букилмаслик, эгилмаслик, қўл бўлмаслик учун ягона восита — зиё, илм, китоб эканини охиригача тушуниб етмаганимиздандир, эҳтимол.

Болалар нашрлари учун бирорта имтиёз йўқ. «Қора туш даврлари»да, ваҳоланки, бор эди. Болалар нашрлари солиқлардан бутунлай озод эди. Умуман, бошқа китоблар ҳам маълум имтиёзларга эга эди. Ўша йиллари болалар нашрлари солиқ тўламасди. Давлатдан камида шундай ишоралар керак.

Тадбиркорлар, ноширлар ҳам ижтимоий масъулиятини ҳис қилиши керак. Елкасига ижтимоий юклама олиб, ҳеч бўлмаганда, 2–3 та чиройли, Франкфуртдагими ёки Москвадаги кўргазмага олиб боргулик, «Бу менинг китобим. Ўзимнинг боламга ҳам шуни муносиб деб биламан», дегулик китоблардан чоп этиши керак. Ҳозирги ноширларимизнинг қўлида шунақа китоблар нечталигини, тўғриси билмайман.

— Худойберди Тўхтабоев бир суҳбатда: «Муаммога яна бир сабаб — ижодкорларнинг нашриёт уйлари билан ҳамкорлиги йўқ» дегандилар. Агар ҳамкорликка йўл топилса, муаммо ҳал бўлармиди ёки молиявий тарафга боғлиқлигича қолармиди?

— Кузатишимча, рисоладаги ҳамкорликнинг йўқлиги молиявий томонга бориб тақалади. Мисол учун, Худойберди Тўхтабоев, Турсунбой Адашбоев, Анвар Обиджонни безовта қилиб, бирорта асар буюртма бериб ёки тайёрини олиб, шунга яраша ҳақ тўлаш ноширларда йўқ эди. Ҳозир ҳам йўқ. Бу яқин келажакда бўлишидан умид ҳам қилмаяпман. 1997 йилдан бери шу соҳа ичидаман. Келгуси бир-икки йил учун кутилмаларим жуда салбий. Давлат томонидан қандайдир чоралар кўрилмаса... вазият қийинлашаверади. Ходимларимизни йўқотишни бошладик. Малакали, истеъдодли ходимларни нашриётларда ушлаб туролмаяпмиз. Сабаби, маош тўлашда, уларнинг моддий талабларини қондиришда муаммога дуч келяпмиз.

Соҳа тўлов қувват паст соҳалардан бирига айланган. Бу ҳамма нашриётларга хос ҳодиса. Қўрқмасдан айта оламан, «Академнашр» Ўзбекистонда муҳаррир, саҳифаловчи дизайнер ва рассомларга энг кўп ойлик тўлайдиган нашриётлардан бири. Бошқа ёндош соҳалар билан таққосласангиз, каррасига биздек ойликлар кам. Шу туфайли, кўп яхши ходимларни бой бераяпмиз.

Ношир сифатида ҳар бир муҳаррирга ҳозиргидан кўпроқ тўлашни хоҳлардим. Лекин бу нашриёт фаолиятини 6 ойдан кейин тўхтатишга олиб келади. Негаки умумий бозор таклиф қилаётган нархдан сизнинг китобларингиз кескин ажралиб турмаслиги керак. Ҳозирги ҳолатдаям, кузатсангиз, «Академнашр» китоблари бошқаларникидан сал қимматроқ. Тахминан, ўн фоизлар атрофида. Ниманинг ҳисобига — биз кам маош бериладиган муҳаррир, безакчи, рассомларни ишлатамиз. Қайсидир маънода, бизга рақобатчи саналган нашриёт умуман муҳаррир ишлатмайди. Кимнидир ёллаб, китобни шунга яраша масъулият билан тайёрлаб, бозорга олиб чиқади ва уники, табиийки, арзонроқ бўлади.

Ноширлик соҳасидаги лицензиялаш ва демократик ўзгаришларни жуда катта, ижобий ҳиссиётлар билан қабул қилганман. Ҳатто ижтимоий тармоқларда хурсандчилигимни бўлишганман. Ўзбекистон ноширчилиги илғор мамлакатлар ноширчилиги йўлидан юра бошлади, деб. Ростдан шундай, ўзгаришлар, аслида бор. Лекин ўтиб олиш керак палла, шекилли, ноширчиликда бугун ўзига хос хаос кузатиляпти. Яъни хоҳлаган одам нашриёт очяпти. Тўғри, минимал талаблари бор. Уларни четлаб ўтиш мумкиндир. Буям одамнинг виждони, ҳаром-харишни фарқлай олишига боғлиқ.

Ҳозир сиз чиқарган китобни ҳатто тамғангизгача олиб чиқаришади. Илгари буни қароқчилик ҳисоблаб, уялишарди. Ҳозир аксинча, сира ўйламай босишаверади. Жанжалли ҳолатлар эса кўп кузатиляпти.

Бундан кейин китоб қимматроқ ва икки йил олдингига нисбатан сифатсизроқ бўлади. Ҳатто оёққа турган нашриётлар ҳам ўзи хоҳлаган ходим билан ишини давом эттира олмайди. Шунақа пайтда истеъдодли, ҳурмат қозонган, ўзини исботлаган, алоҳида шахслигини кўрсата билган одамга ҳамкорлик таклиф қила оласизми? Бу ўйиннинг ёзилмаган қонуни шуки, молиявий таклифингизни қувватлашга мажбур бўлаверасиз.

Истеъдодли ёзувчини бир йил банд қилмоқчимисиз, ойига, айтайлик, 20 миллион сўмча пул ажратишингиз керак. Бозорда гўшт қанча бўлибди, деб ўйламасдан, сиқилмасдан, чалғимасдан яшаши учун, бугунги реаллик, менимча шундай. Йилда 240 миллион сўм таклиф қилинади шунда. 224 бетлик 2000–3000 нусхадаги китоб учун. Тан нархини чиқариш эса қийин эмас. Нарх ошгач, аҳолининг харид қуввати пасаяди.

Қайсидир маънода, давлат бизга имтиёз берсин, бизни қўлласин дейиш хунук ҳолат. Ўзим ёқтирмайман. Шу пайтгача ҳеч бир имтиёздан фойдаланмаганман, бундан кейин ҳам фойдаланмай. Лекин баъзи ўринларда давлат аралашиши ҳам керак. Том маънода мустақил давлат бўлиб яшашни истасак, бу бирламчи эҳтиёжлардан бири.

Ҳар бир нашриёт фаолияти ноширнинг жамиятда ўзи белгилаган приоритетларига боғлиқ. Бу борада ҳам муаммоларимиз талай. Китоб бу матоҳ эканини, товар экани, бозорда пулга алмашиб, сотилишини ҳалигача ҳазм қилолмайман. Ичимда «бу сотилиши керак эмас» деган ўй ҳам бўлади. Девоналикдир, эҳтимол.

— «Болалар китоблари қиммат бўлиши керак», дедингиз. Тўғри фикр. Қиммат бўлишидан ташқари, сифатли бўлиши ҳам муҳим. Болага ранглар, турли иллюстрациялар, китобнинг ҳолати, варақлари муҳим. Лекин китоб дўконларини айланганда кўнгилни хиралаштирадиган ҳолат бор — ўзбек халқ эртаклари, ривоят ва ҳикоялари жамланган китобларда якранглик, кўчирмакашлик, ўртамиёналик балқиб туради. Китобларнинг савияси, ҳолати хориж нашрлариникига яқинроқ бўлишига қачон етишимиз мумкин?

— Китоб матн ўлароқ илм ташийдиган восита ҳамдир. Фақат шу билан чекланиш нотўғри. Айтайлик, «Ур тўқмоқ», «Очил дастурхон»ни китоб ҳолида берсам, бола ўқийди, дейиш жуда калтабинлик. Китоб маълумот ва илм билан бирга эстетика ҳам ташийди. Боланинг диди китобларга ишланган расм, безаклардан шаклланиши мутлақ ҳақиқат.

Болалигимда «Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон» деган китобнинг гўзал нашри қўлимда бўлган. Дунёқарашимнинг қайсидир нуқталари шаклланишига таъсир қилган. Баъзи жиҳатларни шаблон қилиб ҳам олганман. Чиройли одам, гўзал аёл деган тушунчанинг бола тасаввурида чегаралари бўлмайди. Лекин менда шулар бўлган.

Дунёдаги энг сифатли ва чиройли китоблар, қарасангиз, болаларники бўлади. «Академнашр» ўлароқ бунга ҳаракат қиламиз. Эсласангиз, «Ёд оламиз, шодланамиз» серияли китобларни чиқарганмиз. «7Б» деган муқованинг тўртинчи муқова деган тури бор. Ёзувчилар уюшмасида тақдимоти ўтди. Беш нафар энг яхши муаллифлар асари жамланган, бутун бошли қўшсаҳифада 4, 8 қатор шеърлардан иборат китоблар. Лойиҳадан мақсад — боланинг қалбини китоб билан ром этиш эди. Бола адабиётни севсин, сўзни ҳис қилсин, деганмиз. Танланган шеърлар жуда содда, осон эди. Ўша китобларни ҳадя қилган хонадон болалари олдимга чиқиб ёдлаганларини айтиб беришарди. Шеър ёдлаш боланинг нутқи шаклланишига кескин ёрдам беради.

Хуллас, уюшманинг ўша пайтдаги раҳбари Муҳаммад Али: «Мана, булар қандай тадбиркор болалар. Китобни кўринг. Китоб бозорига кириб, энди роса сотишади», деган. Шунда мен «Муболаға қилдингиз. Раҳмат, лутф учун. Лекин тижорий лойиҳа ўлароқ муваффақиятсиз бўлиши аниқ» дегандим. Ростдан, уч мингта чиққан беш китобни, тахминан, 3 йил сотдик.

Яқинда Telegram’даги гуруҳда овозли суҳбат бўлди. Ўша жойда «Ўзбекистонда энг яхши китоб савдоси болалар нашрлариники», дегандим. Яъни болалар китоби қолиб кетиши мумкин эмас. Нима китоб чиқарсангиз ҳам сотилади. Ўзимча бунинг иккита сабабини топгандекман. Биринчиси, бозор жуда оч — ҳеч нарса йўқ. Ҳеч вақо йўқлигидан борини кўтариб кетаверасиз. Иккинчиси, бизнинг фитратимизда илм — бу халос бўлиш йўли эканини англаш бор. Генетик, тарихий хотира, ота-боболар йўли ўлароқ сақланиб қолган. Ўзимизга жуда зарур бўлса китоб сотиб олмасмиз, лекин боламизга албатта олиб берамиз. Болам ўқимишли бўлсин, мендан кўра яхшироқ яшасин деб.

— Йирик савдо тармоқларидан бири навбати билан 2 та китоб тайёрлади. Жуда чиройли, безаклари ўрнида, лекин сиз айтгандек, нархи сал қимматроқ. Тўғри, кўп масала иқтисодга — чўнтакка боғлиқ. Савол туғилади-да, шу ерда давлатдан кўмак кутиш керакми ёки хусусий ташаббус муҳимроқми?

— Ҳар иккиси ҳам керак, деб ўйлайман. Бугун давлатнинг кўмагисиз мутлақо имконсиз. Болалар нашрларига солинган солиқ ва моддий манфаатларни олиб ташланишини хоҳлардим. Болалар китоблари давлатга киритилаётган сармоя.

«Korzinka.uz» лойиҳасидан жуда хурсандман. Аслида, халос бўлишнинг битта йўли шу. Қанийди, ҳамма тадбиркорларимиз Зафар ака Ҳошимовга ўхшаб китоб чиқаришса... Қанақадир акция, нархидан қатъи назар улар жуда сифатли китоб тайёрлашди. Фақат доим бир савол туғилади: нега Зафар ака бизга буюртма бермасдан, чет элда чиқариб келдилар у китобни? Ўзбекистонда бундай сифат, тажриба йўқ деб ўйласалар керак. Лекин биз қилиб беролардик. Иккита китобниям олдим, кўрдим. Замонавий технологиялардан фойдаланган жойлари бор. Биз ўша томони ҳам қилиб беролардик ва «Korzinka.uz»нинг буюртмасидан учинчи китобимизни чиқарган бўлардик, балки. «Мушуклар маликаси Минуш» китобимизга ўхшатиб бошқа биттасини нашр этармидик...

Уларгаям анча арзонга тушарди. Миллий ишлаб чиқарувчини қўллаб-қувватлаган бўлардилар ва ҳоказо. Ҳозир гапиряпману, истиҳола бор. Бировнинг меҳнати, чўнтагидаги пулига аралашишга умуман ҳаққимиз йўқ. Ҳозирги ҳаракатнинг ўзига тасанно деймиз. Мабодо, кейинги сафар қилмоқчи бўлсалар, қўшимча маълумот сифатида айтай, ўша китоблардек сифатда ўзимизда ҳам қилиш мумкин.

Балки, биз кўрмаётган, сезмаган томонлари бўлгандир. Балки ,Украинада китоб чоп этиш осондир, бошқа жиҳатлари бордир. Ишлаш қулай бўлгандир. У томонларини билмаймиз.

Жамиятнинг етилиб келиши муҳим. «Жажжи академик» журналининг ёпилишида шуни асос қилиб кўрсатгандик. Одамларни илм халоскорлигига ишонтиролмагандик. Қанотимиз, қувватимиз, нефтимиз дейсизми, ҳаммасига илм сабабчилигига атрофдагиларни ишонтиролмадик.

Ҳозир давлатдан нимадир кутгандек, тамагирлик қилгандек бўляпмиз. Ўзи аслида ундай эмас. Ўзимни ҳалигача тадбиркор, нашриётни тадбиркорлик манбаси деб қабул қилолмайман. Нашриёт — тадбиркорлик, илм, санъат кесишган нуқтада яшайдиган соҳа.

Яқинда цитрус мевалардан қўшимча қиймат солиғи олиб ташланди. Цитрус емаса, одам аслида ўлиб қолмайди, китобсиз ўлади, маънан, ақлан ўлади. Ўша мевага пул тополмай ўтиб кетади бир умр. Нега шуни англаш шунчалик қийин. Тушунолмайман.

Қўшимча солиқ харидорнинг елкасига юк бўлиб тушади доим. Юкни сездими, қутулиш пайига тушади. Имтиёз бериш керак. Имтиёзга яраша масъулият ҳам. Масалан, даромади 1 миллиард сўмдан ошган нашриётлар учун ижтимоий юкламалар бўлсин. Орзу қиламан, ўз соҳасининг етакчилари бор-а, шуларнинг асарларини жамлаб, таржима қилдириб ёки энг яхши дарсликларни йиғиб (мана, Қозоғистон шу лойиҳани бошлаган. Дунёдаги 100 та етакчи дарсликларини таржима қилдиришди. Икки йил олдинги гап. 100 та илмий адабиётнинг таржимаси қозоқ тилини битта поғонага кўтарди. Чунки атамалар устида ишланди), энг кучли мутахассисларга китоб яратиш имкони берилса, тасаввур қиляпсизми! Даврнинг энг олди китоблари яратилса, муаллифларини пулсиз шу ишга қўл уришларига ишонаман. Маънавий рағбатнинг ўзи кифоя уларга. Шу нарсани ёзишга тайёр олимлар борлигини биламан. Уларнинг бутун фаолияти жонбозлик, ўзни фидо қилиш билан вобаста.

Худди шунақа вазиятда 50 та янги дарслик яратилди, дейлик. Ўзбекистонда 10 та, йиллик даромади бир миллиард сўмдан ошган нашриётни танлаб олишсин. Масъул ташкилот вакили чақириб: «Санжар, мана, 1 йиллик даромадинг бир миллиард сўмдан ошибди. Шу давлат, халқ учун 10 фоизга тенг битта китоб чиқаришни хоҳлармидинг?» деб сўрасин. Бошқалар учун ҳеч нарса деёлмайман. Ўзим хурсанд бўлиб, жон деб чоп этиб берардим.

Биласизми, охирги даврларнинг фожиаси нимада? Бунинг атрофида шов-шув кўтариш мумкинми-йўқми деб ўйлаймиз аввал. Агар шов-шув кўтариш керак бўлмаса, ядро физикасидан, бутун дунё тан оладиган қўлланмани нашр этишдан ҳеч ким манфаатдор эмас. Шов-шув учун, айтайлик, деворни қандай бўяш, оқлаш ҳақидаги рангли, безакли қўлланмага 50 миллиард сўм пул ажратилади, тақдимотлари қилинади, муаллифлари тадбирма-тадбир олиб юрилади. Шундай даврда яшаяпмиз. Ўтиб кетади буларам. Афсуски, бу фақат машаққат, жонбозлик, қурбонликдан иборат.

Ўзбек тили грамматикаси қоидаларини тушунтириб бериш шов-шувга асос бўлолмайди. 90 фоиз аҳоли учун бу мавзу умуман ёт. Қизиқмайди, қарамайдиям. «Фалончи зўр экан-а, қара, шундай китоб чиқарибди!» демайди. Қолган 10 фоиз ичида ҳам тушуниб, англаб етадиган кам. Кел, яхшиси, шоуга пул тикаман, дейди. Катта танловни ўтказиб, мукофотига машина бериш керакли қадам. Таҳсинга сазовор. Лекин бундан ўн, юз баравар куч китобнинг ўзига, ижодкорликка, китоб яратувчиларига тикилиши керак.

Имитация деган ҳолат бор. Хўжакўрсинлик дейиш мумкин. Масалан, оилада эр-хотин ўртасида муаммо туғилди. Улар буни хаспўшлашни бошлашди. Гўёки муаммо йўқдек яшашда давом этишди. Муаммо чуқурлашди, кучайди ва бир кун ёрилганда, юзага қалқиб чиққанда оилани йўқ қилиб юборди. Улар бахтни, ҳаммаси меъёрида эканини имитация қилмоқчи бўлишди. Энди ҳар қандай соҳада имитация ёмон.

Биз «китобхон-китобхон ўйини»ни ўйнашимиз, жамият китобхон бўлиб кетди деб мактабларга китоблар совға қилишимиз — бу китобхонлик имитацияси. Бундан кейин ҳақиқий фожиалар кўринмай қолади. Кун келиб патос бойлаб ёрилганда, ҳақиқий фожиани кўрамиз ва кеч бўлиш эҳтимоли юқори.

Мактабларга китоб совға қилиш бир йили урф бўлди. Билсангиз, раҳбарлар келиб: «50 та китоб берасан. Боғлаб бер» дейишган. Мактабга олиб бориб, столга қўйиб: «Мана, мактабимизга 50 та китоб!» деб тадбирлар уюштиришган. Чиқиб кетаётганда ҳайдовчисига: «Анавини олиб, унисига бериб кел» деган. Қайтариб яна китоб дўконига келтиришган. Бундай ҳолатлар кўп учраган. Танишларим ҳазиллашиб: «Омборингларда умуман китоб қолмагандир-а?!» дейишарди.

Мактаб кутубхоналарини кўрсангиз ҳалиям аҳвол абгор. Бўм-бўш. Бизга ҳашаматли, оқ мармардан тикланган кутубхоналар керак эмас, деб ўйлайман. 2–3 таси бор, етади. Нафсимизни қондиришга, «ҳеч кимдан кам эмас»лигимиз, бошқаларга кўрсатишга мармардан қурилганларини кўзкўзлашга шуниси кифоя. Камтарроқ ва халқчил бўлиши керак, аслида. Шунақа бино бўлсинки, қоровулсиз, назоратчисиз. Ўз уйингиздагидек ўтириб, бемалол китоб ўқий олинг. Ёки одамлар зерикканда секин чиқиб, кутубхонага борадиган муҳитни яратишимиз керак.

Бу қанчалик ҳақиқат, билмайман, бундан 3–4 йил олдин эшитган гапим, Тошкент шаҳар ҳокими: «Менинг энг катта қилган ишларимдан бири — одамларни кўчага олиб чиқа олдим», деган экан. Шуни бировдан эшитганимдан кейин эътибор берсам, ростдан, шаҳар кўчаларига одамлар ишдан кейин дам олишга чиқа бошлаган. 2012 йилгача бу ҳолат йўқ эди. Ҳамма уйида ўтирарди. Пандемиягача Сайилгоҳ кўчаси доим гавжум бўлди. Бу ижобий ҳолат. Шаҳар яшай бошлади. Худди шуни кутубхоналар мисолида ҳам қилиш мумкин. Аниқ шакл, формулаларини билмайман, лекин қилиш мумкин.

Биз ким бўлиб кўринаётганимиз эмас, ким бўлишимиз муҳим, аслида. Бу энг жўн ҳақиқат. Ҳақиқатнинг жўнлиги уни ҳаммаям англаб етишини билдиравермайди-да.

Ўзим мисолимда айтай, балки, бўлғуси олим, ижодкор келажагини тўласинча нашриётга тиккандирман. Балки, «Академнашр» очилмаганда кимдир бўлишим мумкин эди. Бутун қувватим шу нашриётга кетган. Қизғанаман, бу ўта муҳим, бўртган ҳолда кўринар менга. Аслида, муҳим ҳам эмасдир. Картошка арзонлиги китоб арзон бўлишидан муҳимроқдир. Бунисини билмайман. Тўғриси, танлов нон билан китоб орасида бўлмаслиги керак, деб ҳисоблайман. Одамнинг қорни тўқ бўлиши, бирламчи эҳтиёжлари қонган бўлиши керак. Лекин авокадоми ёки номини талаффуз қилишим қийин цитрус мева билан китоб орасида танлов кетса, буни абсурд вазият деб биламан.

— Болалар нашрлари деганда даврий нашрлар ҳам тушунилади. Газета-журналлар фарзандларнинг дунёқараши, диди шаклланишида сезиларли рол ўйнайди. Саккиз йил олдин фаолиятини бошлаган «Жажжи академик» журнали мен учун ҳам янгилик бўлганди. Лекин бугун журнал фаолияти тўхтади, бошқа сонларини қўлга ололмаймиз. Шу нашр ҳам китоб баробарида маънавий эҳтиёжимизни қондириб тургандида.

— Мустақил Ўзбекистоннинг илк йиллари, тарихнинг энг оғир пайтлари ғоя туғилиб очилганди журнал. Кейин бир қатор сабаблар билан ёпилди. Фақат иқтисодий сабаб эмас. «Академнашр» кўрадиган фойданинг бир бадали деб ҳис қилганман буни. Пул сарфлаганда қувониб сарфлардик. Кам чиқарди, лекин жуда кўп пул харжлардик. Меҳнат ва меҳримизни ҳам кўп берардик. Реализациясини кам қилардик. Бутун Ўзбекистонда ўн мингта мактаб бўлса, журнал ҳам 10 минг ададда чиққанда, ўзини оқларди, деган қарашим бор. Аслида, ҳар бир мактаб 5 тадан олсаям, 50 минг нусхада босиларди.

Балки, бир қатим нур бўлиб қоронғи ҳаётни ёритар деган умид билан иш бошланганди. Афсуски, одамларнинг ўзида эҳтиёж борлигини ҳис қилмадим. Тўғри, мутахассисларнинг эътирофи, мақтовини эшитдик. Ёпилганда ҳам зиёлилар, соҳа мутахассислари ачинишди. Бироқ масъул идорами ёки ҳукумат вакиллари келиб: «Нега бу журнал ёпилди? Ёпилмаслиги ҳам мумкинмиди?» деб қизиқиб ҳам кўрмади ҳатто. Журнал қайсидир шаклда фаолиятини давом эттиради, насиб бўлса.

— «Академнашр» китобларга иллюстрация қўллаш бобида ҳам тажриба мактаби, ҳам пешқадамлар орасида бугун. Шундай эмасми?

— Иллюстрация — болалар китобининг таркибий қисми. Китоб безакларига олдинлари талабларим бор эди: миллий, шарқона ва мусулмонга хос бўлсин деб. Аждарларга дўппи кийдирганмиз, салла ўратганмиз бир пайтлар. Қаҳрамон қиёфасидан эзгулик уфуриб турсин дердим қатъий. Ўша пайтда буни болалар учун жуда муҳим деб санардим. Болага ижобий тасаввурлар бериш, дунёни ёрқин ва яхши рангларда кўрсатиш керак деб ўйлардим. Китобларни кузатиш асноси (очиғини айтай, мени ҳайратлантирадиган, таъсирлантирадиган ноширлик мактаби — бу Германияники) немис ноширлигида ўзига хос суратлар билан безатиш юқорироқ тураркан. Сабабини тушуниб етдим. Ҳамма қаҳрамонларнинг ижобий бўлиши — бу ўртача дид, ўртача дунёқарашни тарбиялаш учун муҳим. Лекин мутаносиблик бузилган қаҳрамонларни қабул қилиш учун шахс бўлишингиз керак. Индивидуаллигингизни тўйинтиради булар. Болаларимизни шахс қилиб тарбиялашга кўпроқ эҳтиёжмандмиз.

— Суҳбатни болалар нашрларидан бошладик. Келинг, энди китобхонлик масаласи билан тугатсак. Ўқимай қўйдик, дегандан кейин алоҳида танлов ўйлаб топдик. Болаларга улов ваъда қилиб, китоб ўқиттиряпмиз. Майли, бу ҳам ўзини оқлар қайсидир нуқтада. Лекин чинакам китобхонлик ҳеч бир тамасиз, манфаатларни қориштирмаган ҳолда бўлгани яхши. Биз қачон ҳақиқий китобхон авлодни кўришимиз ёки тарбиялашимиз мумкин?

— Болага китобни бир марта ўқитиб кўриш керак, деб ҳисоблайман. Ҳозир Кореяда яшайдиган Динара Мўминова билан «3+ китоблар» устида ишлаяпмиз. 3 яшар бола ота-онаси билан ўқийдиган асарларни жамлаяпмиз. Бундан мақсад, бола ўқиш лаззатини ҳис этсин. Бўлди, кейин ўзи эргашиб кетаверади. Бу худди қаҳва ичилгандаги ҳисга ўхшайди. Биринчи ичганда аччиқ таъмни туясиз, кейин мазаси, шираси чиқади. Китоб ҳам худди шундай, деб биламан.

Ранг-баранг маълумотлар билан китобнинг ўрнини босиб бўлмайди. Бугунги технологик дунё нимани тавсия этаётган бўлса, китоб орқали бунинг минг чандон нусхаси миянгизда айланади. Бизда одамни ҳис қилиш, тушуниш камёб ҳодиса. Буни тарбиялайдиган восита — китоб.

Боланг қандай бўлишини хоҳласанг, ўзингни ўша суратда яшаб кўрсат. Охирги пайтлар кўп такрорланди: «Болангизни тарбиялашга уринманг. У барибир сизга ўхшайди» деган гаплар. Бир куни укам телефон қилди. Ишдан чарчаб келсам ҳам, олдимга китоб очиб, мудрайман. Мени кўриб болаларим ҳам китобга ёпишади, дейди.

Тахминимча, 10 та китоб ўқиган одам ўн биринчисини ҳам ўқийди. Тўхташ керак бўлганда, китобхонлик энг аввал Ғарбда тўхтаган бўларди. Кино, мусиқа ва бошқаларга ўтиб кетиларди. Аксинча-ку!